Темир иродали темирйўлчилар
Тошкент темир йўл муҳандислари институтида битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари қизғин ўтмоқда. Олий таълим муассасасидаги ўқишнинг якуний босқичи ҳисобланган бу жараён катта ҳаёт остонасидаги бўлғуси мутахассиснинг билимларини сарҳисоб қилиш, иқтидор ва қобилиятини намойиш этиш, ишлаб чиқариш корхоналари эътиборига тушиб, ўз йўналиши бўйича ишга жойлашишига берилган яна бир имкониятдир. Шу боис таълим муассасаларида ҳимоя жараёнининг белгиланган талаблар дои¬расида кечиши, битирув-малакавий ишларида кўчирмачилик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўйилмаганига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айни кунда талабалар олиб бораётган кичик тадқиқот шунчаки соҳага тааллуқли фанларнинг назарий жиҳатларини ўрганиш ва уни қайта такрорлаш эмас, бевосита амалиёт билан боғлиқ муаммоларнинг ечимига қаратилгани эътиборга молик. Энг муҳими, ҳимояларнинг барчаси темир йўл тизимидаги корхоналарда ўтказилмоқда.
— Институтимизда бакалавриатни 18 йўналиш бўйича 965 нафар, магистратурани 12 мутахассислик бўйича 101 нафар талаба тамомламоқда, — дейди институт ўқув-услубий бош¬қармаси бошлиғи Гулчеҳра Холбоева. — Битирувчиларнинг битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари темир йўл тизимидаги “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, “Сувсоз” ДУК, Сигналлаштириш ва алоқа бошқармаси, Тошкент минтақавий темир йўл узели, Тошкент юк бекати, Йўловчи вагонларни техник ва технологик рейсга тайёрлаш филиали каби ташкилотларда ўтказилмоқда. Талабаларнинг илмий изланишлари ўз таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда темир йўл бошқармасига қарашли йиғма темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқариш, автомобиль кранларини таъмирлаш заводи, темирйўлнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун темир-бетон буюмларини ишлаб чиқариш, темирйўлчилар оиласи учун кўп қаватли тураржой биносини лойиҳалаш, муайян станциядан белгиланган узунликда янги темир йўл қурилишини ташкил этиш, янги темир йўл участкаси қурилишини ташкил этиш ва бурғулаш ишларини бажариш технологияси сингари мавзуларни қамраб олган.
Институтнинг “Электромеханика” факультетини бу йил 264 нафар талаба тамомламоқда. Битирувчилар “Вагонлар ва вагон хўжалиги”, “Локомотивлар ва локомотив хўжалиги”, “Темир йўллар электр таъминоти”, “Электр транспорти ва юқори тезликдаги электр ҳаракат таркиби” кафедраларига бириктирилган.
— Ҳимоялар бир неча кун ичида ўтгани билан битирув-малакавий ишларини тайёрлаш мураккаб жараён, — дейди факультет декани, техника фанлари номзоди, доцент Рустам Раҳимов. — Жараён аввалида битирув-малакавий ишларининг мавзулар банки шакллантирилади. Бунинг учун темир йўл тизимидаги бошқармаларга мурожаат билан чиқилади. Улар ўз илмий ечимини кутаётган муаммоларга доир маълумотлар тақдим этишади. Биз мавзуларни оптималлаштириб, мураккаблик даражасига қараб, битирув-малакавий ишлари, магистрлик дис¬серта¬ция¬лари, шу¬нинг¬дек, док¬торлик диссертациялари учун мосларини ажратамиз. Битирув-малакавий ишлари учун мавзуларни шакллантиришда охирги уч йиллик мавзулар таҳлил қилиниб, такрорларнинг олди олинади. База тайёр бўлгач, мавзулар темир йўл тизимидаги мутасадди раҳбарлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Талабалар улар орасидан ўзини қизиқтирган мавзуни танлайди. Битирув олди амалиётига талабаларни жалб этишда улар танлаган илмий мавзу инобатга олинади. Агар талаба ғилдирак жуфтини такомиллаштириш мавзусини олган бўлса, албатта, у ғилдирак жуфти цехига амалиётга боради. Талаба цех ишчилари сони, майдони, технологик жараён, асбобларнинг ўрнатилиши, таъмирлаш жараёни, ускуналарнинг вазифаси билан боғлиқ саволларга жавоб топгандан кейин илмий изланишларни бошлайди. Мақсадли ташкил этилган битирув олди амалиёти битирув-малакавий ишининг белгиланган талаблар доирасида тайёрланишида муҳим ўрин тутади. Талаба билан илмий раҳбари, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва иқтисодий масалалар бўйича мутахассислар ишлайди. Давлат аттестация комиссияси раиси темир йўл бошқармалари раҳбарлари орасидан танланади. Ҳимоя жараёнида кўчирмачилик ҳолати учрамаяпти. Темир йўл тизимида ишлаб чиқариш йилдан-йилга янгиланиб, олдинги йиллардан тубдан фарқ¬ланмоқда. Шу боис талабалар ўз изланишларида янгиликка интилиб, ихтирочилик кобилиятини намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Бугун бир йиллик меҳнатимиз маҳсулини талабалар томонидан қўлга киритилган илмий ютуқларда кўриб турибмиз.
Ҳимоя жараёнида талабалар тақдим этаётган илмий лойиҳалар ечими аниқ ва ҳаётийдир. Бунда, албатта, уларга таълим берган, йўл-йўриқ кўрсатган, қизиқишларини қўллаб-қувватлаган профессор-ўқитувчиларнинг, илмий раҳбарларининг ҳиссаси катта.
— “Бойсун — Қумқўрғон участкасининг ўзгарувчан токли контакт тармоғини лойиҳалаштириш” мавзусида илмий иш олиб бордим, — дейди электр энергетика йўналиши битирувчиси Жаҳонгирмирзо Исмоилов. — Темир йўл транспортининг электрлаштирилиши юк ва йўловчиларни ташиш оқими, электр поезди тезлиги ҳамда вагонлар сони ва поезд массасини оширишга, шунинг ҳисобига ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга имкон беради. Шу маънода, Бойсун — Қумқўрғон участкасининг ўзгарувчан токли контакт тармоғини лойиҳалаштириш ниҳоятда истиқболли. Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида тасодифий хатоликнинг олдини олиш мақсадида баландлик икки марта ўлчанди. Битирув-малакавий ишим Давлат aттестация комиссияси аъзолари томонидан юқори баҳога лойиқ кўрилди.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири