Ижодий имтиҳон ўзини оқлади(ми?)
Президентимизнинг шу йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори олий таълим сифати ва самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни изчил ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарорда ОТМлардаги тест синовлари ёшларнинг интеллектуал қобилиятларини тўла намойиш қилиш имкониятини бермаётгани алоҳида таъкидланган.
Шу ўринда баъзи таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган ижодий имтиҳонларни ташкил қилиш ва баҳолаш юзасидан ҳам абитуриентлар, ота-оналарнинг ҳақли эътирозларини айтиш жоиз. Албатта, бу йилги тест синовларининг янги шакл ва муддатларда катта масъулият билан ўтказилиши таълим соҳасидаги салмоқли ислоҳотлардан бўлди.
2018-2019 ўқув йилидан бошлаб архитектура ва санъат, мусиқа, рассомлик, тасвирий санъат, жисмоний маданият каби таълим йўналишларига қабул ижодий имтиҳон орқали амалга оширилди. Абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этадиган таълим йўналишлари бўйича тест синовларининг бекор қилиниши кўпчилик томонидан маъқулланди. Аммо ушбу синов тури педагог тайёрлашга мўлжалланган таълим йўналишларига қабулнинг ягона ва бош мезони бўлаоладими?
Масалан, Самарқанд давлат университетида 2018-2019 ўқув йили учун мусиқий таълим, жисмоний маданият ва спорт, тасвирий санъат каби таълим йўналишларига талабалар ижодий имтиҳон асосида саралаб олинди. Имтиҳон топшириқлари умумий ўрта (11-синф негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар (шу жумладан, маданият, санъат, мусиқа, спорт ва жисмоний тарбияга ихтисослаштирилган) муассасалари ўқув дастури асосида тузилди.
Махсус шифрлаш орқали абитуриентларнинг амалий имтиҳон натижалари баҳоланади. Жараёнда маълум бўлдики, санъаткор бўламан деган кишини қобилиятига қараб танлаб олса бўлади. Лекин эртага таълим муассасасида ўқитувчи-мутахассис бўлиб ишлайдиганларни фақат ижодий имтиҳон натижасига қараб танлаш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки у мусиқа ўқитувчиси бўладими ёки жисмоний маданият ўқитувчисими, энг аввало, зиё тарқатувчи сифатида ўқиш, ёзиш, нутқ санъатига эга бўлиши ҳам керак. Шу сабабли мусиқий таълим, жисмоний маданият, тасвирий санъат каби педагогик таълим йўналишларига қабулда ижодий имтиҳонлар билан бирга тест синовларини ўтказиш тўғри бўлади.
Ижтимоий иш таълим йўналишига ижодий имтиҳоннинг киритилишидан мақсад тушунарли эмас. Фикримизча, ушбу таълим йўналишига қабул учун тест синовлари ўтказса бўлади.
Ҳаким ХУШВАҚТОВ, Самарқанд давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори