Билими зўр мингни йиқди!
Жорий йилда республикамиздаги олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларига 729 минг 947 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига нисбатан 66 минг 643 нафар кўпдир (2016 йилда 663 минг 304 нафар эди). Танлов кўрсаткичи — республика бўйича бир ўринга ўртача 10,9 нафарни ташкил этди.
Ва ниҳоят, 15 август куни тест синовлари натижалари эълон қилинди. Билими зўр мингни йиқди — энг зукко ва билимдон ёшлар талабалик бахтига эришди. Бу кунни нафақат абитуриент ёшлар, балки уларнинг яқинлари — ота-оналари, устоз-мураббийлари интиқлик билан кутишди. Олий таълим муассасалари SMS тарзида олинган жавобларга ишонмай, тасдиқланган натижаларни ўз кўзлари билан кўришга келган абитуриентлар, уларнинг ота-оналари билан гавжум. Кимлардир талабалик бахтига эришганидан хурсанд бўлиб, яқинларини суюнчилаётган бўлса, кимлардир кириш чизиғига бир неча балл етмай қолганини айтади, тўлов-контракт суммасининг оширилган тартиби бўйича қўшимча қабул қоидаларига қизиқади.
Имтиҳон натижаларини сабрсизлик билан кутган йигит-қизлар орасида бир неча йил синовлардан ўта олмаган, шундай бўлса-да, кўнглини чўктирмай қайта тайёргарлик кўриб, ўзига хос ғурур билан беллашув майдонига чиққан ёшларга дуч келдик. Ана шундай абитуриентлардан Юлдуз Матқурбонова бу йил талабалик шоҳсупасига чиқиш учун тўртинчи бор ўз кучини синаб кўрди. Натижада Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили йўналишига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди.
— Тест синовлари аввалида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни, жараён бу йил шаффоф ва холис, адолат ва ҳалоллик мезонларига риоя қилинган ҳолда ўтганини кўриб хурсанд бўлдим, — дейди Юлдуз Матқурбонова. — Омад кулиб боқади, деган қатъий ишонч билан топшириқларни бажаришга киришдим. Ва бугун 184 балл тўплаб, талабалик бахтига муяссар бўлдим. Ота-онам, ака-опаларим, жонкуяр устозларим ишончини кеч бўлса-да оқладим. Келажакда ўғил-қизларга инглиз тили фанидан чуқур билим беришни ният қиляпман.
— Кутиш оғир. Киши кўнглига турли хаёллар келади, балим юқори чиқармикан ёки бу йил ҳам киролмай қоламанми, деб ўйлайверади. Уч йиллик абитуриентлик “тажриба씬да бу ҳолатни кўп бошимдан ўтказдим, — дейди чинозлик Мирзааҳмад Алибоев. — Бу йил кутиш муддати ўтган йилгилардай чўзилмади, одатдагидан 4-5 кун олдин натижалар эълон қилинди. Билимлар сарҳисобига кўра, ЎзМУнинг гидрометереология факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим! Омадимни қарангки, бюджетга кирганларнинг энг охиргисиман. Бугун мендан, ота-онамдан бахтли инсон йўқ бўлса керак!
Ўқишга қабул қилинган талабалар ҳозирданоқ ўқиш тартиби билан қизиқяпти. Тошкент давлат техника университетининг механика факультетига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган Темур Тилабоев ҳам факультетдаги устозлари билан тезроқ танишиш ниятида.
— Тест топшириқларини ечиш жараёнида бутун куч-иқтидорим, зеҳним ва салоҳиятимни ишга солдим, — дейди у. — Буни қарангки, 122,4 балл тўплаб, ўқишга кирибман. Демак, интилганга толе ёр. Ҳаракат қилган инсон кутилган натижага албатта эришади. Шунчаки омад келиб қолар деб, тест жавобларини таваккал белгилаш орқали мақсад қилинган маррага эришиб бўлмайди. Айни дамда орзуларим янада қатъийлашиб, унга элтувчи йўллар аниқлашиб бораётгандай. Талабалик бахтини менга билдирилган ишонч деб қабул қиламан ва келгусида юртимиз автосаноати учун етук мутахассис бўлиб шаклланишга ҳаракат қиламан.
2017-2018 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 66316 нафар талаба қабули белгиланган бўлса, 18194 нафари давлат гранти, 48122 нафари тўлов-контракт асосида ўқийди. Қувонарлиси, юртимизда зиёли ёшлар, яъни талабалар сони яна минглаб нафарга кўпайди. Энди улар Билимлар куни олий таълим муассасалари остоналарига ўзгача қувонч билан қадам қўйишади. Қўяжак қадамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз ёшлар!
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири