“Дублёр” директорлар сараланмоқда
Таълим муассасаси бошқарувини замонавий усулларда ташкил этиш мактаб директоридан илғор тажрибалар ва илм-фан ютуқларини мунтазам ўрганиб, ўз фаолиятига татбиқ этиб боришни, касбий фаолиятига ижодий ёндашувни талаб қилади. У бошқарув йўналишлари бўйича зарур билим, тажриба, педагогик маҳорат, кўникма ва малакага эга бўлмоғи лозим. Ҳудудий халқ таълими бошқармалари мактаб директорлари лавозимига захира кадрларни саралашда айни шу талабларга эътибор қаратмоқда.
Бугунги кунга қадар Самарқанд вилоятидаги 1200 дан ортиқ мактаб директорлари учун ўқитувчи ва директор ўринбосарларидан 1962 нафар «дублёр» директорлар таркиби шакллантирилиб, билим ва салоҳияти синовдан ўтказилмоқда.
— Айни кунда туманлар кесимида бўлғуси директорлар ахборот-коммуникация технологиялари, маънавият, менежмент, педагогика ва психология бўйича ўз билимларини намоён этмоқда, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг кадрлар бўлими инспектори Насиба Шарипова. — Юқори салоҳиятга эга, ташаббускор раҳбар-кадрлар сараланмоқда.
Бу ишлар Жиззах вилоятида ҳам алоҳида эътиборга олинган. Бу саъй-ҳаракатлар ижобий самара бермоқда. Яқинда Мирзачўл туманидаги 4-мактабга янги раҳбар тайинлаш зарурати туғилганда номзод топиш қийин бўлмади. Раҳбар кадрлар захирасида турган Илҳом Ўроловнинг директор этиб тайинланиши жамоага ҳам маъ¬қул бўлди. Чунки ёш мутахассис мактабга бегона эмас. Шу кунгача у таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган. Илҳом Ўролов ўтган йилнинг август ойидан янги лавозимда иш бошлади. Қисқа вақт ичида ўзининг раҳбарлик салоҳиятини кўрсатди. Мактабнинг шароити талабга жавоб бермас, таъмирталаб, моддий-техник аҳволи ҳам ночор эди. Компьютер синфхонаси мавжуд бўлса-да, бирорта компьютер ажратилмаган эди. Ёш раҳбар биринчи галда шу каби камчиликларни бартараф этишга киришди. Дастлаб мутасадди ташкилотларга қонун доирасида мурожаат қилди. Бинонинг иситиш тизимини таъмирлаш чораларини кўрди. Имтиёзли кредит ҳисобига мактаб ҳовлисида иссиқхона ташкил қилинди. Бюджетдан ташқари маблағ топиш йўлга қўйилиб, даромаддан зарур жиҳозлар ва ўқув қуроллари сотиб олинмоқда.
— Янги раҳбар олиб бораётган ишлар бизни қувонтирмоқда, — дейди 1-синф ота-оналар қўмитаси раиси Холида Мингбўсаева. — Дарс ва машғулотларда фарзандларимиз фаол иштирок этиб, фанларни яхши ўзлаштиряпти. Очиқ дарсларда фарзандларимиз эгаллаётган билимлардан хабардор бўляпмиз.
Афсуски, тумандаги барча таълим муассасаларида ҳам аҳвол шундай деб бўлмайди. Туманда 20 та мактаб мавжуд бўлиб, 41 нафар педагогдан иборат захирадаги директорлар банки яратилган. Бироқ улардан 26 нафари талаб бўйича директорлик лавозимига номуносиб деб топилган. 5 та мактабда раҳбар кадрлар захираси умуман мавжуд эмас.
Туман халқ таълими бўлими кадрлар бўйича инспектори вазифасини бажарувчи Жамшид Ҳамроев билан суҳбатлашиш жараёнида у директорлар захира банкини яратиш борасида етарлича тажриба ва малакага эга эмаслиги ойдинлашди. Ёш кадрларга кўпроқ ишонч билдирилмаётгани, захира кадр деганда фақат ўринбосарлар назарда тутилаётгани шундан далолат беради. Туманда кадрлар билан ишлаш ҳолатини кўздан кечирганимизда, фанлар бўйича ўқитувчилар етишмаслиги ҳам аниқланди. Мисол учун, инглиз тили бўйича 17 нафар, бошланғич таълим бўйича 19 нафар олий маълумотли кадр етишмайди.
— Таълим сифати ва самарадорлиги кўп жиҳатдан раҳбар кадрларнинг малакаси, билими ва қобилиятига боғлиқ, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси кадрлар инспектори Бахтиёр Норбўтаев. — Таълим муассасаси раҳбар кадрлари захираси таркибини шакллантиришда шу жиҳатларга алоҳида эътибор берамиз. Биринчи галда ёш, шижоатли, ташаббускор, ташкилотчи педагогларга ишонч билдир¬япмиз. Бугунги раҳбар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган бўлиши керак. Шунингдек, у умумий ўрта таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш салоҳиятига ҳам эга бўлиши даркор. Март ойида “дублёр” директорлар тест синовидан ўтказилмоқда. Натижалар таҳлилига кўра, ўқув курслари ташкил этилади. Мазкур курсларни ўтказиш режа жадвали шаклланган. Бундан ташқари, сўровнома ҳам ўтказилади. Сўровномада таълим соҳасида қабул қилинаётган ҳужжатлар, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишни батафсил ўрганиш қатъий талаб қилиб қўйилган.
Фарғона вилоят халқ таълими бошқармасида ҳам “дублёр” директорларни саралаш ишлари давом этмоқда. Бувайда туман халқ таълими бўлимининг кадрлар бўйича инспектори Ёқутхон Турғунованинг таъкидлашича, туманда фан ўқитувчилари ва директор ўринбосарларининг билими ва касбий салоҳияти синовдан ўтказилмоқда.
— Таълим муассасасининг муваффақияти, ўқи¬тувчиларнинг туман ва вилоятда эътироф этилиши, ўқувчиларнинг турли танловлардаги ютуқларида мактаб раҳбарининг ўзига хос ўрни бўлади, — дейди Ёқутхон Турғунова. — Раҳбар талабчан, ўз ишини пухта билувчи, ҳар бир ходимини ҳимоя қила оладиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган бўлса, ўша ерда ишлар доимо аъло деяверинг. Таълим муассасаларида соғлом муҳитни қарор топтириш биринчи навбатда мактаб директорининг салоҳияти, билими ва тажрибасига боғлиқ. Бугун мактаб директорларини тайинлашда мана шу жиҳатларни эътиборга олиб, тизим тубдан янгиланди. Авваллари халқ таълими бўлими ҳар бир мактабдан уч нафар ўқитувчини туман ҳокимига тавсия қиларди. Ҳар бир мактабдан ёшидан қатъи назар, уч нафардан номзод танлаб олинарди. Улар туман ҳокими, сўнг вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи суҳбатидан ўтарди. Бошқарма бошлиғи билан учрашувдан сўнг энг муносиби бошқарма бошлиғининг буйруғига асосан лавозимга тайинланарди.
2018 йилнинг январь ойи¬дан бу тартибга ўзгартириш киритилди. Бундан буён туман халқ таълими бўлимида “дублёр” директорлар захираси яратилиб, ҳар бир мактабдан уч нафардан 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар захира учун танлаб олинади. Йил бошида вилоят халқ таълими бошқармасига 53 нафар номзоднинг ҳужжатини бергандик. Уларнинг 39 нафари “дублёр” директорлар захирасига олинди. Ушбу номзодлар Абдулла Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМОИ сайтида онлайн тарзда имтиҳон топширди. 100 баллик тизимда баҳоланган имтиҳон натижасига кўра, тумандаги 41-мактаб ўқитувчиси Мирсаид Муталлибхонов 80 балл билан биринчи ўринни эгаллади. 26-мактаб ўқитувчиси Жамшид Маъмуров ва 9-мактабдан номзод сифатида кўрсатилган Абдулборий Усмонов 75 балл олди. Афсуски, баъзи номзодлар 50—55 балл тўплаб, паст натижа кўрсатди.
Мутахассиснинг маълумот беришича, келгуси уч йилда тумандаги 9-, 14-, 18-, 28-мактаб директорлари нафақага чиқади. Аввалги тартибда ўша мактабда ишлаётган ўқитувчилардан бири директорликка тавсия этиларди. Энди эса “дублёр” директорлардан бири бу лавозимга тайинланади.
“Дублёр” директорлар учун Президентимиз ҳамда ҳукумат қарор ва фармонлари, Меҳнат кодекси, Халқ таълими вазирлигининг буйруқларини пухта ўрганиш бўйича бир ҳафталик ўқувлар ташкил қилинмоқда. Ушбу ўқувларда фаол иштирок этган, синовларни муваффақиятли топширган номзодларга сертификат берилади. Энг муҳими, энди қайсидир мактабда директор ўрни бўшаса, номзод қидириб овора бўлинмайди. Захира банкига мурожаат қилиб, муносиб номзодни раҳбарликка тайинлаш имкони пайдо бўлди.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Шарифа МУРОДЖОН қизи,
“Ma’rifat” мухбирлари