«Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт — 2016»
Педагогларни янгича ишлашга ундаётган кўрик-танлов бошланди
Юртимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча таълим муассасалари замонавий компьютер технологиялари билан таъминланди. Бу педагог ва ўқувчиларни АКТга оид билимларни чуқур эгаллашга ундаш билан бирга ўқитиш сифатини оширишга таъсир кўрсатмоқда. Бугун халқ таълими тизимидаги кўпгина муассасалар интернет тармоғида ўз веб-сайти ва электрон почта манзилига эга бўлиб, глобал тармоқ орқали бевосита ахборот алмашиш, таълим-тарбия борасида ҳамкорлик ўрнатиш имконияти мавжуд.
Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги бошқарув органлари, таълим муассасалари ва ўқитувчиларнинг интернет тармоғида ўз сайтларини яратиш ва тарғиб қилиш орқали уларнинг ижодий фаоллигини, АКТдан фойдаланишга қизиқишини ошириш, илғор тажрибаларни жамоатчиликка етказиш каби мақсадларда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт” кўрик-танлови компьютер воситалари ва интернетдан самарали фойдаланиш, ўқитиш жараёнини замонавийлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 23 мартдаги “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт–2016” кўрик-танловини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан мазкур танлов бу йил ҳам ўтказилмоқда. Кўрик-танловнинг асосий вазифалари таълим-тарбия жараёнига АКТни кенг жорий этиш, ўқитувчиларнинг АКТдан кенг фойдаланишига эришиш, таълим муассасаларининг сайтлари орқали интерактив давлат хизматларини янада ривожлантириш, веб-сайтларни мактаб, ота-она ва болалар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқот воситаси сифатида шакллантириш, таълим муассасаларининг интернет тармоғидаги фаолиятига жамоатчилик эътиборини қаратиш кабилардан иборат.
Низомга кўра, танловда “.UZ” домен зонасида рўйхатдан ўтган, веб-сайт хостинги Ўзбекистонда бўлган сайтлар иштирок этиши мумкин. Танловда қатнашиш учун талабномалар шу йилнинг 23 мартидан 12 апрелига қадар Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган Халқ таълими тизимидаги кўрик-танловларни ўтказиш дастури — tanlov.uzedu.uz орқали онлайн шаклда қабул қилинади ва рўйхатга олинади. Талабномани сайтга киритиш учун иштирокчи http//xt.uzedu.uz тизимидан рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
Бу йилги кўрик-танлов қуйидаги 3 та номинация бўйича ўтказилади:
1-номинация – энг яхши таълим муассасаси веб-сайти: умумий ўрта таълим, болалар мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг веб-сайтлари ўртасида;
2-номинация — энг яхши ўқитувчи веб-сайти: умумий ўрта таълим, болалар мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқитувчиларининг веб-сайтлари ўртасида;
3-номинация — халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти: халқ таълими тизимидаги бошқарув органлари (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари) ва улар тасарруфидаги ташкилотлар (“Баркамол авлод” болалар марказлари, ахборот-ресурс марказлари), халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари, давлат педагогика институтлари ва республика ташкилотларининг веб-сайтлари ўртасида ўтказилади.
— 1- ва 2- номинациялар бўйича келиб тушган талабномалардаги веб-сайтлар дастлаб ҳудудий халқ таълими бошқаруви органларида тузилган ҳакамлар гуруҳи томонидан 2016 йилнинг 13 апрелидан 23 апрелига қадар кўрик-танлов сайти орқали онлайн тарзда баҳоланади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг бўлим бошлиғи Абдурашид Хундибоев. — Номинациялар бўйича энг юқори баҳоланган 10тадан веб-сайт иккинчи босқичга тавсия этилади. 25 апрелдан 7 майгача давом этадиган кейинги босқичда экспертлар гуруҳи дастлабки икки номинация бўйича ҳудудларда юқори кўрсаткичга эришган сайтлар ҳамда тўғридан-тўғри “Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти” номинациясига келиб тушган веб-сайтларни баҳолаб, ҳар бир номинация бўйича 10тадан номзодни саралайди. Якуний — учинчи босқичда республика ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқланади. Айтиш жоизки, танловга тақдим этилган веб-сайтларни баҳолашда уларнинг дизайни, мазмунан бойлиги, долзарблиги, функционаллиги ва фойдаланиш учун қулайлиги, педагогик аҳамияти, интерактивлик ва қайта алоқанинг борлиги, сифати каби бир нечта мезонлар ҳисобга олинади. “Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти” номинацияси бўйича иштирок этаётган сайтлар Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар”га мувофиқлиги ҳам ўрганилади.
Кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорлари ҳар бир номинация бўйича дипломлар, совғалар билан тақдирланади.
Хоҳиш билдирган муассаса ва ташкилотлар кўрик-танловнинг ҳамкорлари бўлиши ва қўшимча номинациялар таъсис этиши мумкин. Таклифлар учун электрон почта манзили: tanlov@xtv.uz.
Танловни ташкил этиш ва унда иштирок этишга доир қўшимча маълумотларни олиш учун Ташкилий қўмитага (0-371-239-88-52) ва Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказига (0-371-202-13-93 ички рақамлар: 500, 101) мурожаат этиш мумкин.
Ҳамза АБДУЛЛАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири