Матбуот киоски бугунги кун талабига жавоб берадими?
Кунора матбуот киоскидан биронта газета ё журнал харид қилиш одатим бор. Жилла қурса, нашрларга кўз югуртириб, киоск сотувчисини гапга тутаман:
— Одамлар газета ўқимай қўйишди, а?
— Бу фикр нотўғри, — дейди сотувчи Дилдора Раҳимова. — Юртдошларимиз газета, журнал ўқишади, харид қилишади. Қайсиларини дейсизми? Асосан, “Даракчи”, “Ҳордиқ”, “Сўғдиёна”, “Бекажон” харидоргир...
Унинг таъкидлашича, аксарият марказий нашрлар ҳам ўз муштарийларига эга. Хусусан, “Hurriyat”, “Jamiyat”, “Kitob dunyosi”, “Oila davrasida” газеталарининг бозори чаққон.
Аммо матбуот киоски анча таъмирталаб, бўёқлари кўчиб тушган. Газета-журналлар тахламига жой танқис. Ҳамма нашрни ҳам харидорлар ҳукмига ҳавола қилиш имкони йўқ.
— Пойтахтимизда 148 та матбуот киоски мавжуд, — дейди “Matbuot tarqatuvchi” МЧЖнинг нашриётлар, чакана савдо бўлими ходими Лаъли Рустамова.— Шундан 30 таси ижарачи, қолган 118 таси штат асосида ишлайди. Ҳар тўрт ойда киосклар мониторинги олиб борилиб, талаб ва эҳтиёж ўрганилади. Киоскларнинг ташқи кўриниши ҳақида бир нарса деёлмайман...
Танганинг икки томони бўлганидек, матбуот киоскларининг камлиги, борлари ҳам таъмирталаб экани, баъзи нашрларни дўкондан топиб бўлмаслигининг сабабларини мутасадди ташкилотга тўнкаш инсофдан эмас. Матбуот киосклари негадир шаҳарнинг марказий ҳудудларида кам. Чунки тегишли жойдан рухсатнома олиш учун анча оворагарчилик талаб қилинади. Бундан ташқари, “Matbuot tarqatuvchi” МЧЖ билан таҳририятлар ўртасида қатъий буюртманинг камлиги, ишчи-ходимларни ойлик иш ҳақи қониқтирмаслиги, кўнгилочар нашрлар олди-сотдиси устунлик қилиши барчамизга маълум.
Ўзбекистонда газета-журналлар нашр этила бошланганига салкам 150 йил бўлди. Босма нашрларнинг ҳаётимизда тутган ўрнини интернет ҳам, бошқа воситалар ҳам боса олмайди. Газета, журналнинг тезкор ахборот шаклидан устунлиги: мақолада кўтарилган масала чуқур таҳлил қилинади, интернетдан фарқли ўлароқ маълумотлар ишончли. Демак, муштарий билан таҳририят ўртасидаги воситачи — матбуот киосклари сонини кўпайтириш, уларнинг ташқи кўринишини яхшилаш давр талабидир.
Давронбек ОРИПОВ,
“Ma’rifat” мухбири tc "бугунги кун талабига жавоб
берадими?" tc "Ma’rifat мухбири" tc "27-iyun — Matbuot va ommaviy
axborot vositalari xodimlari kuni" tc "Ma’rifat мухбири"