ОТМларга қабул: Бу йил қандай янгиликлар бор?
Шу кунларда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш иштиёқидаги йигит-қизларни бу йилги қабулдаги асосий янгиликлар қизиқтирмоқда. Абитуриентларда "Энди 68 дан юқори балл тўплаб, тўлов-контракт пулининг оширилган суммасини тўласам, талаба бўлишим аниқми?," "Тўлов-контракт пулининг оширилган суммаси миқдори қанча?", "Мақсадли қабул нима дегани?", "Яна янги сиртқи бўлимлар очиладими?" каби саволлар пайдо бўлмоқда. Мазкур саволларга аниқлик киритиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимларига мурожаат этдик.
— Президентимизнинг шу йил 5 майда қабул қилинган "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олиш, олий таълим муассасалари битирувчилари салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилади, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Ражабов. — 2017-2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул квоталари янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, корхона ва ташкилотларнинг истиқболга мўлжалланган талаб ва эҳтиёжи, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги маълумотлари асосида шакллантирилган. Янги ўқув йилидаги қабул квоталари ўтган ўқув йилига нисбатан 10659 ўринга, яъни 17,5 фоизга ошган. Квота бакалаврлар учун 66316 ўрин, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 18194 та ва тўлов-контракт асосида 48122 та этиб белгиланди. ¡тган йилги кўрсаткичларга солиштирганда, бу йил тўлов-контракт асосида қабул қилиниши режалаштирилган талабалар сони 9710 нафарга кўп. Магис¬тратура учун 5000 та ўрин ажратилган бўлиб, бу — илмий салоҳиятли, тор йўналишларга ихтисослашган мутахассислар сони ошади, деганидир.
Сиртқи бўлимда кимлар ўқиши мумкин?
Айни пайтда ахборот технологиялари, кончилик, темир йўл соҳаларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли кадрлар махсус сиртқи бўлимларда ўқиб, олий маълумот олиш имкониятига эга. Сабаби, айнан шу йўналишлардаги учта олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлимлар очилди. Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 100 нафар, жумладан, давлат гранти бўйича 15, тўлов-контракт асосида 85 нафар, Навоий давлат кончилик институтига тўлов-контракт асосида 90 нафар, Тошкент темир йўл муҳандислари институтига тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалавр қабул қилиниши режалаштирилган. Сиртқи бўлимларда ўқишни истаганлар, аввало, топширадиган йўналишига мос касб-ҳунар коллежини тугатган бўлиши, шу соҳада камида 3 йиллик меҳнат стажи ва махсус сиртқи бўлимда олий маълумот олиши учун тегишли корхона ва ташкилотлар томонидан берилган тавсияномага эга бўлиши керак.
Классификаторда янги касблар пайдо бўлди
Республикамизнинг 36 олий таълим муассасасида 114 бакалавриат йўналиши, 42 олий таълим муассасасида 104 магистратура мутахассислигига қабул янгидан йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, олий таълим муассасаларида бакалавриатда 6 та, магис¬тратурада 8 та мутлақо янги, касб классификаторимизда илгари мавжуд бўлмаган йўналиш ва мутахассисликлар ташкил этилди. Жумладан, корпоратив молия (Тошкент молия институти), автомобиль йўллари, кўприклар, панеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромларни лойиҳалаш ва қуриш; шаҳар йўллари ва кўчалари (Тошкент автомобиль йўлларини ло¬йиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш институти) таълим йўналишларини мисол сифатида келтириш мумкин.
Президентимизнинг шу йил 24 майдаги қарорига кўра Тошкент ирригация ва мелиорация институти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига айлантирилди. Институтнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қодиржон Шовазовнинг маълумотига кўра, олий таълим муассасасининг янгиланган ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда, 8 янги йўналишда қабул амалга оширилиши белгиланган. Улар ичида классификаторда мавжуд, бироқ институт учун янги бўлган қишлоқ хўжалигини автоматлаштириш, электрлаштириш, мутлақо янги мелиоратив гидрология каби йўналишлар мавжуд.
Шунингдек, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги (Тошкент тиббиёт академияси), геоинформатика (Тошкент архитектура-қурилиш институти), математик инжиниринг (Урганч давлат университети) каби янги магистратура мутахассисликлари ҳам ҳозирданоқ бакалавриат битирувчиларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан Наманган муҳандислик-педагогика институти Наманган муҳандислик-қурилиш инс¬титутига айлантирилди ҳамда унинг ихтисослиги ўзгартирилди. Мазкур олий таълим муассасасида технологик машиналар ва жиҳозлар, бино ва иншоотларни қуриш, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш каби қурилиш ва архитектурага ихтисослашган йўналишларга қабул амалга оширилади.
Термизда филиаллар иш бошлайди
Шу пайтгача Сурхондарёда битта олий таълим муассасаси — Термиз давлат университети фаолият юритаётган эди. Шу боис мазкур университетга ҳар йили қабул жараёнида энг юқори танлов кузатиларди. Масалан, ўтган йили 39 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бир ўринга 10,5-12 нафар абитуриент тўғри келган. Шу маънода, Термизда Тошкент давлат техника ва Тошкент давлат аграр университетларининг филиаллари ташкил этилаётгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.
— Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалига 8 йўналишда 350 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган, — дейди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Ориф Зарипов. — Ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси, технологик машина ва қурилмалар, кимё технология каби бакалавриат йўналишида қабул квоталари Сурхондарё вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг эҳтиёжи асосида белгиланган. Айни пайт¬да Термиз филиалини ташкил этиш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда. Филиалда иккита факультет очилиши кутиляпти.
Мақсадли қабул қандай амалга оширилади?
Жорий йилдан бошлаб илк маротаба тиббиёт олий таълим муассасаларига мақсадли қабул йўлга қўйилади. Унга кўра, республикамизнинг барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг грант ўринлари мақсадли қабул учун ажратилади. Бу тажриба-синов бўлиб, кейинги йиллардан бошқа олий таълим муассасаларида ҳам жорий этилиши мумкин. Хўш, мақсадли қабул қандай ташкил этилади?
— Мисол ўрнида келтирадиган бўлсак, Андижон давлат тиббиёт инс¬титутига ажратилган грант ўринлар Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида яшайдиган, келгусида шу ҳудудларда фаолият юритадиган абитуриент¬лар учун ажратилади, — дейди Барно Ражабов. — Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан Андижонга келиб ўқиш истагини билдирган ва бошқа ҳудудларда ишлашни ният қилган абитуриентлар тўлов-шартнома асосида ўқийди. Мазкур олий таълим даргоҳига 255 та грант ўрин белгиланган бўлиб, ҳудуднинг тиббиёт ходимларига эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, 87 ўрин Андижон, 75 ўрин Наманган, 93 ўрин Фар¬ғона вилоятидан келадиган абитуриент¬лар учун ажратилади. Қолган 205 тўлов-контракт ўрнига баллар кетма-кетлигига кўра, ҳудудидан қатъи назар, бош¬қа абитуриентлар қабул қилиниши мумкин. Тошкент, Бухоро, Нукус, Самар¬қанддаги тиббиёт олий таълим муассасаларига қабул ҳам худди шу тартибда олиб борилади. Бошқа ҳудуддан келган абитуриент энг юқори баллни тўплаган бўлса ҳам, контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Шу ўринда яна савол пайдо бўлади: ўз ҳудудида тиббиёт олий таълим муассасаси бўлмаган вилоят абитуриентлари грант асосида ўқиш учун қаерга ҳужжат топшириши керак? Мақсадли қабулда барча ҳудудлар эҳтиёжлари инобатга олинган. Масалан, қаш¬қадарёлик абитуриент¬лар учун Тошкент тиббиёт академия¬сида 20, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 30, Бухоро давлат тиббиёт институтида 10, Самарқанд давлат тиббиёт институтида 56, Тошкент давлат стоматология институтида 6, умумий 122 грант ўрни ажратилган.
68 балл қабул чегарасими?
— Бу белгиланган квоталардан ташқари оширилган тўлов-контракт суммаси бўйича қўшимча қабул чегарасидир, — дейди Барно Ражабов. — Бугунги кунда кўпчилик абитуриентлар "68 дан юқори балл тўпласам, ўқишга кираман" деган хаёл билан юрибди. Бу — нотўғри фикр. 68 балл олий таълим муассасасига киришнинг энг қуйи чегараси ҳисобланади. Охирги 15-20 йил мобайнида олий таълим муассасаларига киришда белгиланган энг қуйи чегара 68 балл билан белгиланади. Олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўзига хос тартибда амалга оширилади. Олий таълим муассасалари 15 августда қабул натижаларини олгандан кейин Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига муайян таълим йўналишига қўшимча қабул қилиш имконияти ҳақида маълумот беради. Шу маълумот ўрганилиб, мавжуд ўринлардан ташқари қўшимча қабул бўйича квоталар белгиланади. Шундан кейин оширилган контракт суммасини тўлашга қодир абитуриент ариза беради. Квоталардан келиб чиққан ҳолда абитуриент¬лар тўплаган баллар кетма-кетлигини қатъий сақлаган ҳолда, оширилган контракт суммаси бўйича абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бошланади. Дейлик, Ўзбекис¬тон Миллий университетининг археология таълим йўналишига 25 нафар абитуриент (10 нафари грант, 15 нафари контракт асосида) қабул қилиниши белгиланган. Мазкур ўринга 200 нафар йигит-қиз ҳужжат топшириб, 25 нафари ўқишга киради. Қабул чегараси — 150 балл бўлди. Университет ўз имконияти, яъни моддий-техник базаси, аудиториялари, лаборатория хоналари, профессор-ўқитувчилар сонини инобатга олган ҳолда мазкур йўналишга яна 10 нафар абитуриентни қўшимча қабул қилиш имконияти борлигини маълум қилади. Мана шу 10 ўрин учун 50 нафар талабгор оширилган тўлов-контракт суммаси бўйича ўқишга қабул қилишни сўраб ариза бериши мумкин. Талабгорлардан энг юқори балл тўплаган ўн нафари талабаликка қабул қилинади. Шубҳасиз, 69 балл олган абитуриент ҳам қўшимча ўринга талабгор бўлиб, танловда иштирок эта олади. Бироқ ундан юқори балл, дейлик, 149, 145, 130 балл олган талабгорлар бор бўлгани ҳолда, 69 балл олган абитуриентнинг ўқишга кириш эҳтимоли кам. Сабаби, тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларнинг тўплаган балига мувофиқ юқоридан пастга кетма-кетлик тартибини бузмаган ҳолда амалга оширилади.
Тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси миқдори ҳозир маълум эмас. Бу сумма фақат 1-курсда тўланиши керакми ёки 4 йил мобайнида оширилган ставка бўйича контракт тўланадими, деган саволга ҳам аниқлик киритилмаган. Бу масалалар бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу йилги қабулдаги янгиликлардан яна бири: мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига киришда 50 фоизлик имтиёзга эга бўлди. Абитуриент тест синовларида 100 балл йиғса, 50, 160 балл тўпласа, қўшимча 80 балл берилади. Энди олий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентнинг ўзига кўпроқ боғлиқ. Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриент¬лар иккита олий таълим муассасасида танловда иштирок этиши, мазкур имтиёздан фойдаланган ҳолда танловдан ўта олмаса, мамлакатимизнинг бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тўғрисида ариза топшириши мумкин.
Жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжатлар 15 июндан 15 июлга қадар қабул қилинади. Шунга мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ҳам диплом топшириш эртароқ бошланади. Тест синовлари эса ҳар доимгидек 1 августда ўтказилиши режалаштирилган.
Санобар ЖУМАНОВА,
"Ma’rifat" мухбири