Янги институтда янги марралар сари
Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳудуддаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллар бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлашни яхшилашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Куни кеча мазкур олий таълим муассасасида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тадбирда қатнашган олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, илк талабалари, ҳудуддаги таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари буни алоҳида эътироф этишди.
Бу йил институтга 21 таълим йўналиши бўйича 750 нафар абитуриент қабул қилинди. Уларнинг барчаси Тошкент давлат педагогика университети ҳамда қатор турдош олий таълим муассасаларига етарли кириш балини тўплай олмаган Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган ёшлардан иборат бўлиб, абитуриентларни саралашда улар яшаётган туманда педагогларга эҳтиёж мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.
— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили ва адабиёти йўналишига 152,2 балл билан киролмадим, — дейди Шаҳло Эргашбоева. — Бор-йўғи беш балл етмади. Учинчи йил ўқишга топшираётганим учун руҳим тушиб кетганди. Вилоятимизда шундай олий ўқув юрти ташкил этилганини ва унга қабул қилинганимни билганимдан сўнг келажакка ишончим янада ортди. Давлатимизнинг биз ёшларга катта умид билан қараётгани, бахтли келажагимиз учун барча шароитни яратаётгани қалбимизда бугунимиздан розилик ва шукроналик туйғусини мустаҳкамлайди.
Айни пайтда институтда 3 факультет ва 6 кафедра иш бошлади. Кейинги йиллардан яна 8 факультет очилиши кўзда тутилган. Олий таълим муассасаси педагоглар таркиби ҳам малакали профессор-ўқитувчилардан танлов асосида шакллантирилди.
— Институтимизда асосий эътибор педагогик таълимни ривожлантиришнинг методик вазифаларини ҳал этиш, илғор педагогик технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий тад¬қиқотларни олиб бориш ҳамда иқтидорли талабаларни илмий-педагогик фаолият билан шуғулланишга кенг жалб қилишга қаратилган, — дейди институтнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Баҳодир Ҳусанов. — Педагогика фани бўйича миллий ва хорижий таълим муассасалари тажрибаси, иш берувчилар талабларидан келиб чиққан ҳолда ўқув-услубий мажмуаларни яратиш, ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланиш жараёнига мутахассисларни жалб этиш мақсадида республикамиз ва хориждаги етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Юртимиздаги таълим муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш, педагогика соҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ўзлаштириш, самарали замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнига кенг жорий этиш орқали илмий салоҳиятни ошириш институтимизнинг мавқеини белгиловчи муҳим мезон ҳисобланади. Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика институтининг ўзига хос маърифий қиёфасини яратиш, уни республикамиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига айлантириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ва талабаларимизни билимли, ватанпарвар қилиб тарбиялаш институтимиз жамоасининг асосий мақсадидир.
Чирчиқ давлат педагогика институтида махсус сиртқи таълимни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорликда сиртқи таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг саволларига жавоб бериш, улар билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда маслаҳатлар бериш мақсадида институтда махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бу гуруҳга тажрибали педагоглар жалб қилинди.
Институтнинг махсус сиртқи бўлимида талабаларга дарс машғулотларини олиб боришда илғор хорижий тажриба, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг масофавий таълим шаклини жорий қилиш бўйича режа ишлаб чиқилмоқда.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири