Мактаб тажрибаси оммалаштирилади
Наманган вилояти Норин туманидаги 40-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик ва умумтаълим мактабларини жиҳозлаш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Вилоятдаги 680 умумтаълим мактабида 426 мингдан зиёд ўғил-қиз таълим олмоқда. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг пухта билим олиши, педагоглар учун қулай иш шароити яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Норин туманидаги 40-умумтаълим мактабида ташкил этилган кўргазмали семинарда бу яна бир бор ўз ифодасини топди. Вилоят ҳамда туман ҳокимликлари, халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари, умумтаълим мактаблари, лицей ва мактаб интернатлари раҳбарлари иштирок этган семинарда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, 40-умумтаълим мактабини замонавий жиҳозлашнинг намунавий кўриниши таништирилди.
Халқ таълими вазирлигининг халқ таълими муассасаларини намунавий жиҳозлаш бўйича дастури республикада биринчи бўлиб 1350 нафар ўқувчи таълим олаётган мазкур мактабда амалга оширилди.
– Намунавий жиҳозлашда тарғибот стендлари ва ўқув кўргазмали воситалари давр талаби даражасида бўлишига эътибор қаратилгани диққатга сазовор, – дейди ушбу мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Холисова. – Улар ўқитувчи ва ўқувчилар фикрининг нотугал бўлиб қолиши, фикр чалғишининг олдини олишга қаратилган тамойил асосида тайёрланган бўлиб, тематикаси ва жойлаштирилишига ҳам катта аҳамият берилган. Синф хоналари муайян ўқув предмети олдига қўйилган вазифаларга бўйсундирилган.
Давлат бюджети ҳисобидан 80 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлаб тайёрланган мазкур жиҳозлар ўқувчи-ёшларнинг билимини мустаҳкамлаш ва янада бойитишга хизмат қилади.
Семинарда, шунингдек, мактабда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Бу борада мактаб қозонхонаси ва иситиш тармоқларида 33 миллион сўмликдан зиёд таъмирлаш ишлари бажарилган. Ёқилғи захирасини яратиш бўйича жамғарилиши режалаштирилган кўмирнинг 58 тоннаси мактаб омборига келтирилган ва кўмир жамғариш қатъий жадвал асосида изчил давом эттирилмоқда.
Норин туманидаги 40-умумтаълим мактаби тажрибаси вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари, лицей ва интернатларда оммалаштирилади.
Манба: www.uza.uz