Ихтирочи талабалар
Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида иқтидорли талабалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Айни пайтда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, турли йўналишларда ўз истеъдодини намоён этаётган олти юздан ортиқ йигит-қиз кафедраларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Республика интеллектуал мулк агентлиги рўйхатидан ўтказилиб, махсус гувоҳнома берилган қатор дастурий манбалар шундай изланишлар маҳсулидир.
Гуруҳ бўлиб изланиш завқи
Ўқитувчининг дарс ўтиш жараёнини ота-оналар ёхуд бошқа қизиқувчилар масофадан туриб кузатиши мумкинми?
Университетнинг касб таълими факультети талабаси Наргиза Матқурбонова ихтиро қилган “Кафедра фаолиятини автоматлаштириш тизими” дастуридан фойдаланиб, интернет тармоғи орқали машғулотни кузатиш мумкин. Шу билан бирга, дарс ўтаётган ўқитувчи ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишиш, жумладан, у ўқитадиган фанлар, машғулот бўладиган кун ва аудитория ҳақидаги ахборотлардан хабардор бўлиш имкони мавжуд.
— Университетимизнинг ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминлангани, ўқитувчиларимизнинг пухта билим бераётгани ўзимизга ишонч билан электрон манбалар яратишга руҳлантиряпти, — дейди изланувчан талаба. — Янгиликлар яратишда имкониятларни ягона мақсад учун жамлаб, гуруҳ бўлиб ишлаш ҳам самара беришини синовдан ўтказдик. Масалан, 6-синф “Зоология”, 5-синф “Математика” дарсликларининг электрон шакллари шу тариқа дунёга келди. Дейлик, Жаводбек Неъматов дизайн устида ишлаган бўлса, Умид Собировнинг математик бош¬қотирмалар бўйича кўп маълумотга эгалиги ишимизнинг муваффақиятли якунланишига ёрдам берди. Электрон қўлланмаларни ишлаб чиқишдан олдин мутахассислар билан кенгашдик. Материалларни жойлаштиришда ўқувчилар қайси мавзуларни ўзлаштиришда қийналиши ва буни ҳал этишда электрон манба имкониятларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратдик.
“Ақлли уй” — хаёл эмас
Университетнинг ахборот хавфсизлиги факультети талабаси, Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби Сардор Салимов яратган дастур стенографик алгоритмлар ёрдамида шахслар, корхона ва ташкилотлараро жўнатиладиган маълумотларни ҳимоя қилувчи дастёр вазифасини бажаради.
— Фойдаланувчи томонлар ўз ахборотининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида матнни расмлар ортига яширади, — дейди Сардор Салимов. — Маълумки, интернет тармоқларидаги расмларда асосан уч хил рангдан фойдаланилади. Дастур асосида икки фойдаланувчи мулоқотга киришаркан, шу ранглардан фойдаланилган расм ортига бир-бирига етказмоқчи бўлган ғоялари, фаолияти, шахси билан боғлиқ маълумотларни махсус алгоритмлар ёрдамида кодлаб юборади. Шу сабаб учинчи томон бу ахборотни сезмайди. Илғаган тақдирда ҳам шифрланган алгоритмларни ечиш осон эмас.
Сардор айни пайтда устози Дурдона Эргашова раҳбарлигида “Ақлли уй” лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Пойтахтимизда янги бунёд этилаётган тураржой биноларига тавсия этилиши режалаштирилган бу лойиҳа уй жиҳозларини масофадан бошқаришга йўналтирилган.
— “Ақлли уй” лабораторияда синовдан ўтказиляпти, — дейди иқтидорли талаба. — Изланишларимиз якунига етса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи, кўпинча уйни “ёлғиз қолдирадиган”ларга катта имконият яратилади. Дастур ёрдамида ёниқ қолган газ, электр чироқлар ва ускуналар, иссиқ ва совуқ сув мосламаларини масофадан туриб ўчириш мумкин.
“Дарсда ҳамма бор!”
Қатор халқаро олимпиада ва анжуманлар иштирокчиси, компьютер инжиниринги факультети 1-курс магистранти Сирожиддин Абдукаримовнинг бошланғич синф ўқувчиларининг инглиз тилини ўрганишига кўмаклашувчи “English for kids” дастури мутахассислар ва фойдаланувчилар томонидан эътироф этилмоқда. Муаллифлик ҳуқуқини олган дастур ўзлаштириш самарадорлигини оширишга ёрдам бераётир.
Ёш тадқиқотчи университет ва унинг филиалларида амалиётга татбиқ этилган дастурий ечим тўғрилигини автоматик тестловчи тизимдан фойдаланиб, дарсда барчанинг бирдек иштирокини таъминлашга хизмат қилувчи дастур яратди. Унга кўра, ўқитувчи амалий машғулотларга тайёргарлик кўриш давомида мавзуларнинг мураккаблигига қараб тизимга масалалар киритади. Талабалар компьютер орқали топшириқларни бажариб, яна тизимга қайтариб жўнатади. Бу дастурнинг яна бир афзаллиги, бажарилган вазифалар автоматик текширилиб, белгиланган мезонлар асосида баҳоланади.
— Дастур вақтни тежашга ёрдам беради. Оралиқ ва якуний назоратларда талабаларнинг билимини аниқлаш, билимларидаги бўшлиқларни таҳлил этишда ҳам қўл келади, — дейди Сирожиддин Абдукаримов.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири