Янги баҳолаш механизми янада такомиллаштирилиши зарур
Таълим муассасаларида чет тилларни ўқитиш сифатини янада ошириш мақсадида ўқувчилар билимини баҳолашнинг янгича механизми ишлаб чиқилди. Мазкур механизм жорий ўқув йилининг 2-чорагидан бошлаб мактабларнинг 4-, 5-, 10-синфларида тажриба-синовдан ўтказиляпти.
Ғиждувон туманидаги 8-, 62-ИДУМИ, 1-умумтаълим мактаби, Ромитан туманидаги 7-, Когон туманидаги 16- ва Вобкент туманидаги 1-мактабларда ҳам тажриба-синов жараёни олиб борилмоқда. Экспериментатор ўқитувчилар дарс жараёнида ўқувчиларни мазкур механизм асосида баҳолаб, хулоса, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришмоқда. Баҳолаш мезонларининг ДТС ва ўқув дастури талаби ҳамда дарслик мажмуаларига мувофиқлиги, ўқувчилар ёши ва психофизиологик хусусиятига мослиги ҳам инобатга олинмоқда.
Янги механизм ўқувчини имконияти ва ёш хусусиятларига мос тарзда рағбатлантиришга хизмат қилади. Баллар тақсимоти тушунарли берилган. Бу орқали ўқитувчи ҳар бир кўникма асосида ўқувчиларни аниқ баҳолаши мумкин. Амалдаги баҳолаш тизимида ўқувчи ўзлаштиришига танқидий ёндашилган бўлса, янгисида бу жиҳат бартараф этилиб, ўқувчининг ижобий томонларини кўрсатишга, имкониятларини намоён этишга йўналтирилган. Масалан, 5-синф “Француз тили” дарслигида ҳар бир бўлимдан кейин гапириш, ўқиш, ёзиш ва эшитиш кўникмаларини алоҳида баҳоловчи машқлар киритилган. Ўқувчи бу машқларни бажариш асносида кўникмаларни қай даражада ўзлаштирганини аниқлаб олади. Баъзи ўқувчиларда эшитиш орқали ўзлаштириш кўникмаси кучли, аммо гапириш ва ёзишга қийналади. Бошқа бир ўқувчи эса аксинча. Янги баҳолаш тизимида бу жиҳат ҳам инобатга олинган.
Тажриба-синов жараёнида тавсия этилаётган механизмнинг янада такомиллаштирилиши лозим бўлган ўринлари ҳам борлиги маълум бўлди. Масалан, 4-синф тажриба-синов журнали намунасида чораклик бални ҳисоблашда ноаниқлик мавжуд. 1-оралиқ + 2-оралиқ + workbook + жорий (чорак давомидаги жорий баҳолар умумлаштирилиб, 4 га бўлинади ва ўртача балл ёзилади) = умумий сонлар йиғиндиси : 6 = ўртача балл шаклида берилган. Лекин жорий баллар сони 4 тадан ортиқ ёки кам бўлиши ҳам мумкин. Ўртача бални ҳисоблашда 4 га эмас, балки жорий баллар сонига, чораклик баҳони ҳисоблашда эса умумий сонлар йиғиндисини 6 га эмас, балки 4 га бўлиш керак (агар оралиқ назоратлар сони 2 та бўлса). Шу билан бирга тажриба-синов журнали амалдаги журналдан бироз мураккаб тузилгани учун уни юритиш чет тили ўқитувчиларига қийинчилик туғдирмоқда. Чунки жорий ва чораклик баҳоларни ҳисоблаш математик амаллар орқали бажарилгани учун кўп вақт талаб этади.
Якуний назорат ишларида ҳар бир компетенция бўйича журналга алоҳида баллар қўйиш кўрсатилган, лекин умумлаштирувчи балл йўқ. Бизнингча, балларни умумлаштириб, ўртачасини чиқариш керак. Энг муҳими, бу балл ҳам чораклик баҳони ҳисоблашда инобатга олиниши лозим.
Тинглаб тушуниш кўникмаси бўйича баҳолаш мезони ҳам баъзи паст ўзлаштирувчи ўқувчилар учун қийин. Уни ҳам соддалаштириш керак. 10-синфда ёзув кўникмасини баҳолаш қисмларга бўлингани халқаро талабларга мос келса-да, кўп математик амаллар бажаришни талаб этади. Бу чет тили ўқитувчилари учун мураккаблик қилади.
Маржона НУКАРОВА,
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси методисти,
Шодиёр НИШОНБОЕВ,
Ғиждувон туманидаги 62-ИДУМИ ўқитувчиси