Билим, иқтидор ва салоҳият синови
Замонавий билим ва ихтисосликларни пухта эгаллаган рақобатбардош мутахассисларнинг етишиб чиқиши олий таълим муассасаларида тест синовининг нечоғлик шаффоф ва холис ўтишига, адолат ва ҳалоллик мезонларига риоя қилинишига боғлиқ. Шу мақсадда бу йил юртимиздаги кўплаб олий таълим муассасаларида қизғин тайёргарлик кўрилгани 1 август куни ўтган тест синовида яққол намоён бўлди.
Жумладан, Тошкент давлат юридик университетида тест синовини юқори савияда ташкил этишга алоҳида тараддуд кўрилди. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур олий таълим муассасаси фаолиятини янги босқичга кўтарди.
— Қарор ижросини таъминлаш борасида университетимизда муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўқув режаси ва дастурлари ҳамда малака талаблари оптималлаштирилди, — дейди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Мансур Камолов. — Шу билан бирга, ўқув режасининг янги концептуал намунаси ишлаб чиқилди. Беш блокдан иборат ўқув режаси уч блоккача қисқартирилди. Ўқув семестри давомийлиги 19 ҳафтадан 14 ҳафтага камайтирилди. Бу талабаларнинг ўқув юкламасини пухта ўзлаштириши, мустақил таълим олишини ривожлантиришга хизмат қилади. Энди талабалар ҳафта давомида фақат 5 кун ўқийди, қолган кунлари ўз устида ишлайди. Шунингдек, талаба тўрт йил давомида ўзлаштириши шарт бўлган фанларнинг умумий сони 30 тагача қисқартирилди. Ўқитувчиларнинг ҳам ўқув юкламалари қайтадан кўриб чиқилиб, бошқа университетлардан фарқли ўлароқ, илмий, маърифий, ташкилий юкламаларнинг ҳисобга олиниши механизми тўхтатилди. Асосий эътибор фақат ўқув юкламасини бажаришга қаратилди.
Университетда тест синовини ўтказишга янгича ёндашилди. Илгари жараён тар¬қоқ ҳолда мактаблар бинолари ва бошқа турли аудиторияларда ўтказилганида бир қанча камчиликлар кўзга ташланган. Бу йил юридик университетга кириш имтиҳони “Ўзэкспомарказ”нинг ҳар бири 1000 — 1500 нафар абитуриентга мўлжалланган тўрт павильонида ташкил этилди.
— Тест синови бўладиган залга турли текширувлардан ўтиб кириб бордик, — дейди жиззахлик Нуриддин Маматқулов. — Назорат-кириш нуқталарида металл буюмларни аниқловчи ускуналар ўрнатилган бўлиб, ўқув қўлланма, мобиль телефон, “шпаргалка” каби тақиқланган буюмларнинг олиб кирилишига йўл қўйилмади. Уларни олиб киришга уринганлар тест синовидан четлаштирилганига гувоҳ бўлдик. Абитуриентлар алоҳида парталарда ўтиргани учун кўчирмакашлик, эътиборни чалғитиш ҳолат¬лари бўлмади.
Йўлакларда ўрнатилган огоҳлантирувчи баннерлар абитуриентларни тўғриликка чорлаган бўлса, имтиҳон ўтказиладиган павильонга яқин жойда сўнгги огоҳлантирув тариқасида қизил чизиқ тортилган. Шу чизиқни ҳам назарга илмай, тақиқланган буюмлар билан қўлга тушган абитуриентлар қилмиши юзасидан гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилиб, қоидабузарлар тестга қўйилмади. Шунингдек, биноларда юздан ортиқ кузатув камераси ишлаб турди. Тест синови жараёнини “Ўзэкспомарказ” ҳудудига кириш жойларида ўрнатилган учта йирик ҳажм¬ли LED экранда абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари тўғридан-тўғри кузатиш имконига эга бўлди.
— Қизим Гулнора Туронбоева бу йил олтинчи марта шу университетга ўқишга ҳужжат топширди. Ҳар йили тест жараёнидан кўнгли тўлмаган қизим бу гал жараён шаффоф ўтганини айтиб, севинчини ичига сиғдиролмай тест ўтказилган бинодан чиқиб келди, — дейди наманганлик Соҳиба Каримова.
Бу йил университетнинг бакалавриат таълим йўналишига ажратилган 600 ўринга 6132 нафар абитуриент даъвогарлик қилди. Улардан беш нафари умумтаълим фанлари олимпиадаси ғолиблари. Бу йилги қабул квотаси ҳам 150 тага ортган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан 2000 та кўп ҳужжат топширилди.
Дарҳақиқат, бу йил юртимиздаги барча олий таълим муассасаларига олдинги йилларга қараганда кўп абитуриентлар ҳужжат топширгани кузатилди. Бу юртимизда билим олишга қизиқиши баланд йигит-қизлар сафи тобора кенга¬йиб бораётганидан, халқимиз илмнинг фазилатларини янада теран англаётганидан далолатдир.
— Тест синовларида рақобат йилдан-йилга кучаймоқда, — дейди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Орзиқул Бобоев. — Масалан, бундан 5 йил олдин бир ўринга 7,6 абитуриент даъвогарлик қилган бўлса, жорий йил бу рақам 10,9 нафарга етди. Бу йил ўтган йилга нисбатан олий таълим муассасаларига 66643 нафар кўп абитуриент ҳужжат топширгани ёшларнинг ўқишга, малакали мутахассис бўлишга қизиқиши ортиши баробарида, улар ўртасида соғлом рақобат кучайиб бораётганини кўрсат¬япти.
* * *
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳам 1 август куни эрта тонгдан гавжум бўлди. Тўрт босқичли текширувлардан ўтиб аудиторияларда ўрнашган йигит-қизлар имтиҳонда билимдан бошқа ҳеч нарса наф бермаслигига амин бўлди.
Университет қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш ва тест синовларини ўтказишда биометрик ва паспорт маълумотлари асосида абитуриентларни назорат қилиш (идентификация) ва бошқариш тизими, шунингдек, юзнинг ўлчами ва бармоқ изларини сканерлаш орқали шахсни аниқлашга қаратилган технология илк бор қўлланилди. Мазкур дастур ёрдамида бировнинг ўрнига ҳужжат топшириш ва имтиҳонга киришга уринган айрим сохта абитуриентлар қаллоблигига чек қўйилди.
Имтиҳон жараёнлари ушбу таълим масканида ҳам шаффоф ва адолат мезонларига мос тарзда ташкил этилди. Боиси, жамоатчилик назорати йўлга қўйилган бўлиб, ота-оналар фарзанд¬ларининг имтиҳон топшириш жараёнини монитор орқали кузатди.
— Бу йил иккинчи бор ўқишга топширдим, — дейди самарқандлик Баҳора Аҳмедова. — Ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни кўриб хурсанд бўлдим. Шунинг учун тест синовидан ўтолмасам ҳам хафа бўлмайман. Чунки энг билимли тенгдошларим тест синовларидан ўтишига ишонаман.
* * *
Ўтган йили фаолиятини бошлаган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бу йил иккинчи бор абитуриентлар учун тест синовлари ўтказилди. Университет қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Шермуҳаммад Омоновнинг таъкидлашича, талаба бўлиш истагидаги ёшлар учун она тили ва адабиёт, инглиз тили каби фанлар бўйича консультатив машғулотлар, қўшимча дарслар ташкил этилди.
— Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларидан она тили ва адабиётни чуқур ўрганиш, ўқишни битиргач, жозибали тилимиз хусусиятлари ва бой адабий меросимизни ўқувчиларга ўргатиш, уларни китобга ошно қилиш энг юксак орзуим, — дейди бойсунлик Садоқат Хўжақулова. — Шунинг учун она тили ва адабиёт, тарих, инглиз тили фанлари бўйича тест синовларига пухта тайёргарлик кўрганман.
* * *
Тошкент кимё-технология институти иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишида муҳим ўрин тутувчи кимё, нефть ва газни қайта ишлаш, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари саноати соҳаларига етук мутахассислар тайёрлаб келаётган олий таълим муассасаларидан.
— Мутахассисликларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда бу йил хизматлар соҳаси (овқатланишни ташкил этиш ва сервис) таълим йўналиши очилди. Унга 30 нафар талабани ўқишга қабул қилиш кўзда тутилган, — дейди институт қабул комиссиясининг масъул котиби Равшан Одилов. — Мунтазам ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”, ота-оналар, ёшлар билан ўтказилган суҳбатларда янги йўналиш хусусида тўлақонли маълумот берилди. Натижада янги йўналишда ўқиш истагини билдирганлар 259 нафарни ташкил этди.
— Ноорганик моддалар кимёвий технологияси факультетининг экология таълим йўналишига ҳужжат топширдим. Ҳозир экологик вазият кундан-кунга оғирлашиб, долзарб, ечимталаб муаммолар кўпаймоқда. Шунинг учун институтга ўқишга кириб, бу борадаги муаммолар ечимига ҳиссам қўшилса, дейман, — дейди абитуриент Дурдона Тўлқинова. — Саволларга келсак, пухта тайёргарлик кўрган киши учун қизиқарли ва мароқли. Мантиқий ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди.
* * *
Жиззах давлат педагогика институтида ўқиш истагини билдираётган ёшлар сафи кўпаймоқда. Бу йил бир ўринга ўртача танлов 14,82 нафарни ташкил этаётгани фикримиз тасдиғидир. 46 бинода ўтказилган тест синовлари холислигини таъминлаш мақсадида жараёнга 1822 нафар педагог кузатувчи жалб этилди.
— Ёшлигимдан тарихга қизиқаман, — дейди абитуриент Наврўз Полвонов. — Шу мақсадда тарих ўқитиш методикаси йўналишига ҳужжат топширдим. Бугунги тест синовларини муваффақиятли ўтиш учун инс¬титутда барча зарур шарт-шароит яратилган. Профессор-ўқитувчилар ўтказган қўшимча машғулотларда олган билимларимиз ҳам жараёнда анча асқотди.
* * *
Бу йил Урганч давлат университетига 45 бакалавр таълим йўналиши бўйича 22579 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Улардан энг юқори балл тўплаган 550 нафари давлат гранти, 1450 нафари эса шартнома-тўлов асосида ўқишга қабул қилинади. Абитуриентлардан 273 нафари ҳарбий хизматни ўтаб, имтиёзли йўлланма билан ҳужжат топширган йигитлардир.
Бу йил олий таълим муассасасида тўртта янги таълим йўналиши очилиб, йўналишлар сони 45 тага етди. Жумладан, енгил саноат технологиялари ва жиҳозлари, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш, агрономия (сабзавотчилик ва полизчилик), доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси йўналишларига абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди.
Университет қабул комиссияси маълумотларига кўра, абитуриентларга ўзи танлаган таълим йўналиши бўйича ҳужжат топшириш учун барча қулайликлар яратилди. Ўтган ўқув йилида ҳужжат топширган абитуриентлар сонига нисбатан 20 фоиз кўп ўрин тайёрланди. Давлат тест маркази томонидан кўрсатиб берилган камчиликлар бартараф қилинди.
МУХБИРЛАРИМИЗ