Кўрик-танлов шартларидаги янгиликлар
Аввал хабар қилинганидек, шу йил 1—3 май кунлари энг ташаббускор, маҳоратли, фидойи педагогларни аниқлаш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2017” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Бу йил кўрик-танловни ўтказиш тартибига айрим ўзгаришлар киритилган эди. Жумладан, танловнинг туман¬(шаҳар) босқичида 11 та фан бўйича республикамиздаги барча олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этди. Яна бир муҳим жиҳати иштирокчилар билими онлайн-тест усулида синалди. Бу танловга барча ўқитувчиларни қамраб олиш билан бирга, уларнинг билим салоҳиятини аниқлаш имконини ҳам берди.
Афсуски, мониторинг натижаларига кўра, биринчи ва иккинчи босқичларда 11 та (қорақалпоқ тили ва адабиёти фани бўйича ғолиб ҳудудда аниқланган) фан бўйича қатнашган 105 мингдан ортиқ ўқитувчининг аксарияти паст натижа қайд этган. Натижада республика босқичига белгиланган 140 нафар педагог ўрнига 92 нафар ўқитувчи етиб келди, холос. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилсак, Сурхондарё вилоятидан атиги 3 нафар, Қорақалпоғистондан 4 нафар, Навоий, Хоразм вилоятларидан 5 нафардан, Самарқанд, Сирдарё, Жиззахдан 6 нафар, Андижон ва Намангандан 7 нафардан, Бухоро, Фарғона ва Қашқадарёдан 8 нафардан, Тошкент шаҳридан 9 нафар ўқитувчи сўнгги босқичга ўтиш учун кифоя қиладиган балларни жамғара олган, холос. Фақатгина Тошкент вилояти вакиллари тўлиқ таркиб билан иштирок этди.
Иштирокчилар сонини фанлар бўйича таҳлил этганда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди: кимё ва миллий истиқлол ғояси фанларидан 6 нафардан, француз тилидан 3, немис тилидан 4, информатика, тарих фанларидан 12 нафардан, физикадан 13, рус тили(таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун)дан 9, рус тили ва адабиётидан 13 нафар талабгор қатнашган. Фақатгина математика фанидан тўлиқ жамоа — 14 нафар ўқитувчи баҳслашди.
Бундай ҳолат танловнинг қуйи бос¬қичларида энг муносиб номзодлар саралаб олинмагани ёки фан ўқитувчиларининг билим даражаси пастлигидан далолат беради.
Кўрик-танловнинг Абдулла Авлоний номидаги ¬ХТХҚТМОМИ ҳамда пойтахтимиздаги қатор мактабларда ўтказилган республика босқичи ҳам кутилмаган натижаларга бой бўлди. Ҳакамлар ҳайъати номзодларни саралашга, уларнинг иштирокини баҳолашга ўта жиддий ва холисона ёндашгани сезилиб турди. Бош¬қача қилиб айтганда, энг моҳир, энг салоҳиятли педагогларгина мазкур нуфузли танловнинг сўнгги шарт¬ларига қадар етиб бора олди. Хусусан, дастлабки — тест топшириқларини бажариш шартидан сўнг етарлича балл тўплаган 42 нафар иштирокчига баҳсларни давом эттириш учун рухсат берилди. 20 балдан паст натижа кўрсатган қолган педагоглар тадбирдаги иштирокини шу ерда тўхтатишга мажбур бўлди.
— Кўрик-танловни ўтказиш тартибига киритилган янгиликлар мен каби ёш, замонавий ахборот ва педагогик технологияларни пухта ўзлаштирган ўқитувчиларга кенг йўл очиб берди, десам адашмайман, — дейди Ромитан туманидаги 41-ИДУМнинг тарих фани ўқитувчиси Феруз Деҳқонов. — Танловдаги иштироким ўзимга, билимимга ишончимни оширди. Айниқса, охирги шартда нотаниш синфда дарс ўтиб, педагог ҳар қандай вазиятда ҳам машғулотда барча имкониятларни ишга солиши кераклигини англадим.
Рус тили ва адабиёти (таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар учун), рус, немис, француз тили ўқитувчилари ўртасида баҳслар ҳам қизғин бўлди.
— Ўтган йиллардагидан фарқли равишда бу йил ҳакамлар ҳайъати таркибига фақат олий таълим муассасалари ва малака ошириш институтлари профессор-ўқитувчилари жалб этилди, — дейди Республика таълим маркази мутахассиси Сулаймон Назаров. — Бу энг маҳоратли, иқтидорли, билимли ўқитувчиларни аниқлаш, меҳнатини эътироф этишга хизмат қилди. Назарий ва амалий билимлари юқори бўлган, ўқувчи билан тез тил топиша оладиган, уларни фаолликка ундайдиган, дарсда АКТ ва янги таълимий методларни усталик билан қўллай оладиган иштирокчиларгина ғолиб деган номга сазовор бўлди.
Ҳакамлар барча шартлар бўйича чиқишларни диққат билан кузатиб борди. Айниқса, очиқ дарсларни синчковлик билан таҳлил этиб, ўқитувчининг дарсда барча ўқувчиларни қамраб олиши, гуруҳлар билан ишлаши, энг мақбул педагогик усулларни танлашини эътибордан қочирмади. Масалан, доскага сана ёзилмагани, хавфсизлик қоидаларига риоя этилмагани, орқа парталарда ўтирган ўқувчилар билан ишланмагани, ўқувчилар дарслик билан ишламагани ҳам педагогни баҳолашда инобатга олинди.
Натижада рус тили ва адабиёти фанидан республика босқичида қатнашган 13 ўқитувчидан атиги 2 нафари, рус тили (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун) фанидан қатнашган 9 ўқитувчидан ҳам икки нафари сўнгги турга етиб келди.
Математика, физика, информатика ҳамда кимё фанлари бўйича очиқ дарслар Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Математика, кимё фанлари бўйича икки, физика фанидан тўрт ҳамда информатика фанидан олти нафар ўқитувчи очиқ дарслар ўтишди.
— “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида иккинчи марта иштирок этишим, — дейди Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 17-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Ҳилола Исроилова. — 8-синфларга “Ион алмашиш реакциялари” мавзусида очиқ дарс ўтдим. Кутилмаган педагогик вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўрганим, ўз устимда ишлаганим шартни бажаришда енгиллик туғдирди.
Ўзига хос тарзда муросасиз ва кескин ўтган танлов ғолибларга қувонч бағишлаш билан биргаликда, педагогларни “энг яхши ўқитувчи” деган шарафли номга эга бўлиш учун ўз устида янада жиддий ишлашга, маҳоратини оширишга, ўқувчилар билан самарали ишлашга ундаган бўлса, ажаб эмас.
Насиба ЭРХОНОВА,
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари