Давлат хизматлари: тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли
“Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”. Давлат хизматлари агентлигининг фаолият мезонига айланаётган ушбу ибора моҳиятини бундан бир неча йил олдин ҳеч ким тасаввурига сиғдиролмасди. Бир эслаб кўрайлик, биргина уй-жой олди-сотдиси учун ўндан ортиқ ҳужжат талаб этилар, уларнинг ҳар бири учун уззукун вақт кетарди. Шунга ўхшаш фуқароларнинг кундалик иши тушадиган идоралар олдида узундан-узун навбатлар, сансалорлик ва оворагарчиликлар, бир масалада бир неча идораларга мурожаат қилиш зарурияти каби ортиқча югур-югурлар ҳар қандай киши асабини, умрини эговлаб, қалбида норозилик ҳиссини уйғотарди.
Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқ оғирини енгил қилиш, “давлат — фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими одамлар ҳаётига нур олиб киргандек бўлди. Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.
— Республикамиз ҳудудидаги Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тарзда 50 турдаги хизматлар кўрсатиб келинмоқда, — дейди Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби Севара Зокирова. — Шу йилнинг 1 апрелидан юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Фуқаролар эндиликда электр энергияси, газ, сув, канализация ва иссиқлик таъминоти ҳамда бош¬қа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун рухсатнома, тураржой бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, ФҲДЁ ва нотариал идоралар архив маълумотномалари, патент¬лар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш кабилар учун жойлардаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши етарли.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 1 июндан бошлаб 14 туманда тажриба тариқасида яна 31 турдаги давлат хизматлари кўрсатиладиган бўлди.
31 ТУРДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ РЎЙХАТИ
1. Туғилганликни қайд этиш
2. Ўлимни қайд этиш
3. ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш
4. Такрорий гувоҳномалар бериш
5. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини тиклаш
6. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш
7. Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжатларни топшириш
8. Нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш
9. Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш
10. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш
11. Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш
12. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома
13. Меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш
14. Ишсизлик нафақасини тайинлаш
15. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш учун ариза бериш
16. Телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш
ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш
17. Ветеринария фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш
18. Туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш
19. Жисмоний шахс — солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақида маълумотнома бериш
20. Жисмоний шахсларга СТИР бериш
21. Нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш
22. Турар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш
23. Фуқароларнинг номида шахсий турар жойи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш
24. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)
25. Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатишга ариза бериш
26. Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни ечишга ариза бериш
27. Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни қиёслашга ариза бериш
28. Фуқароларга фарзанд туғилганда тўланадиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун мурожаат қилиш
29. Дафн маросимларини ўтказиш учун тўланадиган бир маротабалик нафақа пулини олиш учун мурожаат қилиш
30. Пенсия ва нафақа олувчилари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш
31. Пенсия ва нафақалар миқдори тўғрисида маълумотнома бериш.
Ушбу қарорга мувофиқ, эндиликда Тошкент давлат юридик университетига абитуриентлар ўз ҳужжатларини ўзлари яшаётган ҳудудидаги давлат хизмати марказлари орқали топшириш имконига эга бўлди.
— Бу турдаги хизматнинг кўрсатилиши ёшларимиз учун бемисл қулайлик яратади, — дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Отабек Бобожонов. — Абитуриент ортиқча маблағ сарфлаб, Тошкентга келиб юрмайди. Аксинча, ўзи яшаётган ёки иш билан келиб вақтинча турган туман ва шаҳридаги давлат хизматлари марказлари орқали ўқишга ҳужжат топшира олади. Бу жараёнда олдинги ўқув йилларидаги қабул чоғидаги каби талаб этилган 086 шаклдаги тиббий маълумотнома, ҳужжат жилдлари, ариза кабилардан воз кечилди. Шунингдек, ўқишга киролмаган йигит-қизларнинг ҳужжатларини қайтариб олишдаги оворагарчиликларга барҳам берилди. Эндиликда абитуриентлар давлат хизматлари марказига ўзи билан фақат паспорти, шаҳодатнома ёки касб-ҳунар коллежи дипломи ва унинг иловасини олиб борса етарли.
Ота-оналарнинг фарзандларини боғчага жойлаштириш билан боғлиқ муаммолари, ҳужжатларни расмийлаштириш каби юмушлари ҳам ўз вақтида, самарали ҳал этиляпти. Яқин-яқингача ота-оналар боласини боғчага жойлаштириш учун қанча оворагарчиликларга учрар, мурожаатлар, асосан, ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари қабул қилингани боис турнақатор навбатлар вужудга келарди. Навбат етганда эса баъзан мутасаддилар сўралган ҳужжатлардан «униси йўқ, буниси кам», дея фуқарони ортга қайтарарди. Давлат хизматлари агентлигида мактабгача таълим муассасаларига болаларни жойлаштириш бўйича жорий этилган янги тартиб ота-оналар учун, шубҳасиз, қувончли воқеа бўлди. Олдин 5 турдаги ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, эндиликда фақат анкета тўлдиришнинг ўзи кифоя. Ота-оналар агентликка келиб, бир кун ичида боласини боғчага жойлаштириш имконига эга бўлди.
Янги тартибга кўра, боланинг ҳужжатини расмийлаштириш учун унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ота-онасидан бирининг паспорти, СТИР, электрон рақамли имзо калити керак.
Шу ўринда савол туғилади: электрон рақамли имзо калити қандай олинади? Бунинг учун фуқаро агентликка келиб, 17 минг сўм тўлайди ва шахсий электрон рақамли имзога эга бўлади. Аҳамиятлиси, фуқаро кейинчалик ҳам ушбу электрон имзодан ҳаёти давомида барча соҳада фойдаланиши мумкин.
— Боламни ярим соат ичида боғчага жойлаштирдим, десам кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Лекин бу ҳақиқат, — дейди Мафтуна Исмоилова. — Миробод туманидаги Сарикўл кўчасида яшаймиз. Мактабгача таълим муассасасига фарзандимни жойлаштириш учун тумандаги давлат хизматлари марказига бордим. Марказ ходими Гулмира Юсупова ярим соатда ишимизни ҳал қилиб берди. Қизим Нафисанинг эртаси куни маҳалламиздаги 164-МТМга чиқиши мумкинлигини эшитиб, тўғриси, ҳайрон қолдик.
Ҳудудлардаги давлат хизматлари марказларининг аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳаёти, ишчанлик муҳити кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Миробод тумани давлат хизматлари маркази шу йилнинг ўтган даври мобайнида 4600 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга 49 турда хизмат кўрсатиб, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилди.
— Марказимизда 13 нафар ходим фаолият юритади. Шу пайтгача аҳолига 49 турдаги хизмат кўрсатиб келаётган эдик. 1 июндан бошлаб яна қўшимча 31 турдаги хизмат синов тариқасида жорий этилди, — дейди Миробод тумани давлат хизматлари маркази директори Диёр Обидов. — Йил бошидан буён марказимизда 844 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 19 таси хорижий корхоналардир. Марказимизда юртимизда илк бор амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириш хизмати ҳам жорий этилди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тадбиркор, аввало, давлат рўйхатидан ўтиши керак.
Агентлик фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида сайёр учрашувлар ҳам ўтказмоқда. Ана шундай йиғилишларда кўплаб муаммо ва камчиликлар бартараф этиляпти.
— Юртимизда тадбиркорлик учун катта имконият ва имтиёзлар яратиляпти. Ана шундай шароитлардан унумли фойдаланиш мақсадида ширинлик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бизнес лойиҳалар тузиб, ишга киришдим, — дейди тадбиркор Ҳафиза Абдураҳимова. — Мени энг ўйлантирган нарса, тадбиркорлик фаолиятини юритиш бўйича ҳужжатларимни расмийлаштириш эди. Бу муаммо туманимиздаги давлат хизматлари маркази томонидан ташкил этилган учрашувда ярим соат ичида ҳал этилди ва якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтдим.
Давлат хизматлари марказлари том маънода фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланишига замин яратяпти. АКТ ускуналари ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкони бўлмаган фуқаролар учун барча давлат хизматлари марказлари махсус инфокиосклар билан таъминланади.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари