Билимдонлар сараланди
Халқ таълими вазирлигининг “Таълим муассасалари ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларининг рейтингини аниқлаш тартиби ҳамда умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари билимлар беллашувнинг Тошкент вилояти босқичи Паркент туманидаги 1-мактабда ўтказилди.
— Беллашувда 22 тумандан ғолиб деб топилган 563 нафар ўқувчи иштирок этди, — дейди Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Убайдулло Парпиев. — Қатнашчилар 17 та ўқув фанидан амалий иш ҳамда онлайн-тест бўйича куч синашди. Ўғил-қизларга аудиторияларда барча шароит яратилди. Информатика ва ахборот технологиялари фанидан ўтказиладиган амалий машғулот хонаси 22 та замонавий компьютер билан жиҳозланди.
Беллашувнинг биринчи куни иштирокчилар билими ёзма ишлари бўйича баҳоланди. Иккинчи куни онлайн-тест синовлари ўтказилди. Беллашувнинг холис ўтишини таъминлаш мақсадида ота-оналар жараённи онлайн тарзда кузатиб борди.
— Ўқувчиларининг чет тили фанларидан билим, малака ва кўникмаси йилдан-йилга ривожланиб бораётгани натижаларда яққол намоён бўлди, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, инглиз тили фани ўқитувчиси Гулнура Раҳимова. — 7-синф ўқувчилари тинглаб тушуниш, 8-синф ўғил-қизлари ўқиб тушуниш бўйича аввалги йилга нисбатан кўп балл тўплашди. Онлайн-тест синовларида ҳам иштирокчиларнинг билими сезиларли равишда ўсган.
Гулюз ОРИФЖОНОВА