Қайта тайёрлаш ва малака ошириш янги босқичда
Президентимизнинг жорий йил 12 июндаги «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашни ташкил этиш, тизимни янада такомиллаштиришда дастуриламали бўлмоқда.
Фармон ижросини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 августдаги қарорига кўра, Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари тўғрисидаги низом, курсларни ташкил этиш схемаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, аттестациядан ўтказиш жараёнларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби, Таянч олий таълим муассасаларининг ўқув-методик ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва техник воситалар билан таъминлаш бўйича тадбирлар мажмуаси тасдиқланди.
Янги низомда олий таълим муассасалари, профессор-ўқитувчиларининг педагогик ва касб даражасини мунтазам ошириш асосида қонунчилик меъёрлари, назария, илмий-амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганишлари белгиланган.
Ташкил этилган ўқув курси режасининг тасдиқланган намунали таркибини ҳисобга олган ҳолда, мазкур жараённинг янгиланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилди ва ўрнатилган тартибда тасдиқланди. Мазкур ўқув-меъёрий ҳужжатлар замонавий таълим ва инновация технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларни жорий этган ҳолда тубдан янгиланди. Олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши масалалари белгилаб қўйилди.
Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда 288 соат(икки ой)га мўлжалланган намунавий ўқув режасида олий таълим муассасалари педагог кадрларининг олий таълимнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ўрганишларига 5, илғор педагогик маҳорат ва таълим технологияларига 15, таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллашга 10, чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш ва ундан ўз касб маҳорати, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ошириб бориши учун 15, қарор ва хулосалар қабул қилиш ҳамда тизимли таҳлил асослари учун 10, мутахассислик фанлари учун 30, педагогик амалиёт учун 10 ва малакавий аттестацияга 5 фоиз миқдорида вақт ажратилган.
Янги талабларга кўра, барча олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари қайта тайёрлаш ва малака оширишдан 3 йилда бир марта ўтишлари шарт қилиб белгиланган. Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча 15та таянч олий таълим муассасасида педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режасидаги фанлар бўйича машғулотларни олиб борадиган илғор профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилди. Уларнинг ўқув-услубий ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва ўқитишнинг техник воситалари билан жиҳозланди ҳамда мазкур олий таълим муассасаларида машғулотлар жорий йилнинг 2 сентябридан белгиланган ўқув машғулоти жадвали асосида бошланди.
Курс тингловчилари кириш ва ҳар бир фан машғулотларидан сўнг онлайн тизимида тест синовларидан ўтказилади ҳамда курс якунида битирув-малакавий ишини ҳимоя қилади. Аттестациядан муваффақиятли ўтган курс тингловчиларига давлат намунасидаги малакавий аттестат берилади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунига кўра, аттестациядан муваффақиятли ўтган педагог кадрлар тегишли йўналиш бўйича бўш педагог кадрлар лавозимини эгаллаш танловидан ўтишда имтиёзга эга бўлади.
Эркин ЗАРИПОВ,
Олий ва ўрта махсус таълимни ривожлантириш маркази етакчи мутахассиси