Камчиликлар панд бермоқда
Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида 4—8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган билимлар беллашувининг нуфузини янада ошириш учун йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш зарур.
Масалан, ҳамма ўқувчи ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг бошланғич кўникмасига эга эмас, айрим муассасаларда табиий фанлар йўналиши бўйича дарсдан ташқари лаборатория машғулотлари ўтилмаслиги ёки қониқарсиз олиб борилиши ўқувчининг имкониятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Она тили ва адабиёт фанидан қўшимча манбалар, изоҳли луғатдан фойдалана олмасликлари грамматика, орфография ва имло қоидаларига оид назорат ишларида яққол кўзга ташланмоқда. Бадиий асар ва образларнинг қиёсий таҳлилини ёритиб боришда, чет тили фанларидан тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш бўйича аниқланган бўшлиқлар устида қўшимча машғулотлар олиб борилмагани ўқувчига панд бермоқда. Ачинарлиси, баъзида фан ўқитувчилари тадбир низоми ва баҳолаш мезонларини ўқувчиларга тўлиқ тушунтирмайди. Тажрибада ана шу камчиликларни бартараф этиш орқали ўқувчи имкониятини ошириш мумкинлигига гувоҳ бўлдим.
Ғаллаорол туманидаги 87-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўқувчиларни билимлар беллашувига тайёрлаш жараёнида шу камчиликлар устида иш олиб борилди. Натижада Гулинур Сулаймонова билимлар беллашувининг республика босқичида немис тили фани бўйича фахрли ўринни эгаллади. Унинг ўзбек халқ эртакларидан немис тилига қилган таржималари дарсларда қўшимча манба сифатида фойдаланилаётгани педагогларнинг ўзига хос тажриба мактаби яратганидан далолат.
Севара ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси методисти