Инновацион олимпиада
Жорий йил Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида 8-, 9-, 10-синфлар ўртасида инновацион олимпиада ташкил этилди. Низомга мувофиқ 1-босқичда 118 241 нафар, 2-босқичда 4 179 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар орасидан энг билимли деб топилган 516 нафари республика босқичига йўлланма олди.
— Инновацион олимпиаданинг республика босқичи еттита ҳудудда ўтказилмоқда, — деди Халқ таълими вазирлиги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бош назоратчиси Нигора Алимова. — Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўқувчилар физика, математика, информатика ва ахборот технологиялари кимё, биология, тарих ва тасвирий санъат фанларидан ўзаро беллашишади.
Олмазор туманидаги 243-мактабда ўтказилаётган инновацион олимпиадада иштирокчилар информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича куч синашмоқда. 13 апрель куни олимпиаданинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу куни Ёшлар иттифоқи томонидан иқтидорли ўқувчиларнинг ўзаро дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида баҳс-мунозара ва тренинглар ўтказилди.
— Режа бўйича бугун олимпиаданинг асосий баҳслари бўлиб ўтмоқда, — деди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Бахтиёр Каримов. — Иштирокчилар ёзма(амалий) иш ҳамда тест синовлари бўйича билимини синовдан ўтказмоқда. Амалий иш ва тест саволларига берилган жавоблар 50 балдан 100 балгача баҳоланади. Биринчи тур — амалий ишга 3,5 соат (210 дақиқа) ажратилиб, иштирокчиларга 5 та масала тақдим этилди. Масалага дастур тузиш ўқувчи томонидан ихтиёрий дастурлаш тили ёрдамида компьютерда амалга оширилади. Тузилган дастур компьютерда текширилади ва баҳоланади. Тест топшириқларини бажаришга 75 дақиқа вақт ажратилган. 25 та тестдан ҳар бир тўғри жавобга 2 балл, нотўғри бажарилган топшириққа 0 балл қўйилади.
Режага кўра, олимпиаданинг учинчи куни ўқувчилар ҳудуднинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштириб, маданий ҳордиқ чиқаришади.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, ғолиб ўқувчилар Халқ таълими вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири