Уқувсиз мутахассис — амалиётсиз назария меваси
Ботир университетни тамомлаганидан сўнг ўз мутахассислиги бўйича ишга кириш учун заводга борди. Кадрлар бўйича мутахассис бўш иш ўрни йўқлигини айтди. Шундан кейин у хусусий корхона эшигини “тақиллатди”. Бошлиқ у билан суҳбатлашиб, цехга бошлаб бориб, ундан замонавий ускунани ишлатиб беришни сўради. Ботирнинг кўз олдидан бу техниканинг дарсликдаги расми ва университет амалиёт хонасидаги эскириб, чанг босиб кетган ускуналар ўтди. Ишлатиш у ёқда турсин, ҳатто ушлаб ҳам кўрмаган бундай техникани тажрибасиз ёш кадрга топширишни ким ҳам истайди. Хуллас, бу сафар ҳам иши унмади. Ботир 5-6 та завод ва корхонага иш излаб борди: кимдир бўш иш ўрни йўқлигини айтса, бошқаси чет элдан келган технологияларни ишлата олмаслигини юзига соларди. Охири, иш тополмаган йигит чет элга отланди...
Афсуски, бу каби ҳолатлар олий таълим муассасасини тугатган кўплаб ёшлар ҳаётида рўй беради. Сабаби ҳаммага аён: аввало, бўш иш ўринларининг камлиги, қолаверса, ўқишни тамомлаётган йигит-қизларнинг мутахассислиги бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлмаётганидир.
Мамлакатимизда сўнгги пайтларда олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълимни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Янги олий таълим муассасалари очилиб, талабаликка қабул қилишнинг шаффоф тизими жорий этилди. Биргина шу йилнинг ўзида олий таълим муассасаларига умумий қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ошди. Кейинги йили бу кўрсаткич янада оширилиши режалаштирилган. Талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнини квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Ана шундай жараёнда битирувчиларни иш билан таъминлаш энг муҳим масалага айланади.
Шу йилнинг 29 октябрь куни олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари берган топшириқларни амалга ошириш мақсадида Президент Админстрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан олий таълим муассасаларидаги таълим сифатини комплекс ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Ишчи гуруҳ Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетидаги таълим сифатини ҳам ўрганди.
— Олий таълим муассасаларидаги учрашувлардан кўзланган мақсад уларни танқид қилиб, чора кўриш эмас, балки аниқланган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиб, таълим сифатини янги бос¬қичга кўтаришдир, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг бош бошқарма бошлиғи, кичик ишчи гуруҳ раҳбари Аслиддин Одилов. — Олий таълим муассасаларига бориб, таълим жараёни билан яқиндан танишиб амин бўлдикки, уларда салоҳият катта, бироқ ундан қандай фойдаланишни билмаяпти. Олий таълим муассасалари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтиши пайти келди. Технопарклар ва ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш нафақат пул топиш манбаи, балки талабалар учун амалиётлар ташкил этиш, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнида қатнашиши ҳамда ишга жойлашишига замин яратади. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма факультет ва йўналишлар очиш зарур. Иқтидорли ёшларни аниқлаш механизмини ишлаб чиқиб, уларни институтга жалб қилиш керак. Талабаларга тадбиркорлик сирларини ўргатиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш кун талабига айланди.
Иш берувчилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш мақсадида Тошкент давлат техника университетига турли корхона ва завод мутахассислари таклиф этилди. “Ўзбекистон темир йўллари” ДАКга қарашли “Қуюв механика заводи” шўъба корхонаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Совпластитал” МЧЖ, “Ўзбеккўмир”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзкимёсаноат”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзавтосаноат”, “Навоий тоғ-кон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятлари, “Артел” корхонаси ва бошқа ташкилот ходимлари университет педагоглари билан ўқиш ва амалиёт жараёнидаги муаммо ва камчиликлар юзасидан фикр алмашди.
— Марказий Осиёда ягона бўлган заводимизда бугунги кунда 1300 нафар ходим ишлайди, — дейди “Қуюв механика заводи” шўъба корхонаси кадрлар бўлими мутахассиси Мақсудбек Абдуллаев. — Изланувчан, шижоатли ёш кадрларга доим иш топилади. Бугун университетнинг механика факультети “Қуймакорлик техникаси” кафедраси ўқитувчилари билан суҳбатлашдик, таклифларимизни бердик. Жумладан, ўқув дастурига “Қуймакорлик технологиялари жараёнларини математик моделлаштириш” фанини киритиш керак. Айни пайтда ўтилаётган “Қуймакорлик назарияси” дарсига қўшимча “Қуймакорлик жиҳозларини ишлатиш” фани ҳам ўқитилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Йўналиш бўйича ажратилган 25 та квотани 50 тага кўпайтириш лозим. Рус ва инглиз тилларида чоп этилган, соҳага оид кўплаб кўлланмалар мавжуд. Уларни ўзбек тилига таржима қилиб, дарс жараёнида фойдаланилса, талабалар бундан мамнун бўлади. Дарсларда АКТни кенг қўллаш даркор. Чунки қуюв цехи ёки бошқа завод ва корхоналардаги техникалар автоматлаштирилган, ходим бошқарув пульти билан ишлайди. Энг асосийси, кафедра лабораториясидаги эски жиҳозларни замонавий техникаларга алмаштириш керак. Эскирган ускуналарни талабаларга ўргатишдан маъно йўқ. Учрашувда корхонамизда “Қуймакорлик технологиялари” кафедрасининг филиалини очишга келишиб олдик. Келишувга кўра, жума ва шанба кунлари ихтисослик фанларидан амалиёт машғулотлари корхонамизда ташкил этилади. Бу саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ортиқча қийинчиликсиз ишга киришига имкон яратади.
Университетнинг муҳандислик технологиялари факультети ўқитувчилари “Ўзстандарт” агентлиги, “Сов¬пластитал” МЧЖ, “Ўзавтосаноат” ва “Артел” корхонаси мутахассислари билан учрашиб, талабаларнинг амалиёт машғулотларини корхоналарнинг ўзида ташкил этиш, уларни иш балан таъминлаш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда “Саноат дизайни” кафедраси ўқитувчиси Беҳзод ўоипов шундай деди:
— Олий таълим муассасаларининг нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни қўл қовуштирганча бефарқ кузатишимиз нотўғри. Бундай жараёнда, аввало, биз, педагоглар фаоллик кўрсатишимиз керак. Корхона вакиллари билан ажойиб келишувларга эришдик. Улар талабаларимизнинг ижод намуналарини кўрди, баҳо берди, яна қандай ишлар қилиш мумкинлигини айтди. Айниқса, 4-курс талабаси Малика Ўринбоеванинг янгича дизайндаги мебель ва сантехника мосламалари, 3-курс талабаси Феруз Ризаевнинг ишлашга қулай ва хавфсиз дазмол макети, 4-курс талабаси Дурдона Муродованинг бежирим соатлар чизмаси корхона мутахассисларида катта таассурот қолдирди. Лицензия олиб, янгича дизайндаги бундай ускуналарни ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди. Энг муҳими, келишувга кўра, келгусида талабаларимиз корхоналарга бориб, ишлаб чиқариш жараёнини кузатиш имконига эга бўлди.
Ишлаб чиқариш корхоналари билан аввал ҳам ҳамкорлик қилинган. Бироқ келишувлар номига бўлган, корхонадаги амалиёт дарслари экскурсия тарзида ташкил этилган, холос. Айни пайтдаги ҳамкорлик келишувлари эса ҳукумат даражасида назоратга олинган. Чора-тадбирлар ижроси, ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш ҳолати бўйича аниқ ҳисоб сўралади. Бундай тадбирларни юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида ташкил этиш, муаммо ва камчиликларни яширмасдан юзага чиқариш ва уларни бартараф этиш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш зарур. Ана шунда ёшларимиз ишга жойлашишда қийналмайди.
Ҳасан МЎМИНОВ