Илк натижалар таҳлил этилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида «Олий таълим тизимида раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда вазирлик раҳбарияти, вазирлик ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ, олий таълим муассасалари ҳузуридаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш тармоқ марказлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ботир Усмонов Президентимизнинг жорий йил 12 июнда қабул қилинган «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш бўйича кенг
миқёсли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Қайд этилганидек, мамлакатимиздаги 58та олий таълим муассасаси ва уларнинг 15та филиалларида фаолият олиб бораётган 23 206 нафар раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида 2015-2016 ўқув йилида 7268 нафар, 2016-2017 ўқув йилида 7901 нафар, 2017-2018 ўқув йилида 8037 нафар раҳбар ва педагог кадрлар курслардан ўтиши режалаштирилган.
— Жорий йилнинг 2 сентябридан 1173 нафар тингловчи курсларда ўқишни бошлашди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ директори ўринбосари Муҳаббат Мирсолиева. — 25та таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, 226та ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида дарс берадиган 855 нафар профессор-ўқитувчи таркиби шакллантирилди. Жараёнга илғор ва тажрибали профессор-ўқитувчилар, амалиётчи мутахассислар, илмий муассаса ходимлари, шунингдек, хорижий мутахассислар жалб этилди. Ўқув режасига тизимли таҳлил ва ечим қабул қилиш асослари, таълим жараёнига АКТни жорий қилиш каби янги ўқув модуллари киритилди. Янгиликлардан яна бири қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиётган тингловчилар учун педагогик амалиёт ташкил этилгани бўлиб, иштирокчилар янги компетенцияларни шу ернинг ўзида амалда қўллаб кўриш имконига эга бўлишди. Курс тингловчилари 347та тегишли профиль кафедраларига педагогик амалиётни ўташ учун бириктирилди. Сентябрь-октябрь ойларида ўтказилаётган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун тегишли модуллар бўйича ўқув-услубий мажмуалар, тарқатма материаллар, ассисмент(назорат) топшириқлари, тақдимот ва тест топшириқлари базаси тайёрланиб, Бош илмий-методик марказ порталига жойлаштирилган. Порталда электрон мониторинг тизими ҳам йўлга қўйилди.
Тадбирда, шунингдек, таянч олий таълим муассасаларининг ўқув-методик ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва техник воситалар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Курс тингловчиларини аттестациядан ўтказаётган комиссиялар фаолияти билан таништирилди.
— Икки ой давомида янги талаблар бўйича ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида қатнашдим, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти Алла Шодибоева. — Ўқув жараёнида қонунчилик меъёрлари, илмий ва амалий тадқиқотлар, инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари борасидаги сўнгги ютуқлардан бохабар бўлдик. Қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг такомиллашган тизими олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини доимий равишда ўз устида ишлашга ундамоқда, малакасини муттасил ошириб боришга имконият яратмоқда.
Санобар ЖУМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири