Кадрлар тақчиллиги барҳам топади
Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим ва тиббиёт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ташкил этилди, қабул квотаси оширилди, педагог ва шифокорлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро давлат тиббиёт институтига қашқадарёлик 50 нафар абитуриент қўшимча равишда ўқишга қабул қилинди.
— 50 нафар абитуриентнинг 25 нафари давлат гранти ва яна шунчаси тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинди, — дейди Бухоро давлат тиббиёт институти қабул комиссияси масъул котиби Садриддин Пўлатов. — Улар 2018-2019 ўқув йилида республика тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш иши ва педиатрия иши таълим йўналишлари бўйича ўқишга кира олмаган, тест синовларида 56,7 балдан кам бўлмаган натижага эришган, Қашқадарё вилоятида доимий яшовчи абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлиги асосида саралаб олинди.
Имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинган йигит-қизлар бакалавриат таълим йўналишини тугатгач, Қашқадарё вилоятидаги кадрлар етишмаётган туманларда беш йил ишлаб беради.
Мубораклик Искандар Эрмўминов бу йил тест синовида 151,7 балл тўплаб, Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киролмаганди. Илм олишдан умидини узмаган Искандарга шу йилнинг ўзида талабалик бахти насиб қилди.
— Ўқишга киролмаганимдан сўнг бир неча кун тушкун юрдим. Яқинларим руҳимни туширмасликка, янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга ундади. Шундан сўнг тайёргарликни яна давом эттирдим. Президентимизнинг қашқадарёлик 50 нафар абитуриентни қўшимча равишда ўқишга қабул қилиш ҳақидаги топшириғини эшитиб, менда ҳам умид уйғонди. Бухоро давлат тиббиёт институтига грант асосида ўқишга қабул қилинишим оиламизга катта шодлик туҳфа этди. Астойдил ўқиб-ўрганиб, келгусида аҳоли саломатлигини сақлаш учун юртимга муносиб хизмат қиламан.
Давлатимиз раҳбари шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини олий маълумотли тиббий ва педагогик кадрлар билан таъминлаш, хусусан, бу йил 25 нафар йигит-қизни тиббиёт ва яна шунча ёшни педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилиш бўйича кўрсатма берди.
— Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинадиган 50 нафар йигит-қиз бу йил педагогика ва тиббиёт йўналиши бўйича ўқишга киролмаган қорақалпоғистонлик ёшлар орасидан сараланади. Ҳозир уларни саралаш ишлари давом этяпти, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фар¬ҳод Бабашев. — Олий таълим муассасасига имтиёзли равишда қабул қилинган бу талабалар ўқишни тамомлаганидан сўнг Мўйноқ туманига бориб, ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритади.
Мўйноқдан ташқари бошқа туманларда ҳам педагогларга эҳтиёж бор. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги бўлим методисти Рапиддин Тангирбергановнинг айтишича, бугунги кунда республикада 706 та умумтаълим мактаби мавжуд. Уларда 328 минг 869 нафар педагог фаолият юритяпти. Айни пайтда ўқувчилар таълим-тарбияси учун 106 нафар педагог етишмайди. Хусусан, Мўйноқ ва Шуманайда 9, Нукус ва Берунийда 13 ҳамда Тўрткўл туманида 31 нафар муаллимга эҳтиёж бор. Шунингдек, тиббиёт соҳасида ҳам кадрлар тақчиллиги юқори.
— Республикада 38 та шифохона, 9 та шаҳар оилавий ва 66 та қишлоқ оилавий поликлиника, 36 та қишлоқ врачлик пунктида 4224 нафар олий маълумотли, 16933 нафар ўрта махсус маълумотга эга ходимлар фаолият юритмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи Акмарал Тожмуратова. — Тиббиёт кадрлари Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали ҳамда 6 та тиббиёт коллежида тайёрланади. 2017-2018 ўқув йилида Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалини 5 йўналиш бўйича 240 нафарга яқин мутахассис тамомлади. Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида оладиган бўлсак, бу кўрсаткич кам, албатта. Ҳозирги пайтда 170 нафар тиббиёт ходимига эҳтиёж бор. Қўшимча квоталар берилиши, тиббиёт йўналишида янги йўналишларнинг ташкил этилиши кадрларга эҳтиёжни босқичма-босқич ҳал этади.
Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари яна 3 тага кўпайди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Навоий давлат кончилик институти ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали ташкил этилди. Олий таълимга қамровнинг ошиши қорақалпоғистонлик ёшларни беҳад қувонтирди. 2019-2020 ўқув йилида ушбу филиалларга 50 нафардан талаба қабул қилинади.
— Уй ҳайвонларини яхши кўраман. Туманимизда мол боқишга шароит бор. Мактабни тамомлаганимдан сўнг катта ферма ташкил этиб, қорамол парваришлашни ният қилганман, — дейди Тахиатош туманидаги 16-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Оғабек Калбаев. — Яқинда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали очилганини эшитиб, хурсанд бўлдим, мақсадим янада қатъийлашди. Ветеринария соҳасида олий маълумотга эга бўлиш учун астойдил ўқиб-ўрганаман.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири