Қўшимча даромад таълим сифатини таъминлайди
Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактабда “Умумтаълим мактабларида бюджетдан ташқари қўшимча маблағ топиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш билан бирга, бюджетдан ташқари маблағ топиш ва ундан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларининг директорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Семинар Яшнобод туманидаги 307-ИДУМ тажрибаси мисолида ташкил этилиб, унда мактабларда бюджетдан ташқари маблағ топиш ва уни шакллантириш манбалари, бунинг учун керак бўладиган асосий ҳужжатлар ва бошқа зарур масалалар тақдимот кўринишида йиғилганларга ҳавола этилди.
— Замонавий мактаб директори нафақат маънавият, маърифат масалаларига масъул, балки тадбиркор бўлиши ҳам керак. Бунда, албатта, улардан ишбилармонлик талаб қилинади. Бугунги кун мактаблари ўзини-ўзи таъминлаши лозим, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Исломова. — Бундан бир неча йил олдин фақат қишлоқ мактаблари қўшимча маблағ топиш билан шуғулланган бўлса, ҳозир шаҳар мактабларида ҳам буни ташкил этиш масаласи кун тартибига чиқди. Ҳар бир мактаб қўшимча маблағ топса, аввало, мактабнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади, таълим сифати ошади. Болалар қўшимча машғулотлар билан шуғулланади, ўқитувчилар ҳам рағбатлантириб борилади. Бугунги семинардан асосий мақсад директорларга амалий ёрдам кўрсатишдир.
Турли баҳс-мунозараларга бой бўлган семинарда барча иштирокчилар тегишли хулосалар чиқарди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Нигинабону ШУКУРОВА,
“Ma’rifat” мухбири