Танлов адолатли ўтса билимдон ўқувчилар ғолиб бўлади
Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг иқтидорли ўқувчилари инновацион олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги низомига асосан, республикамизда илк маротаба инновацион олимпиада ўтказилмоқда.
— Инновацион олимпиада 2018 йил — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»га ҳамоҳанг тарзда ташкил этилди, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Саидаҳрор Сейткамолов. — Асосий мақсад, иқтидорли ўғил-қизларни аниқлаш ва уларнинг ижодий қобилиятини рўёбга чиқаришдан иборат. Қолаверса, бу танлов орқали ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, уларнинг халқаро олимпиадаларда муносиб иштирокини таъминлашни ният қилганмиз. Олимпиаданинг холис ва адолатли ўтишига жиддий эътибор қаратилган. Жумладан, ҳар бир босқичга ҳудудий раҳбарлар шахсан масъул этиб белгиланди. Эътиборлиси, агар ҳайъат аъзоларидан кимнингдир ўқувчиси олимпиадада иштирок этаётган бўлса, қўмита қарори билан улар ҳакамлар ҳайъати аъзолигидан чиқарилади.
Низомга асосан уч бос¬қичда олиб бориладиган инновацион олимпиаданинг 1-босқичи туманларда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилди. Улар энди вилоят босқичида билимларини синашади. Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида ўтган 1-босқич ғолиблари тўғридан-тўғри Тошкент шаҳар босқичида иштирок этади.
Пойтахтимиздаги 232-, 265- ҳамда 115-мактабда бўлиб ўтган беллашувнинг 1-босқичида иштирокчилар физика, кимё, биология ҳамда тасвирий санъат, математика, информатика ва ахборот технологиялари, тарих фанлари бўйича билимини синаб кўрди.
— Инновацион олимпиада тумандаги 265-мактабда ўтказилди, — дейди Юнус¬обод туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Гулчеҳра Ёқубова. — 1-босқич 2 турда ўтказилди. Фан йўналишлари бўйича синфлар кесимида 12 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди. Улар шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Олимпиаданинг 1-босқичи якунлари асосида фанлар кесимида ўқувчиларнинг рейтинги аниқланиб, уларнинг билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича тегишли чоралар белгиланди.
Танлов жараёни адолатли бўлиши қатъий назоратга олинди. Иштирокчиларнинг билими ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борилди. Эътиборлиси, барча қатнашчиларнинг иши иштирокчиларга ва ота-оналарга солиштириш учун очиқ ва ошкора ҳавола этилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА