Қўшимча қабул
Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига қабул жараёни ҳали ўз ниҳоясига етгани йўқ. Август ойидаги тест синовларида талабалик бахтига эришолмаган абитуриентлар яна бир бор ўз билимини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлмоқда. Гап шундаки, қамровни ошириш, халқаро талаблар асосида мутахассислар тайёрлаш мақсадида қатор ўқув юртларида илғор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма факультетлар, қўшма ўқув дастурлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ҳозиргача тўққизта олий ўқув муассасасида ана шундай қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича қўшимча қабул квоталари белгиланди.
500 нафар абитуриент қўшимча квота берилган Тошкент давлат стоматология институтидаги янги йўналишлар ҳақида батафсилроқ маълумот олиш, ҳужжат топшириш истагини билдирган.
— Москва давлат тиббиёт стоматология университети билан ҳамкорликда очилган қўшма дастурга 30 нафар талаба қабул қилиниши кўзда тутилмоқда, — дейди қабул комиссияси масъул котиби Беҳзод Ёрмуҳаммедов. — Абитуриентлар биология, кимё, рус тили ва адабиёти фанларидан имтиҳон топширади. Улар уч йил Ўзбекистонда, икки йил Россияда таҳсил олиши белгиланмоқда. Талабаларга МДҲ ҳудудида тан олинувчи диплом берилади, яъни уни Ўзбекистонда нострификация қилишга зарурат йўқ. Иккинчи янги йўналиш Италиянинг Турин политехника университети билан ҳамкорликдаги биотиббиёт муҳандислиги бўлиб, унга ҳам 30 нафар талаба қабул қилинади. Бу йўналишда ўқишни истаганлар физика, математика, инглиз тилидан синовдан ўтади. Талабалар ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар асосида икки йил ўзимизда, уч йил Италияда таҳсил олиши режалаштирилган. Битирувчилар нуқсони бор беморларга турли имплантант ўрнатиш, сунъий аъзолар — протезлар яратиш билан шуғулланади. Тўлов-контракт суммаси 24 млн сўм. Хорижда таҳсил олиш жараёнида тўлов-контракт нархини хорижий олий таълим муассасаси белгилайди.
Тошкент давлат техника университетида ҳам Беларусь давлат технологиялар университети билан биотехнология(тармоқлар бўйича), технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, информатика ва ахборот технология¬лари, Кузбасс давлат техника университети(Россия)билан кончилик иши, маркшейдерлик иши йўналишларига берилган 75 ўрин учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Шунингдек, Андижон машинасозлик инс¬титути, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Миллий рассомлик ва дизайн институти, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида мана шундай қўшма дастурлар асосидаги янги йўналишларга ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун ўқиш 2 октябрдан бошланади. Кириш имтиҳонлари натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Санобар ЖУМАНОВА