Зукко ва билимдон ёшлар
талабалик шоҳсупасига кўтарилишади
1 август куни мамлакатимиз олий таълим муассасаларида тест синовлари ўтказилди. Унда 605836 нафар абитуриент 57907 ўрин учун билимлар баҳсига киришди. Мухбирларимиз турли олий ўқув юртларида бўлиб, тест синовлари жараёнини кузатиб қайтишди.
Янги йўналишга талабгорлар кўп бўлди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қабул комиссиясига 12258 нафар абитуриентдан ариза тушди. Ўқув масканининг бакалавр таълим йўналишига 1390 нафар(шундан 472 нафари давлат гранти, 918 нафари тўлов-шартнома асосида) йигит-қиз ўқишга қабул қилиниши ҳисобга олинса, ўртача танлов коэффициенти бир ўринга 8,8 талабгорни ташкил этади. Олий таълим муассасаси қабул комиссияси масъул котиби Равшан Ҳакимовнинг таъкидлашича, ушбу йилда университетнинг тарих, фалсафа, информатика ва ахборот технологиялари(тармоқлар ва соҳалар бўйича), психология, биология(фаолият турлари бўйича), филология ва тилларни ўқитиш(ўзбек тили) йўналишларида ўқиш истагини билдирганлар ўтган йиллардагидан анча кўпайди. Янги йўналиш — экология ва атроф-муҳит муҳофазаси(тармоқлар ва соҳалар бўйича)га бир ўринга 11,5 та ариза топширилгани ёшлар ўртасида янгиликка қизиқиш ошганини билдиради.
Имтиҳонга киришга шайланаётган абитуриентлар билан суҳбатлашамиз.
— Бугун психология энг нуфузли касблардан бирига айланиб улгурди ва шу касб этагидан тутишни ният қилганман, — дейди шаҳрисабзлик Нав¬рўза Назарова. — Оила аъзоларимизнинг кўпчилиги шифокор, бир опам бу йил фармацевтика институтини тугатди. Улар ҳам тўғри йўлдан кетаётганим ва бу касб шифокорликка яқинлигини таъкидлаб, тест синовларидан муваффақиятли ўтишимга ишонч билдиришди.
Университетнинг геология йўналишида таълим олишни кўзлаётган олтинсойлик Фазлиддин Зайниев ҳам тест синовларига жиддий тайёргарлик кўрганини таъкидлайди.
— 2014-2015 йилларда Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтадим ва тавсияномага эга бўлдим, — дейди у. — Тавсиянома эгалари учун олий таълим муассасаларига киришда тўпланиши мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи, яъни 61,2 балл миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз мавжуд. Шундай бўлса-да, математика, физика фанидан ҳар куни пухта тайёрландим. Насиб этса, талабалик бахтига мушарраф бўламан ва келгусида аъло баҳоларга ўқийман.
Омаднинг калити — билим ва тафаккурда
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида ҳам таҳсил олишниният қилган ёшлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораяпти.
— Жорий йилда олий ўқув юртимиз бакалавриат йўналишига талаба бўлиш истагида ариза топширган ёшлар 17238 нафарни ташкил этди, — дейди қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Тўлқин Аннақулов. — Эътиборлиси, ёшларимиз ўртасида информатика ва ахборот технологиялари(11,7), автомобилсозлик ва тракторсозлик(10,6), нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси(10,9), корпоратив бошқарув(9,9) таълим йўналишларига қизиқиш кучайган. Университетда янги очилган энергоаудит ва саноат корхоналарнинг энергетик текшируви, кончилик электр механикаси, маркшейдерлик иши таълим йўналишларига ҳам талабгорлар кўпчиликни ташкил этди. Бу, албатта, юртимизда саноат тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, барча йўналишларда илғор технологияларни жорий этиш кўлами кенгаяётгани, умуман, янги технологияларга устувор аҳамият берилаётгани туфайлидир.
— Маркшейдерлик иши таълим йўналишини битирганлар конларни режага олиш ва улардан тўғри фойдаланиш бўйича мутахассис-инженер бўлиб етишади, — дейди нукуслик Расул Рейимбоев. — Ҳозирги кунда ҳисоб-китоб, чизма ишлари, график ҳужжатлар, ички назорат билан шуғулланадиган бу мутахассисликка талаб катта. Шу сабаб ҳамда ҳисоб-китоб, чизма ишларига қизиққаним боис ҳам айнан шу йўналишни танладим.
Ҳаққонийлик — асосий мезон
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олиш истагида бўлган абитуриентлар тест варақаларидаги ўзгаришлар, хусусан, жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамланишлардаги ўзига хосликлар ҳақида маълумотларга эга бўлиши жараёнида тушунмовчиликлар кузатилмади. Бу йил жавоблар варақасида фан номлари олиб ташланиб, саволларга жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланди. Яъни, учта фандан тест синови топширадиганларнинг биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача сонлар шаклида келтирилди. Булар жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамлар бир хиллигини таъминлаб, абитури¬ентларнинг тест материаллари билан ишлашини осонлаштирди, фан блокларини алмаштириб бўяш каби хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли камайди.
— Жорий йил институт қабул комиссиясига 7531 абитуриентдан ҳужжатлар келиб тушди, — дейди қабул комиссияси масъул котиби Тўлабой Мадраҳимов. — Бу эса ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи ўсиб бораётганидан далолат. Шунингдек, олий таълим муассасасида мавжуд 11та таълим йўналиши ичида филология ва тилларни ўқитиш: япон тили йўналишига талабгорлар кўп бўлиб, абитуриентлар нисбати бир ўринга 13,1ни ташкил этди. Таржима назарияси ва амалиёти(тиллар бўйича), хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналишидаги абитуриентлар сони ҳам мазкур ихтисосликларга талаб ва ёшларнинг қизиқишлари ортиб бораётганини кўрсатади.
— Абитуриентларнинг ҳеч бири бу таълим муассасасига адашиб ҳужжат топширмаган, — дейди ғиждувонлик Зокир Гадоев. — Уларнинг юзи-кўзига қараб, ота-оналари билан суҳбатлашиб амин бўлдимки, барча ўғил-қизлар катта тайёргарлик билан келган. БухДУ қошидаги 2-академик лицейни жорий йилда аъло баҳолар билан тугатган ўғлим Достон Гадоев ҳам инглиз тилини пухта билади, чет тилидаги адабиётларни бемалол мутолаа қилади. У хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналишига ҳужжат топширди. Йиллаб қилинган изланиш ва меҳнат ўз ширин мевасини беради. Энг билимли ёшларгина тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига мушарраф бўлишади.
Аввалдан «тўн бичиш»га эрта
Сергели туманидаги 284, 301-умумтаълим мактабларига «оқиб» келаётган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг чет тиллар факультети талабалигига даъвогар абитуриентлар ҳаяжонда. Уларга ҳамроҳлик қилиб келган ота-она, опа-ака, ука-сингиллар ҳам гўёки тест синовидан ўтадигандек ташвишли кўринади.
— Қаранг, абитуриентнинг кўплигини, одамлар чет тилини билиш замон талаби эканини тушуниб қолди-да. Эшитдингизми, инглиз тили йўналишига қабул ўрни 200, тушган аризалар эса 1917та экан, — дейди Қашқадарёнинг Қамаши туманидан келган онахонлардан бири.
Фарзандининг ёруғ юз билан чиқишини кутаётган инсон учун гўёки вақт имиллаб ўтади. Бекобод туманидаги 45-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Нодира Муҳаммедова қизи Зуҳрани қўллаб-қувватлаш учун келган.
— Ўтган йили қизим Бекобод педагогика касб-ҳунар коллежини битириб, худди шу йўналишда 168,7 балл тўплаб, киролмаган эди. Бу йил сира иккиланмасдан яна инглиз тили йўналишини танлади. Қаршилик қилолмадим. Ёшлар ўз касбини ўзи танлаши керак, омадини берсин.
Сергели туманидаги 300-ИДУМ ахборот-ресурс маркази методисти Воҳида Қодирова ҳам барча ота-оналар қатори безовта. Учтепа академик лицейини бу йил тамомлаган жияни Моҳина Файзиева илк бор абитуриентлик ҳаяжонини бошдан кечираётганига у ҳам бефарқ эмас.
— Моҳина «Фирдавс фан» ўқув марказида бир йил инглиз тили, она тили ва адабиёт, тарих фанларидан мунтазам шуғулланди. Аввалги йилларда хусусий репетитор ёллаган. Менимча, натижаси кўнгилдагидек бўлади, — дейди Воҳида Қодирова.
Талабалик остонасида
Бу йил Тошкент давлат шарқшунослик институтига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 2838 нафарни ташкил этди. Шарқ фалсафаси ва маданияти йўналишига танлов ўзбек гуруҳида бир ўринга 14,6 кишидан иборат бўлса, бошқа йўналишларига нисбатан энг паст танлов хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик: Хитой таълим йўналишига бир ўринга 4,5 талабгор тўғри келди.
— Бугун бир эмас, икки ўғлим олий таълим муассасасига ариза топширди, — дейди андижонлик Махфират Қурбонова. — Бири Тошкент давлат аграр университетида имтиҳонда бўлса, кичиги мазкур институтнинг филология ва тилларни ўқитиш (корейс тили) йўналишида тест синовидан ўтаяпти. Ҳозир «Ниятинг йўлдошинг бўлсин!» дея омад тилаб ўтирибман.
Аудиторияларда эса энг қизғин жараён кечди — ёшлар мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларда олган бор билим ва салоҳиятини сафарбар этиб тестларнинг тўғри жавобларини топишга астойдил ҳаракат қилдилар.
Тест синовлари барча биноларда меъёрий талабларга амал қилинган ҳолда ўтказилди. Синовдан чиқаётган абитуриентлар билан суҳбатимиз ҳам буни яна бир бор тасдиқлади.
“Ота-онам, устозларим ишончини оқлайман!”
Биринчи август — тест синовлари куни Қарши давлат университети атрофи ҳам одамлар билан гавжум бўлди. Абитуриентлар нигоҳида ишонч, қатъият, шу билан бирга, бироз ҳаяжон ва хавотир намоён. Кимнингдир отаси, кимнингдир онаси фарзандига далда бермоқда.
— Университетимизда ўқиш истагини билдирган 21833 нафар абитуриентдан ариза қабул қилинди, — дейди қабул комиссияси раиси ўринбосари ўаффор Бобоназаров. — Тест синовлари 36та бино, 682та аудиторияда ўтказилди. Қабул квотаси бўйича бу йил 31 йўналишда 1280 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинади. Университетнинг педагогика-психология, хорижий тил ва адабиёти(инглиз тили), биология, тарих, ўзбек филологияси факультетларига нисбатан кўп ҳужжатлар келиб тушди. Ушбу йўналишлар бўйича бир ўринга 20 нафардан абитуриент тўғри келди.
Соат миллари 12.00ни кўрсата бошлаганда тест синовларини топширган абитуриентлар бирин-кетин чиқиб кела бошлашди. Улар чеҳрасида ҳорғинлик эмас, аксинча кўтаринки кайфият балқиб турарди.
— Ҳаяжонли дақиқалар ортда қолди, — дейди ўзбек филологияси йўналишига ҳужжат топширган деҳқонободлик абитуриент қиз Дилрабо Тошева. — Тест саволларини ечишда унчалик қийналмадим. Сабаби, имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўргандим. Бироқ ҳаммасини вақт кўрсатади.
Дилрабо сингари вақт олий ҳакамлигига ишониб чиқаётган абитуриентлар улкан бир довондан ошиб ўтишди. Энди улар орзиқиб кун санайди ва эгаллаган билимларининг натижасини кутади. Биз эса уларнинг барча-барчасига омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Санобар ЖУМАНОВА,
Аброрбек УМАРҚУЛОВ,
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
«Ma’rifat» мухбирлари