Нострификациялаш учун ҳужжатлар энди онлайн тарзда қабул қилинади
Хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, эгаллаган билим ва кўникмаларини мамлакатимиз истиқболи учун сафарбар этишни мақсад қилган юртдошларимиз кўп. Хориж университетларини муваффақиятли тамомлаб қайтган ёш мутахассис учрайдиган энг катта муаммоларидан бири бу — дипломни нострификациялаш жараёни эди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси нострификациялаш билан боғлиқ ноқулайликлар, ортиқча оворагарчиликларни бартараф қилиш мақсадида янги интерфаол хизмат турини ишга туширди. Эндиликда нострификациялаш учун ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилинмоқда.
— Шу даврга қадар нострификациялаш жараёнининг югур-югурлари ишни жуда мураккаблаштирар эди, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг назорат материаллари банкини шакллантириш ва синовларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Аюбхон Раджиев. — Бунинг учун мурожаат этувчи шахс нострификациялаш жараёни тўғрисидаги маълумотни олиш учун ҳам мутасадди ташкилотга боришига тўғри келган. Турнақатор нав¬батда туриб, ўзини қизиқтирган саволларга “шахсан” жавоб олиб, манзилига қайтган. Шундан сўнг ҳужжат эгаси ёки унинг нотариал тасдиқланган ишончномага эга бўлган қонуний вакили ёки манфаатдор ташкилот ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни тегишли шаклда тайёрлаб, яна марказга бориб, навбат кутиб ҳужжатларини тақдим қилган. Ўз ўрнида, ҳужжатларни қабул қилувчи орган тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлаган ва ушбу материалларни тегишли эксперт комиссиясига йўналтирган. Назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, аризани кўриб чиқиш рад этилган ва ҳужжатлар ариза берувчига қайтарилган.
Тақдим этилган ҳужжатларда хатоликлар ёки камчиликлар мавжуд бўлмаса, мазкур ташриф ҳужжатлар натижасини билишга хизмат қилган. Бу даврда тақдим қилинган дипломнинг аслига тўғрилигини тасдиқлаш мақсадида хорижий олий таълим муассасасига сўров хати юборилади. Хорижий олий таълим муассасасидан жавоб хати келиши, одатда, бир ой вақтни олади.
Жараённинг кейинги босқичида тақдим қилинган ҳужжатлар аслига тўғри деб топилганда, талабгор имтиҳондан (бакалавр) ёки суҳбатдан (магистр) ўтиш учун келиши лозим. Комиссия хулосасига кўра, имтиҳон/суҳбатдан муваффақиятли ўтган фуқаро нострификация гувоҳномасини олиш учун яна келар эди. Кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг олис ҳудудида яшовчи фуқаро дипломини нострификациялаш мақсадида Тошкент шаҳрига камида беш марта келади. Бунда келди-кетди харажатларию жисмоний зўриқишларни кўз олдингизга келтиринг.
Ахборот технологиялари шиддат билан тараққий этаётган айни даврда ортиқча оворагарчиликларни қисқартириш имкони мавжуд. Шу боис нострификациялаш учун ҳужжатлар топшириш онлайн тартибга ўтказилди. Бунда талабгор фақат бир маротаба имтиҳон ёки суҳбатдан ўтиш мақсадида марказга келиши кифоя. Унгача бўлган жараёнларнинг барчаси онлайн тартибда interactive.tdi.uz электрон манзилида амалга оширилади.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси икки ой мобайнида 104 та дипломни нострификация қилганининг ўзиёқ талабгорлар сони кўплигидан далолат беради. 29 январь куни юриспруденция йўналиши бўйича 8 нафар фуқаро мутахассислик ва Ўзбекистон тарихи фанидан онлайн тест топширди. Тест натижалари имтиҳон топшириб бўлган заҳоти эълон қилинмоқда.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири