Талабалик бахти билимдон ёшларга насиб этади
Биринчи август — тест синовлари куни ўз билим ва тафаккурига ишонган талабаликка талабгор ёшлар учун катта довон. Табиийки, шундай паллада, улкан довон олдида кўпчиликни қайси таълим йўналишига талабгорлар кўп бўлгани, қайси олий таълим муассасасига қабул квотасига нисбатан энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширгани, бу йилги синов жараёнига қандай ҳозирлик кўрилгани қизиқтириши табиий. Мухбиримиз масъулиятли синов арафасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Орзиқул Бобоевга жараён билан боғлиқ бир неча саволлар билан мурожаат қилди.
— Бу йил олий таълим муассасаларига абитуриентлардан нечта ариза тушди ва бу кўрсаткични ўтган йилдаги рақамлар билан қиёслаганда қандай ҳолатни кузатиш мумкин? Шунинг баробарида бу йилги қабул жараёнининг ўзига хосликлари, янгиликлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Жорий йилда республикамиздаги 59 олий таълим муассасаси ва уларнинг 12 та филиалига 15 июль ҳолати бўйича 729 минг 947 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу ўтган йилгига нисбатан 66 минг 643 нафарга кўпдир (2016 йилда — 663 минг 304 нафар эди). Танлов кўрсаткичи — республика бўйича бир ўринга ўртача 10,9 тани ташкил этди.
Ваколатимиз доирасида қабул жараёни билан боғлиқ қуйидагиларни айтиш мумкин: абитуриентлардан аризаларни қабул қилиш муддати ўзгарди. Бу йилдан бошлаб аризалар олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача қабул қилинди. Ўзбекистон давлат консерваторияси учун охирги муддат 10 июль этиб белгиланган. Ушбу ўзгариш абитуриентлар учун тест материалларини, тест синови ўтказиладиган бино ва аудиторияларни сифатли тайёрлаш, шунингдек, аудитория назоратчилари сифатида иштирок этиши белгиланган номзодлар учун амалий семинар машғулотларини тўлиқ ва сифатли ўтказиш мақсадида жорий этилди.
Баъзи олий таълим муассасалари(ТАТУ, ЎзМУ)да онлайн тарзда ҳужжат қабул қилиш тест режимида амалга оширилди. Жорий йилдан бошлаб айрим олий таълим йўналишлари бўйича мақсадли ҳамда манзилли қабул қилиш йўлга қўйилди. Квотадан ташқари қабул, контракт пулининг оширилган ставкаси асосида қабул ва Навоий вилоятининг Конимех, Учқудуқ, Томди каби олис туманларида истиқомат қилаётган абитуриентлар учун алоҳида имтиёз жорий этилди.
— Педагогика олий таълим муассасаларига қан¬ча абитуриентдан ҳужжат қабул қилинди?
— Педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида жорий йилда ҳам абитуриентлардан қабул қилинган ҳужжатлар сони юқори бўлди. Масалан, Жиззах давлат педагогика институтига 26970 та ҳужжат топширилган бўлса, бир ўринга ўртача танлов 14,82 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич Қўқон давлат педагогика институтида — 18257/14,04; Тошкент давлат педагогика университетида — 16580/14,74; Навоий давлат педагогика институтида — 14268/9,15; Нукус давлат педагогика институтида — 12133/8,62 бўлди.
— Олий таълим муассасаларида янги очилган йўналишларга қизиқиш қандай бўлди?
— Олий таълим муассасаларида янги очилган таълим йўналишлари хусусида ҳам юқоридаги фикрларни билдириш мумкин. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация институтида мазкур йилда илк бор ҳужжат қабул қилинган автомобиль транспорти, йўл қурилиш машиналари ва жиҳозларининг эксплуатацияси таълим йўналишининг ўзбек гуруҳида бир ўринга 7,7 нафар, рус гуруҳларида 3,8 нафар — квота бўйича ажратилган жами 200 ўринга 1351 нафар абитуриент даъвогарлик қиляпти. Автомобиль йўллари, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромларни лойиҳалаш ва қуриш йўналишига — (квота бўйича жами 200 та ўрин) 1036 та ҳужжат топширилган. Танлов — ўзбек гуруҳларида бир ўринга 6,9 нафар, рус гуруҳларида 4,3 нафарни ташкил этди. Шаҳар йўллари ва кўчалари йўналишига (квота бўйича жами 25 та ўринга) 302 та ҳужжат қабул қилинди. Шунингдек, транспорт логистикаси (автомобиль транспорти) йўналиши бўйича бир ўринга — ўзбек гуруҳларида 10,9, рус гуруҳларида 6,8 нафар йигит-қиз даъвогарлик қилмоқда.
Тошкент молия институтида янги очилган корпоратив молия таълим йўналишига (квота бўйича жами 40 ўрин ажратилган) 304 та ҳужжат қабул қилинган. Бу ерда бир ўринга 7,6 нафар абитуриент тўғри келяпти.
— Таҳлил бугунги ёшлар қайси мутахассисликларга кўпроқ қизиқиш билдираётганини кўрсатмоқда?
— Абитуриентлар педагогика, тиббиёт, техника, ахборот-коммуникация технологиялари ва гуманитар соҳадаги таълим йўналишларига кўпроқ қизиқиш билдирмоқда ва бу қизиқиш йилдан-йилга ортаяпти.
— Ҳар йили абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш кўрсаткичи бўйича Термиз давлат университети пешқадамлик қилар ва бу ўз навбатида жараёнда муайян қийинчиликларни юзага келтирарди. Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Термиз шаҳрида иккита олий таълим муассасаси — Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети филиаллари ташкил этилгани ҳудудда яшовчи абитуриентларга нечоғлик қулайлик яратди?
— Дарҳақиқат, Термиз шаҳрида жорий йилга қадар фақат битта олий таълим муассасаси мавжуд эди. Албатта, бу ўзига хос баъзи қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Лекин ушбу йилдан бошлаб ТДТУ ва ТошДАУнинг Термиз филиаллари ташкил этилгач, қийинчиликлар маълум даражада камайди. Масалан, ўтган йили Термиз давлат университетига 37676 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, бу йил уларнинг сони 36546 нафарни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан 1130 нафарга камайди. Шунга мос равишда тест синови учун тайёрланадиган бино ва аудиториялар сони ҳам қисқарди.
— Қайси олий таълим муассасасига қабул квотасига нисбатан энг кўп абитуриент ҳужжат топширди?
— Юқорида қайд этилганидек, Термиз давлат университетига топширилган ҳужжатлар сони — 36546 (ўтган йилда 37676) та, ўртача танлов — 20,3 ни; Қарши давлат университетида — 29529 (ўтган йилда 26332) та, ўртача танлов — 21,1 ни;
Фарғона политехника институтида — 27566 (ўтган йилда 24334) та, ўртача танлов — 14,9 ни; Фарғона давлат университетида — 26618 (ўтган йилда 22135) та, ўртача танлов — 16,64 ни ташкил этди.
— 2017/2018 ўқув йилида олий таълим муассасаларига муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларни қабул қилиш “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан амалга оширилади. Шу маънода ушбу низом моҳияти, хусусан, ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун белгиланган имтиёзларга ҳам тўхталсангиз.
— Маълумки, олий таълим муассасаларига кирувчилар учун бир неча турдаги имтиёзлар тизими мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2012 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор шулар жумласидандир. Мазкур қарорга кўра муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли тавсияномага эга бўлган фуқаролар учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синови жараёнида тўплаган балига қўшимча тарзда максимал тўплаш мумкин бўлган балнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли балл қўшиб берилар, у 62 балдан кўпроқни ташкил этар ва бу кафолатланган балл ҳисобланар эди.
Башарти ҳарбий имтиёз тўғрисида гап кетар экан, юқорида қайд этилган қарорга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан тегишли ўзгартириш киритилганлигини ҳам эътироф этиш даркор. Мазкур қарорнинг 11-бандига мувофиқ эндиликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларга республикамизнинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синови натижалари бўйича тўплаган балининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади. Бундан буён яхши тайёргарлик кўрган абитуриентлар тест синови жараёнида кўп балл тўплаш, умумий кўрсаткичларини анча ошириш имкониятига эга бўлади. Шу¬нинг¬дек, уларнинг ўз йўналишлари бўйича аризасида кўрсатилган иккинчи олий таълим муассасасида танловда қатнашиш имтиёзи ҳам сақланиб қолади.
— 1 август куни ўтказиладиган тест жараёнига тайёргарлик ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумот берсангиз.
— Бу борада ҳар йили бўлгани каби аниқ режа асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони ўтган йилга қараганда 20 фоиз ошган. Шунга мос равишда тест синови ўтказиладиган бинолар сони 978 та ва аудиториялар сони 21813 та (2016 йилда 19830) бўлиши кутилмоқда.
Жорий йилда амалдаги низомга мувофиқ олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан бино ва аудиториялар, тест синовларида қатнашадиган абитуриентлар учун ўринлар ўтган йилгига йигирма фоиз қўшган ҳолда тайёрланади. Шу мақсадда республика бўйича 795 минг ўрин тайёрлаш режалаштирилган.
Ҳозирга қадар тест синови ўтказиладиган бино ва аудиториялар режа-чизмалари асосида жойларда дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилди. Жараёнда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Баъзи масалалар жойида ҳал этилди. Жорий йилнинг 17—19 июль кунлари ҳам республика бўйича дислокациялар ўрганилиши режалаштирилган ва ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, республика бўйича 17 апрелдан 30 майга қадар ҳудудлар марказида жойлашган олий таълим муассасаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, олий таълим муассасалари, халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда Давлат тест маркази вакиллари ва аудитория назоратчилари учун амалий семинар машғулотлари ўтказилди. Июнь ойида қайта ва қўшимча семинар машғулотлари ўтказилганини ҳам таъкидлаш лозим.
“Ma’rifat” мухбири
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ суҳбатлашди.