Гуруҳ мураббийига муносабат ўзгардими?
Аксарият талабалар гуруҳ раҳбари деганда фақат давомату тартибни назорат қилувчи, ҳашар ва бошқа турли жамоат ишларига жалб этувчи кишини тушунади. Аслида ҳам шундайми? Бугунги кун гуруҳ мураббийи қандай бўлиши керак?
Рисоладаги гуруҳ мураббийи фақат маълумотлар банкини шакллантирувчи шахс эмас, балки талабанинг қизиқиши, орзу-интилишлари, оиласи, ўртоқлари доирасини яхши биладиган энг яқин кишиси бўлиши керак. У ҳар бир талабанинг дарсдан кейин нималар билан шуғулланиши, бўш вақтини қандай ўтказаётганини ҳам назорат қилади. Кези келса, талабаларнинг қувончига шерик бўлиш, ташвиш ва муаммоларига биргаликда ечим топиш ҳам мураббийнинг кундалик юмушлари сирасига киради. Токи талаба истаган пайти мураббий билан маслаҳатлашсин. Ҳатто олий таълим муассасалари устоз-мураббийлар кенгаши йўриқномасида ҳам мураббий талабаларнинг билим олиши, умуминсоний қадриятларни эъзозловчи инсон, етук мутахассис бўлиш йўлидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши кераклиги аниқ ва равшан кўрсатилган.
Мураббийлик фаолияти кенг қамровли бўлиб, у талабаларнинг дарсдаги иштироки ва давоматини назорат қилиш, ижарада яшовчи талабаларнинг турмуш шароитини ўрганиш, ота-оналар билан ишлаш, гуруҳда дўстона муҳитни шакллантиришни ҳам ўз ичига олади. Педагог талабалар руҳиятидаги оғишларни ўз вақтида аниқлаб унга кўмак бериш чорасини кўрса, ёшлар мустақил ҳаётда қоқилмайди. Бироқ олий таълим муассасасидаги барча профессор-ўқитувчилар ҳам гуруҳ мураббийи бўлишни истамайди. Чунки яқин-яқингача бу фаолият моддий рағбатлантирилмас, ҳар ҳафта ўтиладиган ахборот соати ўқув соати эмас, фақатгина маънавий-маърифий тадбирлар сирасига кирарди.
Президентимизнинг шу йил 27 июлдаги «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, олий таълим муассасалари гуруҳ мураббийларининг фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини янада ошириш, уларнинг доимий рағбатлантирилиб борилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир гуруҳ мураббийига (жумладан, мураббийлар кенгаши раҳбарларига) ойлик маошининг 25 фоизигача миқдорда устама ҳақ тўланиши белгиланди. Бу орқали мураббийлар фаолияти аҳамияти ва қиймати кўрсатиб берилди.
— Айни пайтда фақат энг фаол гуруҳ мураббийлари белгиланган миқдорда устама оляпти. Бу рағбат мураббийларнинг ўз ишига масъ¬улиятини янада оширди, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультети устоз-мураббийлар кенгаши раиси, педагогика фанлари номзоди Замира Ортиқбоева. — Янги ўқув йилидан мураббийлар маҳоратини ошириш, ахборот соатларини мазмунли ўтказиши учун услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида семинар-тренинг ташкил эта бошладик. Сентябрнинг биринчи ҳафтасида ҳар бир академик гуруҳ тўғрисида маълумотнома тайёрланиб, гуруҳ етакчилари тайинланди. Ҳафтанинг чоршанба кунлари «Ахборот ва мураббийлик соати» машғулотлари, бундан ташқари, ёшларнинг сиёсий саводхонлиги, ҳуқуқий маданияти, экологик билимини ошириш бўйича тизимли тадбирлар ўтказиш белгиланди.
Тўғри, муттасил тадбирбозлик билан иш битмайди. Аввало, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларнинг сифатига эътибор қаратиш лозим.
Баъзан бу саъй-ҳаракатлар кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бундай ҳолларда муаммоли талабалар билан индивидуал ишлаш талаб этилади. Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида ўқув йили якунида «Йилнинг энг яхши мураббийи», «Йилнинг энг яхши гуруҳи» танловини ташкил этишни режалаштиряпмиз. Унда гуруҳ раҳбарининг ёшларни турли тўгарак, клуб ва спорт мусобақаларига жалб қилгани, музей ҳамда тарихий қадамжоларга саёҳат ташкил этгани кабилар ҳам эътиборга олинади.
Ахборот соатини дарс жадвалига киритишдан кўзланган асосий мақсад гуруҳ мураббийи фаолияти учун иш майдони яратишдир. ТДПУнинг бошланғич таълим йўналиши 1-курсида ўтилган ахборот соатини кузатиб, унинг талабалар таълим-тарбиясидаги аҳамиятига ишонч ҳосил қилдик. Дарс аввалида юртимиз ва жаҳонда рўй берган сўнгги янгиликлар, олий таълим муассасасига доир эълон ва хабарлар эшиттирилди. Шундан сўнг талабалар тартиб-интизомида кузатилган муаммолар, ҳафталик давомат муҳокама этилди. Машғулот охирида «Гиёҳвандлик — аср вабоси» мавзусидаги тақдимот намойиш қилинди.
— Олдинги дарсда «Либос — инсон зийнати» мавзусида давра суҳбати ўтказиб, унда кийиниш одоби тўғрисида фикрлашгандик, — дейди талаба Маржона Оқмирзаева. — Аввалги машғулотларда гуруҳ мураббийимиз дарсда талабанинг ўзини тутиш одоби, уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш маданияти, соғлом ов¬қатланиш ва спорт билан шуғулланишнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берди. Умуман, мураббийимиз бизга эътибор қаратишга вақт топади. Бўш вақтимизда мутолаа қилишимиз зарур бўлган бадиий ва ўқув адабиётларини тавсия қилади. Ўқиётган китобларимиз мазмуни билан қизиқади. Ижтимоий тармоқ мобиль иловасида курсдошларимиз очган гуруҳни доим кузатиб боради. Келажагимиз учун қайғурадиган, ютуқларимиздан хурсанд бўладиган мураббийимиз борлигини ҳар қадамда сезиб турамиз.
Санобар ЖУМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири