Хорижда малака оширган талабалар
Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида агрономия, агроинженерия ҳамда қишлоқ хўжалигида менежмент ва зоотехния факультетлари ва 12 кафедра фаолият юритмоқда. 2016-2017 ўқув йилидан таълим муассасасида халқаро алоқалар бўлими, ахборот технологиялари маркази, «Фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази» ДУК ташкил этилгани олий таълим муассасасидаги ўқув жараёни самарадорлигини оширмоқда. Ҳозирги кунда филиалнинг бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида 1961 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларга 178 нафар профессор-ўқитувчи таълим бераяпти.
— Дарс ва машғулотлар хорижий адабиётлардан фойдаланиб яратилган янги ўқув-услубий мажмуалар, интерфаол методлар ҳамда замонавий педагогик технологиялар асосида ўтилмоқда, — дейди директорнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича ўринбосари Нийетбай Абсаттаров. — Энг сўнгги маълумотлар билан бойитилган назарий, лаборатория ва амалий машғулотлар талабаларнинг билимини оширишга хизмат қилмоқда. 2016 йили талабаларимиздан Юсупбек Султонов Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиати, Тилеўмурат Тўрениязов эса Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди.
Президент стипендиати Юсупбекнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини танлаши бежиз эмас. Отаси Файзулла Султонов кўп йиллардан буён Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқда. Онаси Сайёра Имоматдинова — фермер хўжалиги раҳбари. Ота-онасининг ёнида юриб, кичкиналигидан ерга меҳр қўйган йигит бугун Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг қишлоқ хўжалигида менежмент ва зоотехния факультети талабаси. Дурбек ҳам акасига ҳавас қилиб, филиалнинг агрономия факультетида ўқияпти. Ҳозир у биринчи босқич талабаси.
Юсупбек ота-онасидан ўрганганларини укасига ўргатиб, назария ва амалиётни уйғун ҳолда олиб бораётир. Онасининг яқин ёрдамчиси сифатида фермер хўжалигида етиштирилаётган экинлардан мўл ҳосил олиш ва маҳсулотнинг харидорбоплигини таъминлаш йўлида астойдил изланаяпти. Изланишлари асносида устози Ақилбек Тилеўмуратов тавсияси асосида асаларичилик билан ҳам шуғуллана бошлади.
Юсупбек Султонов талабаликнинг илк давридан вақтни ғанимат билиб, ўз устида тинимсиз изланди. Илмий журналларда катор илмий мақолалари, анжуманларда маърузалари билан фаол қатнашди. 2014 йили БМТ томонидан ўтказилган халқаро ижтимоий-инновацион дастурлар танловида «Ёш асаларичи» дастури билан қатнашиб, мини-грант ютиб олди. 2015-2016 йиллари Россия давлат аграр университети томонидан ўтказилган илмий-амалий интернет конференциясида «Кичик асалари хўжалиги учун сунъий мум тайёрлаш» ва Каспийбўйи лалми деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида «Ёш олимларнинг замонавий илмини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари» мавзусида ўтказилган V халқаро илмий-амалий ёш олимлар конференциясида «Перга(ўсимлик чанги) олиш ва қўллашнинг ўзига хос усули» номли маърузаси билан қатнашиб, махсус сертификат билан тақдирланди. Ҳозир у «Қорамолчиликни ривожлантириш ва мустаҳкам озуқа базасини яратишда асаларичиликнинг тутган ўрни ва қўшимча даромад олиш йўллари» мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда. Рус ва инглиз тилларини пухта ўзлаштирган Ю.Султоновнинг келажак мақсади хорижий давлатларга бориб, қишлоқ хўжалиги соҳаси муваффақиятлари, энг сўнгги технологиялар билан яқиндан танишиш, тажриба орттириш, энг самарали усулларни ҳаётимизга татбиқ этишдир.
ТошДАУ Нукус филиалида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича 9 та инновацион гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. 19 та корхона билан ўзаро шартномалар тузилган. Энг асосийси, ўқитувчи ва талабалар чуқур изланишлар олиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Чунончи, 24 та лаборатория хонаси, 3 та лингафон синфи улар хизматида. Шу қатори филиал профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган янги технология ва техникаларни ишлаб чиқариш ва синовини ташкил этиш учун филиалда 15 та ўқув лабораторияси, механик цех ва филиал қошида беданинг элита ва супер элита уруғини етиштириш ва саралаш учун илмий лаборатория очиш мўлжалланаяпти. Ҳозир бу жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилаяпти.
— Бакалавриат босқичида ўқиган давримда муқобил машина трактор паркида амалиёт ўтаганман, — дейди қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш (деҳқончилик) мутахассислиги магистранти Нурмуҳаммад Ҳамидов. — У ерда йиғим-терим машиналарининг тузилиши, қандай ишлашини ўрганиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича изланиш олиб борганмиз. Магистрлик диссертациям ҳам айнан шу йўналиш — “Тупроққа саёз ишлов берувчи комбинациялашган машиналарнинг иш жараёнини ўрганиш ва уни такомиллаштириш” мавзусида. Илмий раҳбарим Бозорбой Ўтепбергенов билан келажакда экин экишдан аввал ерга енгил ишлов берувчи, тежамкор энергияли комбинациялаштирилган машинани ишлаб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Етакчи хорижий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнини янада такомиллаштириш, педагог кадрлар малакасини ошириш ва илмий тадқиқотларни бажариш учун хал¬қаро грантларни жалб этиш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, филиал профессор-ўқитувчилари Р.Турганбаев, Қ.Айтбаев, Р.Жумашев, Н.Абсаттаров, Б.Жоллибеков ва магистр А.Уринбетов «Темпус» лойиҳаси доирасида Европа давлатларига бориб, тажриба алмашиб келди. Франциянинг Тулуза шаҳридаги академик агрономия маркази билан ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувга эришилди. 2016 йилнинг 5 сентябрь куни Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ва Япониянинг Чибо университети «Тупроқшунослик» лабораторияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университети магистратурасини муваффақиятли тугатиб, айни пайтда филиалда микробиология ва қишлоқ хўжалиги биотехнологияси фанидан дарс бераётган Бердияр Жоллибеков бир йил давомида халқаро экология бўйича Германиянинг Грайсвалд университетида тажриба ошириб қайтди. Ҳозир у тупроқ унумдорлигини ошириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сунъий ва табиий ўғитлардан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича изланиш олиб бормоқда.
— Тупроққа қанча яхши ишлов берилса, мўл ҳосил олиш имконияти шунча ошади, — дейди Б.Жоллибеков. — Маҳаллий ўғитлардан турли шароитларда фойдаланиш ва уларнинг афзалликларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу қатори суғориш тизимини такомиллаштиришга ҳам эҳтиёж юқори. Сир эмас, Қорақалпоғистон ҳудуди шўрлангани боис ернинг шўрини ювиш алоҳида куч-ғайратни талаб этади. Экинларни меъёридан ортиқ суғориш озуқа элементларини ювиб кетади. Ерости шўр сувларининг ер устига кўтарилишига олиб келади. Оқибатда деҳқончилик кутилган самарани бермайди. Шу маънода ерости суғориш усули бизнинг шароитга кўпроқ мос келишини аниқладик. Бу усулни Мўйноқ, Чимбой, Қонликўл туманлари ва Нукус шаҳри томорқа ерларида синовдан ўтказдик. Маҳаллий хомашё — пластик труба ва бутилкалар ёрдамида ҳам ер ости суғориш усулини қўллаш мумкин. Бу асосан полиз экинлари учун мўлжалланган. Умуман, ҳозирги кунда юртимизда томчилатиб ва ер ости суғориш усуллари яхши натижа бермоқда. Бунда тупроқ намлиги сақланади, шўрланишнинг олди олинади, ернинг микробиологик хусусиятлари яхшиланади.
Ҳозир ТошДАУ Нукус филиали профессор-ўқитувчилари томонидан 6 та лойиҳа бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Бердияр Жоллибековнинг шогирди, зоотехния мутахассислиги магистранти Қаншайим Машарипова Италия, Словакия, Бельгия, Португалия каби давлатлар университетларига бориб, тажриба курсларида таълим олиб қайтди.
ТошДАУ Нукус филиали талабалари орасида хориждан илғор тажрибаларни ўрганишга интилиш катта. Германиянинг «LOGOeV» (Шарқий Европа билан қишлоқ хўжалиги ва экологик мувозанат) ташкилоти, Вайнштефан университети ва Грайсвалд университети билан халқаро хамкорлик йўлга қўйилиб, шартномалар асосида изланишлар олиб борилмоқда. Бундай фаолият хорижий тилда мулоқотни талаб этади. Шу кунгача инглиз ва немис тилларида бемалол мулоқот қила оладиган 10 нафар талаба Германия фермер хўжаликларида «LOGOeV» ташкилоти танлови ғолиблари бўлиб, 6 ой амалиёт ўташди.
2016 йилнинг 2—3 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган талабалар фестивалининг якуний босқичида фаол қатнашган филиалнинг ўсимликлар ҳимояси ва карантини таълим йўналиши 2-курс талабаси Тилеўмурат Тўрениязов ҳозирги кунда “Қорақалпоғистон шароитида мева дарахтларининг зараркундаларини ўрганиш ва унга қарши курашиш” мавзусида илмий изланишлар олиб бораётир.
— Ўсимликлар ҳам ҳимояга муҳтож, — дейди Тилеўмурат. — Айниқса, бир қарашда бақувват кўринган дарахтларни майда зараркунандалар, қурт-қумурсқа, турли ҳашаротлар емиради. Натижада япроқ қурий бошлайди, кам мева беради ёки умуман ҳосил бермаслиги мумкин. Шу боис наботот оламини асраб-авайлашимиз керак. У экологиямизни тозалаб, бизга витаминларга бой, саломатлигимиз учун нақадар зарур бўлган меваларни тортиқ қилишда давом этади.
Мазкур таълим муассасасидаги барча профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг ютуқлари қатори улкан режалари борлиги ғоят қувонарли. Бундай интилиш ва саъй-ҳаракатлар келажакда ўз самарасини бериши тайин.
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири