Ўқув дастурига замонавий ёндашув зарур
“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 10 февраль сонида чоп этилган “Мукаммал ўқув дастури — таълим сифати гарови” сарлавҳали мақолани ўқиб, бошланғич синф дарсликларида ҳам таълим сифатига таъсир этувчи баҳсталаб мавзулар борлигига амин бўлдик.
Ҳақиқатан, дастурни тузишда ўқувчининг ёши, психофизиологик хусусиятига аҳамият бермоқ лозим. Замон ва тараққиёт ривожи, янгиликлар оқимининг жадал кириб келиши натижасида айрим мавзулардаги асосий ғоялар бугунги кун боласини бефарқ қолдирмаслиги керак.
2017 йилда чоп этилган 4-синф “Ўқиш” дарслигининг 5 ва 6-нашрини солиштирганимизда, 5-6 мавзулар фарқланади, холос. Дарсликда Мурод Хидирнинг “Икки сахий” эртаги берилган. Эртакни бошланғич синф боласи тушуниши мураккаб бўлгани боис дарс жараёнида саволлар туғилди. Ўқувчилар “Устоз, савоб йўлида иш қилиш, дуони сўраб олиш таъмагирлик ҳисобланадими, ахир иккинчи сахий ҳам одамларнинг ҳожатини чиқарган-ку, бор-будини аямаган, эвазига дуо қилинглар деса, нима бўлибди”, дея эътироз билдиришди.
Бошланғич синфлар учун берилган “Эртаклар мамлакати” бўлимидаги эртакларнинг айримлари ёд бўлиб кетган. Ўзбек адабиётимизда қанчадан-қанча одоб-ахлоққа оид эртаклар бор-ку. Уларнинг ўрнига замонавий эртаклар берилса, ўқувчининг дунёқараши ва мантиқий тафаккурига ҳам ижобий таъсир кўрсатарди. “Ҳайвонот олами” бўлимидаги Анвар Обиджоннинг “Жўжа” шеъри жуда ҳам содда, қувноқ шеър. Аммо у 3—4-синфлар учун эмас, эндигина мактабга борган болаларга мос.
“Маънавият қалб қуёши” бўлимидаги “Қўзичоқ” масалининг ўрнига Эркин Юсупов ва Фозилжон Исмоиловнинг 1997 йилда чоп этилган “Одамийлик сабоқлари” китобидан ўқувчи ёшига мос фикрлар киритилиши тарафдоримиз.
Шунингдек, дарсликда Х.Тўхтабоевнинг “Ширин қовунлар мамлакатида”, “Сеҳргарлар жанги” саргузашт-фантастик романидан, Мирзакалон Исмоилийнинг “Бизнинг роман”, “Ўзингдан кўр” номли қиссаларидан парчалар киритилса, ўқувчиларнинг китобхонлиги янада ошади, назаримизда.
Дилноза НАРЗУЛЛАЕВА, Вобкент туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси