10 синфга кимлар дарс беради?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2 август куни ўтказилган умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик мажбурий ўрта таълимни жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган мажлисда умумтаълим мактабларида 10–11-синфларни ташкил этиш масаласи муҳокама этилган эди.
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институтида мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида очиладиган 10-синфларга дарс берувчи ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва билимларини янгилаш мақсадида икки кунлик қисқа муддатли малака ошириш курси ўтказилди. Ўқувда ҳудудий ХТХҚТМОИ ректор ва кафедра мудирлари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари методика маркази раҳбарлари, 380 дан зиёд илғор педагогик тажрибага эга ўқитувчилар иштирок этди.
Тадбирда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов сўзга чиқиб, 11 йиллик умумий таълимга ўтишда илгари тўпланган тажрибалар, Буюк Британия, Қозоғистон, Россия ва Болтиқбўйи мамлакатлари тажрибалари ўрганилиб чиқилганини, улар асосида 10-синфларда ўқув режага 12 та фан киритилганини дарс¬ларда ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва маънавий-психологик жиҳатларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
Шўъба йиғилишларида ҳар бир фан (12 та фан) ва компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари мақсади, вазифалари, таркибий қисмлари, жорий этиш ва назорат қилиш тартиби, 10-синфларда дарс ўтишнинг психологик масалалари ва замонавий усуллари бўйича маърузалар тингланди.
— Биз тренерлар ушбу ўқувлардан олган билим, кўникма ва малакамизни ҳудудимиздаги 543 та мактабнинг барчасида очилаётган 10-синфларга дарс берувчи ўқитувчиларга етказишимиз керак, — деди Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасининг методика маркази раҳбари Гулчеҳра Абдуллаева. — Машғулотлар интерфаол, амалий, тренинг каби усулларда ўтказилди. Жойлардаги ўқувларни ҳам шу тарзда ташкил этмоқчимиз. Мазкур ўқувлар анъанавий август кенгашларига қадар ўтказиб бўлиниши лозим.
Икки кун давомида шўъба йиғилишларида барча фанлар кесимида, давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари, дарсликларининг мазмун-моҳияти юзасидан материаллар таҳлил этилди, таклифлар ўрганилди.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири