Қуролли кучлар академияси
мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади
Мустақиллигимизнинг илк йилларидаги мураккаб ўтиш даврида Қуролли Кучларимиз учун давр талабига мос ҳарбий кадрларни тайёрлаш масаласи энг долзарб вазифалардан бири эди. Бу вазифани ҳал этишга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида олий қўмондонлик таркибидаги офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, мудофаа қурилиши соҳасидаги илмий-амалий тадқиқот ва ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш каби устувор мақсадларни амалга оширишда асосий ўрин эгаллаган Қуролли Кучлар академиясининг ташкил этилганини таъкидлаш лозим.
Президентимиз ташаббуси билан 1995 йил 2 сентябрда ташкил этилган ушбу академия олий ҳарбий таълим тизимида янги саҳифани очиб берди. Таъкидлаш жоизки, академияда таълим-тарбия жараёни мунтазам равишда такомиллашиб бормоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилинган қарор бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мазкур олий ҳарбий таълим муассасасининг битирувчилари Қуролли Кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш бўйича замонавий тажрибани чуқур ва пухта эгаллаш, бўлинмаларни реал вақт мезонлари асосида самарали бошқариш имконини берадиган замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларини қўшинларни бошқариш тизимига кенг жорий этиш борасида самарали хизмат қилиб келишмоқда.
— Қуролли Кучлар академиясига офицерларни қабул қилиш жараёни бир неча босқичда ва синовлар асосида олиб борилади, — дейди академия масъул офицери, подполковник Баҳром Аширов. — Номзодларнинг жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти малакали офицерларимиз томонидан синчиклаб синовдан ўтказилади. Академиямизда олтита кафедра бўлиб, уларда тингловчиларнинг ҳарбий соҳага оид билим ва кўникмаларни янада чуқурроқ эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 17 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, шунингдек, электрон кутубхона, компьютер хонаси, интернетдан фойдаланиш хоналари мавжуд.
Қуролли Кучлар академиясида мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, турли ташкилотлар вакиллари, таниқли маданият ходимлари жалб қилинади. Учрашувларда академия тингловчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишади. Қолаверса, пойтахтимиздаги театр ва музейларга тингловчиларнинг оила аъзолари билан ихтиёрий равишда саёҳат уюштириши йўлга қўйилган. Булардан ташқари Қуролли Кучлар академияси тингловчиларининг фарзандлари учун таътил вақтларида турли спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар ҳам ташкиллаштириб турилади. Бундан кўзланган мақсад ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ва уларнинг ақлий салоҳиятини оширишдан иборат.
— Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясига имтиёзли равишда қабул қилиндим, — дейди биринчи босқич тингловчиси, майор Низомиддин Абдувалиев. — Албатта, бундай муваффақиятга ўз устимда тинимсиз ишлаб, изланганим туфайли эришдим. 2003 йили Тошкент олий ҳарбий техника билим юртини тамомлаганимдан сўнг, терроризмга қарши кураш бўлинмасида хизматни давом эттириб малакамни янада оширдим. 2013 йили “Энг илғор батальон командири” кўрик-танловининг республика босқичида биринчиликни қўлга киритдим. Эътиборлиси, ўша йили давлатимизнинг юксак мукофоти — “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим. Бу ерда ҳарбий соҳадаги билимларимизни янада ошириб бормоқдамиз. Ўзлаштирганларимизни келажакда амалиётга татбиқ этиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида бор куч ва билимларимизни сарфлаймиз.
Айтиш жоизки, мазкур академия ташкил этилганидан буён шу кунга қадар ўтган давр ичида етакчи олий ҳарбий таълим муассасаси сифатида юртимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларда, илмий тадқиқот жараёнида фаол иштирокчига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий кадрларнинг, айниқса офицер кадрларнинг малакасини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, жанговарлик ва интеллектуал салоҳияти юксалиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясининг ўрни алоҳида.
Жўрабек ЖАНГИРОВ,
“Ma’rifat” мухбири
Б.РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.