Тестологияни ривожлантириш — давр талаби
Газетанинг шу йил 12 сентябрь сонида чоп этилган “Мамлакатимиз тест тизими тестология талабларига мос келмайди(ми?)” мақоласини ўқиб, кўтарилган долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришни жоиз топдим.
Тестология (баҳолаш назарияси ёки педагогик ўлчовлар) алоҳида фан сифатида эътироф этилиб, қатор хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида мустақил йўналиш сифатида ўқитилади. Мақолада таъкидланганидек, Давлат тест маркази йигирма йилдан ортиқ фаолият юритаётганига қарамай, тестология бўйича ҳеч қандай илмий тадқиқотлар олиб борилмади, соҳа бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилмади. Ундан ташқари, ДТМга мутахассис-экспертлар қандай мезонлар асосида ишга қабул қилиниши ҳам кўпчиликка аён эмас. Масалан, физика ёки математика фанидан экспертнинг тестология бўйича қандай билимга эга экани ишга киришда ҳисобга олинганми ёки йўқ, бу ҳам номаълум. Тестларда умумтаълим фанлари бўйича давлат таълим стандартларида учрамайдиган саволларга дуч келинаётгани балки шундандир.
Давлат тест маркази бирон марта тестлар муҳокамаси юзасидан илмий-услубий конференция ёки семинар ўтказганини билмайман. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 февралдаги “Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида тест синовлари ўтказишнинг ташкилий принциплари, структурасига алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли, албатта. Лекин тест тузиш технологияси, уни тузишнинг жаҳонда тан олинган услубларидан фойдаланиш хусусида ҳали анчагина ишлар қилиниши зарур.
Мақолада қайд этилганидек, тестнинг ишончлилигини аниқламасдан туриб, кўр-кўрона оммавий равишда қўллаш мумкин эмас. Бундан ташқари, абитуриентлар тестология ҳақида маълумотга эгами? Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасаларида тестология ҳақида тушунча бериляптими? Булар хусусида ҳам мушоҳада юритиш зарур.
Мазкур ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юрт¬ларидаги айрим мутахассисликлар бўйича талабаларни қабул қилишда ижодий имтиҳонлар ўтказиш амалиёти жорий этилди. Бизнинг¬ча, бундай синов тури барча мутахассисликлар учун ҳам керак. Масалан, физика факультетига кириш учун дастлаб абитуриентдан лаборатория қурилмаларини билиш, ўзи ясаган асбоб-ускуналарни намо¬йиш этиш шарти талаб этилса, бу усул ҳам самара беради. Мамлакатимизда ўқувчилар томонидан жуда кўп қурилмалар, ҳатто роботлар, электромобиллар ва бошқа техника воситаларининг инновацион ишланмалари лойиҳалаштирилаётгани тез-тез қулоққа чалинади. Уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш, ёшларни рағбатлантириш маъносида олий ўқув юртларига тест синовларисиз қабул қилишни жорий этиш зарур.
Физикани чуқур ўрганишнинг бирдан-бир шарти математикани билишдан ташқари, ижодий малака ва кўникмаларга ҳам эга бўлишдир. Бундан 150 йил олдин маш¬ҳур физик К.Максвелл Лондон тритил коллежида сўзлаган нутқида физикани китобдан ўрганиш мумкин эмаслигини, физика қонунлари тажрибадан келиб чиққанини айтган эди. Бу фикр¬ларни тест орқали аниқлаш қийин, уларни фақат намойиш қилиш мумкин. Фотоэффект ҳодисасини олайлик, бу ҳодисани тушунтирадиган Эйнштейн тенгламасини ёзишнинг тўғри ёки нотўғри эканини билгани билан, унинг физик моҳиятини тушунмаса ёки амалиётда қўлланилишини, шу қонун асосида ишлайдиган жиҳозларни кўз олдига келтира олмаса, бундай билим жамиятга қандай наф келтиради?
Кейинги вақтда тест топшириқлари билан билимни баҳолаш усули олий таълим тизими, малака ошириш марказлари тингловчиларига қўлланилмоқда. Ўқитувчиларни ҳам тестдан ўтказиш одатга айланди. Ўтган ўқув йилида Давлат тест маркази магистратурада ўқиётган ва унга дарс берадиган ўқитувчиларнинг билимини синовдан ўтказди. Жуда кўп ўқитувчилар ва талабалар тестдан ўтолмади. Чунки тестларнинг ишончлилик ва яроқлилик даражаси текширилмади. Ваҳоланки, предмет бўйича тузилган тест саволлари ДТСда келтирилган талабларга тўғри келмайди.
Жаҳон тажрибаси бўйича талаба ва ўқитувчиларнинг билим, малака, кўникма ва компетенциясини баҳолаш учун қуйидагиларни билиш талаб этилади: билим, тушуниш, амалиётда қўллай олиш, анализ, синтез, баҳолаш. Бу борада Қозоғистонда катта тажриба тўпланган. Ўқув мақсадларини аниқлайдиган марказ ташкил қилинди. Мазкур марказ Буюк Британиянинг Кембриж университети билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Ҳозир жуда кўп дарслик ва ўқув қўлланмалар диаграмма кўринишида ёзилмоқда. Масалан, машҳур физик, Нобель мукофоти лауреати Р.Фейнман “Квант электродинамика” китобини диаграмма кўринишида ёзган. Элементар заррачалар ўртасидаги ўзаро таъсирни тушунтириш учун Фейнман диаграмма методини қўллаб, кўзга кўринмайдиган ўзаро таъсир кучларини кўзга кўринадиган ҳолга келтирди.
Тест бўйича илғор мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш даркор. Масалан, АҚШнинг турли штатларида тест марказлари фаолият кўрсатади. Олий ўқув юртига киришни хоҳлаган абитуриент ўз билимини пулли асосда шу марказда синаб кўриши мумкин. Чунки ҳар бир олий ўқув юртига кириш учун белгиланган рейтинг бали ўрнатилган. Ҳозир Россияда тест технологияси бўйича шуғулланувчи бир неча марказ фаолият юритади. Улардан бири Педагогик ўлчашлар федерал илмий-тадқиқот институтидир. Россия 1991 йилдан бошлаб тест бўйича халқаро тадқиқотлар институти таркибига кирган. Марказда 50 дан ортиқ мамлакат вакиллари бор.
Хулоса ўрнида қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман. Тест синовларини икки бос¬қичда олиб бориш — биринчи босқичда абитуриентнинг танлаган мутахассислигига лаёқати, қизиқиши, психологик хусусиятларини аниқловчи суҳбат ва тест синовлари ўтказиш; иккинчи босқичда, абитуриентларни ўзи танлаган йўналиш бўйича билим, малака, кўникмаларини аниқловчи педагогик тест синовларига жалб этиш керак. Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг инновацион ишланмаларини, техник ижодкорлигини кашф этишга йўналтирилган танловлар ўтказиш ва ғолибларни олий таълим муассасаларига тест синовларисиз қабул қилиш амалиётини қўллаш; Давлат тест марказининг фаолиятини қайта кўриб чиқиб, унинг ҳузурида тестология илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш; бу даргоҳ тес¬тология фани назарияси, тест синовларини сифатли, ҳаққоний ўтказиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориши, хал¬қаро ва республика миқёсидаги илмий-услубий конференция ва анжуманлар ўтказишни йўлга қўйиши лозим.
Республикамизнинг етакчи университет ва педагогика инс¬титутларида “Тестология” бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрлаш, педагогик кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказларида ҳам “Тестология” курсини ташкил этиш, барча йўналишлар кесимида очиқ типдаги тестларни кириш синовларига татбиқ этиш вақти келди, деб ўйлайман.
Облоқул ҚУВОНДИҚОВ, Самарқанд давлат университети профессори