Бетакрор Ватанга хизмат қилиш — юксак шараф
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида биринчи босқич курсантларининг тантанали ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтди. Ватанга содиқлик онти муқаддас сафда турган ҳар бир йигит-қизнинг Ватан ва халқ олдидаги масъулиятини яна бир карра оширди. Халқимизга таянч бўлишни мақсад қилган ёшлар фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, юртимиз тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашга бел боғладилар.
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида бўлиб ўтган маросимда Мудофаа вазирлиги, «Камолот» ЁИҲ, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
— Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида туғилганман, — дейди билим юрти 1-курс курсанти Санжар Сафаров. — Ёшлигимдан ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилардим. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида касбий маҳоратимни ошириб, келгусида жонажон Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга бор куч ва маҳоратимни сарфлайман.
Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган хоразмлик Файзулла бобо Жумабоев набирасининг сафда қаддини баланд тутиб, она Ватан мудофаасига шай туришдек шарафли вазифага киришаётганини кўргач кўзига қувончдан ёш олди.
— Набирам Ғанишер Файзуллаевнинг қасамёд қабул қилиш маросимига келдик, — дейди бобо. — Набирамнинг шундай шарафли касбни танлаганидан хурсандман. Ишончим комил, набирам ва унинг сафдошлари юртимизнинг муносиб ҳимоячилари бўлиб етишади.
Тадбирда билим юрти курсантлари, «Ватанпарвар» маҳалласида жойлашган 13-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан истиқлол йилларида туғилиб вояга етаётган ёшларимизнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиб, ҳаётини ҳарбий соҳа билан чамбарчас боғлаётгани, тинчлигимизни асраш учун доимо шай эканлиги таъкидланди.
Маросимга ташриф буюрган ота-оналар билим юртида фарзандларининг ўқиб-ўрганиши, жанговар тайёргарлигини ошириши учун барча шароитлар яратилганидан мамнун бўлишди
.
Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” монументи ёнида Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети нинг биринчи босқич курсантлари ҳарбий қасамёд қабул қилди.
Мудофаа вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этган мазкур маросимда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ўзининг юксак самарасини бераётгани, ҳарбий қисм ва муассасаларда ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилгани таъкидланди.
Шу куни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ва Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантларининг ҳам ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
* * *
Ички ишлар вазирлиги академиясида биринчи курс тингловчи-курсантларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
— Шундай қутлуғ кунда ўғлим Акбар Оқназаров қасамёд қабул қилди, — дейди Сайёра Тўраева. — Отасига ҳавас қилиб ҳар иккала ўғлим ҳам ички ишлар соҳасини танлади. Катта ўғлим жорий йил шу даргоҳда таҳсилни тугатган бўлса, кичиги ўқишга қабул қилинди. Акбар болалигидан спорт билан шуғулланди, ҳуқуқ ва тарих фанларига қизиқди. Энди эса Ватан ва халқ хизматига лаббай дегувчи мард, жасур ва аҳдига содиқ фарзандлар сафида турибди. Бундан жуда мамнунман.
Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби да бўлиб ўтган тадбир мамлакатимиз истиқлолининг 24 йиллик шодиёналарига уланиб кетди.
Дарҳақиқат, биринчи босқич курсантлари қасамёд қабул қилар эканлар, она Ватанига сидқидилдан хизмат қилиш, юртимиз моддий бойликларини ўт балоси — ёнғин офатидан асраб-авайлашга сўз беришди.
— Ватан хизмати ва ҳимоясига доим тайёр туриш, юртга содиқ ўғлон бўлиш, кези келганда, жонимни ҳам аямасликка қатъий сўз бердим, — дейди Исмоил Йўлчиев. — Шунингдек, чуқур билим олишимиз, юксак маданият, кенг дунёқарашга эга бўлишимиз, юрт тупроғини кўзга тўтиё айлашимиз шарт. Буни ота-онам, Шайхонтоҳур туманидаги 102-мактаб ҳамда Тошкент маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежидаги устозларим кўп бор таъкидлашган.
Тошкент олий ҳарбий техника билим юртида ҳам тингловчи ва курсантларнинг тантанали қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди.
— Қасамёд қилаётган ўғлиму менинг ҳаяжоним босилай демайди, — дейди курсантларнинг ота-оналари қаторида турган фарғоналик Акбарали Дадабоев. — Аслида бурчлар ичида энг олийси Ватан олдидаги бурчдир. Кўп қатори менинг ҳам фарзандим шу муқаддас бурчни виждонан бажаришга қасамёд қилаётганини кўриб, қувондим. Муҳими, юртимиз тинч, болаларимизни ҳарбий хизматга кўнглимиз хотиржам ҳолда жўнатамиз. Ўқув муассасасида ҳам ҳамма шароитлар муҳайё.
Маросимларда сўзга чиққанлар курсантларни қутлаб, уларнинг келгуси ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тиладилар. Тадбир давомида Ички ишлар вазирлигининг махсус стипендияларига лойиқ топилган бир гуруҳ фаол курсантлар тақдирланди. Сўнгра таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
Санобар ЖУМАНОВА,
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбирлари
ЎзА суратлари