Энг долзарб масала
“Ма’rifat” газетасида чоп этилган “Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак!” номли мақолада таълим сифатини оширишда муҳим ўрин тутадиган муаммолардан бири муҳокама қилинибди.
Муаллиф пойтахтимиз мактабларидаги айрим синфларда ўқувчилар сони 45 нафаргача эканлигини таъкидлайди. Бу ҳолатни нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам кузатиш мумкин. Баъзи таълим муассасаларида ўқувчилар 40—42 нафарга ҳам етади. Айрим ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатларида ҳам ҳолат шундай.
Бугунги кунда ота-оналар “Мен етолмаган орзуга фарзандим етсин, ҳаётда яхши ўқиса, қийналмайди” дея нуридийдасини яхши мактабда ўқитгиси келади. Бу эса синфда ўқувчи сони кўпайишига, таълим сифати пасайишига сабаб бўлади. Ўқувчи сони қанчалик кам бўлса, таълим сифати шунчалик юқори бўлади.
Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мен ҳам синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги тарафдориман. Шунда биз, педагоглар ўз олдимизга қўйган мақсадга эришамиз.
Умидахон ТОЖИБОЕВА,
Учкўприк туманидаги 1-ИДУМИнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси