Бошланғич синфларда таълим-тарбия масалалари
Пойтахтимиздаги 90-мактабда Республика таълим маркази томонидан “Бошланғич таълимда таълим-тарбия сифатини оширишнинг долзарб вазифалари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан бошланғич синф ўқитувчилари, методистлар, олий таълим тизими илмий-педагог ходимлари, профессор-ўқитувчилари, шунингдек, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари қатнашдилар.
Конференция юқори савия ва тайёргарлик билан ташкил қилинган дарсларни кузатиш ва таҳлил қилишдан бошланди. Бошланғич таълим сифат-самарадорлигини таъминлаш, мазмунини бойитишда илғор педагогик технологиялар ва медиаресурсларни қўллашнинг афзалликлари каби мавзуларда ташкил этилган шўъбаларда давом этган анжуманда бошланғич синф ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириш, чет тилини ўқитиш тизимини такомиллаштиришнинг оптимал йўлларини аниқлаш, таълимнинг ушбу босқичида мультимедиа воситаларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бугун республикамиздаги мактабларда 1—4-синфлар сони 83181 тани, бошланғич синф ўқувчилари сони эса 2 млн. 129 минг 389 нафарни ташкил этмоқда. Уларга 111866 нафар(жами ўқитувчиларнинг 29,1 фоизи) бошланғич синф ўқитувчилари таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларнинг дарсларга ижодкорлик билан ёндашишларини таъминлаш, бошланғич таълим тизимига илғор педагогик ва коммуникация технологияларини кенг олиб кириш мақсадида 2014—2017 йилларга мўлжалланган режа асосида бошланғич синф ўқитувчилари учун синфлар ва фанлар кесимида 14 номдаги методик қўлланмалар ва дарсликларнинг мультимедиа иловалари нашр этилиб, умумтаълим мактабларига босқичма-босқич етказиб берилмоқда. Анжуманда сўзга чиққанлар шу имкониятлардан унумли фойдаланишда, аввало, ўқитувчининг ўзи компьютер технологияларини пухта билиши, ўқувчини зериктириб қўймайдиган методикаларни қўллаши лозимлигини алоҳида таъкидлашди.
— Ўқитувчи, аввало, методикани тўғри танлаши керак, — деди Тошкент шаҳридаги 96-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Гулсара Сайдалиева. — Бошланғич таълимнинг самаралилиги ўқитувчининг материални кўргазмали баён этишига, ўқитишнинг тасвирий ва овозли техникавий воситаларидан фойдаланиб, жонли образлар ярата олишига боғлиқ. Масалан, ўқиш, она тили, табиат ва математика фанларида мультимедиа воситалари асосида ўқитишда материалларни образлар кўринишида ифодалашдек имконият мавжуд. Бунда ўқитувчидан ўз устида ишлаш ва ижодкорлик талаб этилади.
Дарҳақиқат, образлар мавзуни тез ва осон тушунишга ёрдам беради. Мавзуга оид видероликлар, тасвирлар, слайдлар эса дарсларнинг янада самарали ва қизиқарли бўлишини таъминлайди.
— Бугун дарсларда асосий объект ўқувчидир. Ўқитувчи энди маърузачи эмас, балки ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлайдиган ижодкорга айланди, — деди Қўштепа тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими методисти Иқболхон Маҳмудова. — Конференцияда намуна сифатида ташкил қилинган дарсларни кузатиб, шу хулосамиз яна бир бор ўз тасдиғини топди. Ўқитувчи мультимедиа воситаларини ўринли қўлласа, оддий, осон ва кам вақт сарфланадиган ўйин машқларидан фойдаланиб, дарсларни қизиқарли методлар асосида ташкил қилса, боланинг фанни ўзлаштиришида муаммолар бўлмайди, деб ўйлайман.
Конференция давомида иштирокчилар тизимда ечимини кутаётган муаммолар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.
Соҳиба МУЛЛАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири