Энг фаол, изланувчан, ижодкор педагог ғолиб бўлади
Фаол, изланувчан, ижодкор педагогларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг бу йилги республика босқичи бошланди.
— Айтиш лозимки, танлов бир қатор ўзгаришлар билан янгича тарзда ўтмоқда, — дейди Халқ таълими вазирлигининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси мутахассиси Ғулом Қобулов. — Жумладан, жорий йилнинг 13 май куни бошланган республика босқичи 11 ҳудудда давом этмоқда. Унда 13 ўқув фанидан 197 нафар иштирокчи дарс ишланмаси ва тақдимот, иштирокчининг охирги уч йил давомида эришган ютуқлари (ўқувчисининг республика ва халқаро танловлардаги муваффақияти), дарс машғулоти ҳамда онлайн тест синовлари шартлари бўйича беллашмоқда. Ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳам ноанъанавий тузилди. Бу йил ҳар бир фан бўйича ҳар бир вилоятдан биттадан ҳакам тайинланди. Бу ҳам кўрик-танловнинг янада шаффоф ўтишини таъминлайди.
Қарши шаҳридаги 23-мактабда республиканинг барча ҳудудидан келган кимё фани ўқитувчилари ғолиблик учун курашмоқда.
— Аввалги босқичларда яхши натижа кўрсатган 15 нафар кимё фани ўқитувчиси 4 шарт бўйича беллашмоқда, — дейди Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси табиий фанлар методисти Севин Очилов. — Низом бўйича ҳар бир шартда етарли балл тўплай олмаган иштирокчи танловни тарк этади. Бугун ҳам аввалги икки турда қониқарли натижа қайд этмагани учун Сирдарё вилояти вакили мусобақадан чиқди. Кўрик-танловнинг аввалгиларидан яна бир фарқи — ўқитувчи фаолиятида эришган ютуқлар, ўқувчиларининг танловлардаги натижаси ҳам инобатга олиниб, балл қўйилмоқда.
Жиззах вилоятида ташкил этилган беллашувда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари биринчи бўлишга даъвогарлик қилмоқда. Республика босқичи Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилмоқда.
— Кўрик-танловнинг учинчи босқичини адолатли ўтказиш мақсадида тажрибали педагоглар, методистлар, профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳамда эксперт комиссияси фаолият олиб бормоқда, — дейди Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Пардаев. — Танлов қатнашчилари компьютерда дарс ишланмаси яратиш ва АКТдан фойдаланиш кўникмалари, муаммоли вазият ва унинг ечими, очиқ дарс ҳамда онлайн тест синовларида маҳоратини синамоқда.
Инглиз тили фани бўйича республика босқичи баҳслари Наманган шаҳридаги 34-мактабда ўтяпти. ДТС талабларига тўла жавоб берадиган синфхоналар АКТ ҳамда бошқа зарур воситалар билан жиҳозланди.
— Иштирокчилар малака ва маҳоратини тўлиқ намоён этиши, ўзи яратган янги педагогик технология ва методларни тақдим этиши учун барча имконият яратилди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси хорижий тиллар фанлари методисти Муҳаммаджон Насриддинов. — Ғолибликка даъвогарлар дарс ишланмаси тайёрлаш ва тақдимотини ўтказиш, ўтган уч йил мобайнида эришган ютуқларини таништириш, нотаниш таълим муассасасида дарс ўтиш ва онлайн тест саволларига жавоб бериш шартлари асосида синаляпти.
Севара Неъматова Бувайда туманидаги 33-мактабда инглиз тили фанидан сабоқ беради. Ёш бўлишига қарамай, ўз иш услубига эга ва янгича педагогик технологиялар яратган.
— Танлов шартларини тажрибали ва маҳоратли ҳамкасблар билан ёнма-ён бажаришнинг ўзи катта масъулият юклади, — дейди Севара Неъматова. — Синов жараёни ҳаққоний ва адолатли ташкил этиляпти. Шаффофлик таъминланган. Бизга яратилган шароитлардан ҳам кўнгил тўлди. Бўш вақтимизда Наманганнинг диққатга сазовор гўшалари билан танишяпмиз. Менда, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ибрат мажмуаси ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби катта таассурот қолдирди.
Мухбирларимиз