Нурафшон юртнинг баркамол фарзандлари
Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи билимлар беллашувининг навбатдаги иштирокчиларини қабул қилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”нинг иккинчи навбати очилишига бағишланган тантанали маросим ўқувчиларга бетакрор онларни ҳадя этди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Халқ таълими вазирлиги мутасадди-ходимлари, таниқли олимлар ҳамда ўқитувчилар қатнашиб, мамлакатимизда ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, ноёб иқтидорини рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлашди. Дарҳақиқат, истеъдодли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, мароқли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш шу йўлда амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг узвий қисмидир. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган билимлар беллашуви минглаб ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, педагогик жамоалар меҳнатини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Айниқса, беллашув иштирокчиларининг “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”да мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани болаларга улкан маънавий рағбат бўлаяпти.
Тантанали йиғилишда билимлар беллашувининг филология фанлари йўналиши бўйича республика босқичи ғолиб ва совриндорларига Халқ таълими вазирлигининг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Тақдирланганлар чеҳрасидаги мамнуният, уларга ҳавас билан тикилган нигоҳлар сўлим гўшадаги тадбирга янада шукуҳ бахш этди.
— “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”га иккинчи маротаба келишим. Ўтган йили инглиз тили фанидан 2-ўринни эгаллагандим. Бу гал эса тажрибам асқотиб, 1-ўрин соҳибаси бўлдим, — дейди Навоий шаҳридаги 11-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Нилуфар Баҳриддинова. — Мактабимиздаги чет тили кабинети замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Инглиз тилини замонавий ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида ўрганаяпмиз. Беллашувга тайёргарлик жараёнида ўқитувчиларимиз интерфаол методлардан самарали фойдаланишди. Ҳафтанинг баъзи кунларида тест ишлаб, қолган кунлари грамматикадан билимимизни бойитдик. Интилишларимиз ижобий натижа берганидан хурсандман. Келгуси йили билимлар беллашувида орттирган тажрибамни фан олимпиадасида ҳам қўллаб, ғолиблар сафидан жой олиш ниятидаман.
Оромгоҳда дам олаётганлар орасида беллашувда кўп марталаб фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчилар талайгина. Жумладан, Гулсумой Абдулаҳадова, Хонзодабегим Раҳматова, Тамила Хожаева сингари иқтидорли ўқувчилар ўтган йили ҳам 1-ўринни эгаллаб тенгдошларига ўрнак бўлган эди. Уларга бу йил ҳам омад кулиб боқди. Ғолиблар орасида ўтган йилги беллашувлардан тегишли хулоса чиқариб, муваффақиятга эришганлар борлиги ўғил-қизларнинг салоҳияти йилдан йилга ошиб, мақсади сари изчил интилиши кучайиб бораётганидан далолатдир.
Истеъдодли ўқувчиларнинг руҳиятини кўтариш, вақтини сермазмун ўтказиш мақсадида “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”да зарур шарт-шароитларни бекаму кўст яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Имкониятлардан унумли фойдаланишни мақсад қилган болалар спорт секциялари ва чет тили тўгаракларида фаол иштирок этишади. Айниқса, барча зарур воситалар билан таъминланган “Инглиз тили” тўгарагининг табиат қучоғида ўтказиладиган ноанъанавий машғулотлари болаларнинг оғзаки нутқини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ўқувчилар мароқли дам олиш асносида янги дўстлар орттириб, илм сирларини очишда дўстона баҳсларга киришмоқда. Турли тўгарак ва машғулотлар, маҳорат дарслари, бадиий кечалар оромгоҳга жўшқинлик бахш этмоқда.
Тадбир шўх куй ва рақслар жўрлигида янада шукуҳли кўриниш касб этди. Бир-бирининг қўлидан маҳкам тутганча ўйин тушаётган ўқувчилар нигоҳида порлаётган қувончни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмасди. Бу — билим ва дўстликнинг ёрқин тантанаси, озод ва обод Ватанимизда камол топаётган баркамол авлоднинг янги марралар сари қўйган навбатдаги қадами эди...
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири