Сиртқи бўлимга 11765 талаба қабул қилинади
Юртимиздаги йигирма иккита олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган бўлиб, бу йил уларнинг қабул квотаси 11 765 ўриндан иборат. Айни пайтда мазкур ўринларга соҳада фаолият олиб бораётган ўрта махсус маълумотга эга мутахассислардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Айниқса, олий маълумотли бўлишни истаган мураббий ва педагоглар учун имкониятлар янада кенгайди.
— Университетимизнинг махсус сиртқи бўлимига янги ўқув йили учун 810 ўрин ажратилган бўлиб, 630 нафар талаба ўзбек ва 180 нафар талаба рус тилида тўлов-контракт асосида таҳсил олиши назарда тутилган, — дейди Низомий номидаги ТДПУ қабул комиссияси маслаҳатчиси Лочин Зарипов. — Махсус сиртқи бўлим “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси”, “Педагогика ва психология”, “Мусиқа таълими”, “Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш”, “Мактабгача таълим”, “Дефектология”, “Жисмоний маданият”, “Меҳнат таълими” бакалавриат таълим йўналишларида мавжуд. Ўтган йили талабаликка қабул қилишда иш стажи ва дипломидаги баҳолар иловаси асос бўлиб хизмат қилган бўлса, бу йил абитуриентлар тест синовлари орқали саралаб олинади. Қабул комиссиясига топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар тартибига деярли ўзгартиришлар киритилмаган, яъни уч йиллик иш стажи ва фаолият юритаётган муассасасидан тавсиянома ҳам талаб этилади.
Тошкент давлат аграр университетида ҳам бу йил илк бора “Ипакчилик ва тутчилик” бакалавриат таълим йўналиши бўйича махсус сиртқи таълим бўлими ташкил этилиб, 25 нафар талаба контракт-тўлов асосида ўқийди.
— Мамлакатимизда ипакчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, — дейди университет қабул комиссиясининг махсус сиртқи бўлими қабули бўйича масъули Тўйчи Хушвақтов. — Абитуриентлар “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг тавсияномасига эга бўлиши лозим. Университет ва унинг филиалларида бу таълим йўналишида мутахассислар тайёрлаш учун барча имконият, моддий-техник база мавжуд. Бўлажак талабаларга соҳани ривожлантиришнинг илмий-амалий жиҳатларини яхши билган, катта тажрибага эга профессор-ўқитувчилар сабоқ беради.
Хўш, бу каби тавсиянома кимларга берилади?
— Ипакчилик саноатида меҳнат қилаётган мутахассислар билими, маълумот даражаси ўрганилганда, уларнинг йигирма беш фоизига олий маълумот бериш зарурати аён бўлди, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси кадрлар, ўқув юртлари ва илмий муассасалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Абдулазизов. — Кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш учун, аввало, ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларида фаолият юритаётган камида уч йиллик иш стажига эга, соҳага дахлдор корхоналарда турдош касбларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассисларга тавсияномалар бериляпти. Кириш имтиҳонлари тест синовлари асосида бўлиб ўтади.
Айни кунларда Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида ҳам махсус сиртқи бўлимга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмоқда.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири