Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси
Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда инсон омилини кучайтириш, унинг манфаатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Давра суҳбати чоғида янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти, аҳамияти ва зарурияти, одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатиши, шунингдек, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдорлиги масалалари тўғрисида батафсил фикр юритилди. Ушбу қонун лойиҳасида ишлаб чиқариш усуллари, мулк шаклидан қатъи назар, меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаш, фуқароларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишини таъминлашга эътибор қаратилгани алоҳида қайд этилди. Тадбирда таъкидланганидек, қонун лойиҳасида мулк ва хўжалик юритиш шакли турлича бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар билан, шу жумладан, айрим иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб ташкил этиладиган бошқа турдаги меҳнат фаолияти иштирокчиларига нисбатан амал қилиши бўйича ҳуқуқий қоидалар киритилмоқда.
Янада эътиборлиси, муносиб меҳнат шароити яратиш, меҳнатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси мамлакатимизда миллий қонунчилик такомиллаштирилиши ҳисобга олинган ҳолда, халқаро қонун нормаларига мувофиқ қайта ишлаб чиқилди. Бунда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсиялари, 20 дан ортиқ давлатнинг тажрибаси ўрганилди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунларга нисбатан аҳоли ва кенг жамоатчилик бефарқ бўлмаётгани тадбир иштирокчилари, депутатлар томонидан алоҳида таъкидланиб, қабул қилинаётган қонунлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга экани, уларда ҳар биримизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз ҳамда қонуний манфаатларимиз ҳимоя қилингани эътироф этилди.
Тадбир якунида халқ таълими ходимлари, кенг жамоатчилик, олимлар, ҳуқуқшунос мутахассислар, қўмита экспертлари ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари тегишли таклифлар билдирдилар.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири