Тожик филологияси йўналиши
Бир-бири билан азалдан қондош бўлган ўзбек ва тожик халқлари жонажон диёримизда аҳил-иноқ умр кечирмоқда. Фарғона вилоятида ҳам тожик миллатига мансуб аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Шу маънода, 2017-2018 ўқув йилида Фарғона давлат университетининг филология факультетида тожик филологияси йўналиши фаолият бошлаши ҳудудда истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб ёшлар камолоти йўлида олиб борилаётган эзгу амаллардан бири бўлди.
— Тожик филологияси йўналишида 21 нафар талаба таҳсил оляпти, — дейди филология факультети декани ўринбосари Ҳикматулло Дўсматов. — Янги ташкил этилган бу йўналишда ўқиш истагини билдириб, 150 нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Қабул режаси 15 нафар этиб белгиланган эди. Ўқиш истагида бўлганлар кўплиги боис, қўшимча контракт асосида яна олти нафар талаба ўқишга қабул қилинди.
“Ўзбек тилшунослиги” кафедраси мудири Эҳтиётхон Иброҳимова, ўқитувчи Муҳаммад Мамажонов масъуллигида Самарқанд давлат университети мутахассислари билан ҳамкорликда янги йўналишнинг ўқув режа ва дастурлари тайёрланди. Факультетга тожик тили мутахассислари ишга қабул қилинди.
— Мутахассислик фанлари — ҳозирги замон тожик тили, мумтоз адабиёт ва адабиётшуносликка кириш фанлари 1-семестрда ўтилмоқда, — дейди Эҳтиётхон Иброҳимова. — Ҳозирги замон тожик тили фанига 56 соат ажратилган бўлиб, иккинчи семестрда бу муддат 70 соат этиб кўпайтирилди. Бундан таш¬қари, иккинчи семестрда фольклор фани ҳам ўқитилади.
Вилоятнинг Сўх туманидаги 80 минг аҳоли тожик миллатига мансуб. Тумандаги 28 мактабда таълим тожик тилида олиб бориляпти. Бундан ташқари, мазкур ҳудудда учта касб-ҳунар коллежи, битта академик лицей фаолият кўрсатади. Бу таълим даргоҳларига, албатта, тожик тилида дарс берувчи мутахассислар керак. Сўх туманидаги мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг кўпчилиги Самарқанд давлат университети, қўшни Тожикистон Республикасидаги олий таълим муассасаларини тамомлаган. Уларнинг асосий қисми нафақа ёшига яқинлашган.
— Ҳар куни соат 15:00 да тожик тилида 30 дақиқалик “Армуғон” эшиттириши радиотингловчилар эътиборига ҳавола этилади, — дейди Фарғона вилоят телерадио¬компаниясининг радио гуруҳи раҳбари Шаҳноза Саиджонова. — Эшиттиришни Мақсуд Мирзоев ва Олимжон Ҳусаинов тайёрлайди. Миллатлар ўртасидаги тотувлик, бағрикенг¬лик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда бу эшиттириш ўзига хос ўрин тутади. Фар¬ғона давлат университетида тожик филологияси йўналишининг очилиши бизни ҳам хурсанд қилди. Сабаби, тожик тилида эшиттириш ва кўрсатув олиб борадиган, билимли ва зукко мутахассислар телерадиокомпания учун жуда зарур.
— Энг катта муаммолардан бири тожик тилида таълим берувчи бошланғич синф ўқитувчиларининг етишмаслигидир, — дейди Сўх тумани халқ таълими бўлими мудири Амиржон Темиров. — Бу йил 25 нафар тожик тили ва адабиёти ўқитувчисига эҳтиёжимиз бор. Бу эҳтиёж кейинги йилларда нафақага чиқадиган ўқитувчилар ҳисобига янада кўпайиши мумкин. Ўқитувчи бўлишни орзу қилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари асосан Самарқанд давлат университетига ҳужжат топшириб, тестдан ўтганлари ўша ерда олий маълумот олиб келаётган эди. Битирувчи ўқувчиларимиз ФарДУда ҳам тожик филологияси йўналиши ташкил этилганидан жуда хурсанд бўлди. Олий таълим муассасасида тожик тилида таълим берувчи бошланғич синф ўқитувчилари тайёрланадиган йўналиш ҳам очилса, туманда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж қопланарди.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ma’rifat” мухбири