Ҳаракатдаги «Ҳаракатлар дастури»
Ҳар бир ўтаётган кун янги ўқув йилини яқинлаштирмоқда. Бу эса таълим муассасаларида олиб борилаётган тайёргарлик ишларини янада жадаллаштириш, ўқув бинолари ва иншоотларни сифатли таъмирлаш юмушларини тезроқ якунлашга ундаяпти. Бу борада Учқўрғон туманидаги умумтаълим мактабларида ибратли ишлар қилинмоқда.
Туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 43 та мактабда янги ўқув йилида 27 969 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олади. Айни кунда барча таълим муассасаларида ўқувчилар рўйхати шакллантирилган. Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган 3 102 нафар ўқувчи рўйхатга олиниб, уларнинг ҳужжати тайёрланди.
— Мавжуд барча таълим муассасаларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида уларнинг моддий-техник имконияти, ҳолати, педагог кадрлар, ўқув дастурлари ва дарсликларга бўлган эҳтиёжи ҳамда ўқув йилини муваффақиятли ўтказиш учун зарур бошқа воситалар билан таъминланиш даражаси ўрганиб чиқилди, — дейди туман ХТБ мудири Бобур Зайниев. — Камчилик ва муаммолар, бажарилиши зарур ишлар режаси тузилиб, “Ҳаракатлар дастури” қабул қилинди. 2017-2018 ўқув йили якунланиши билан мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар бандма-банд бажарилмоқда. Жумладан, 13-, 22-, 23-, 26-, 31-, 35- ва 38-мактабларнинг том қисмига юмшоқ қоплама (фольгазол) қопланди. Барча мактабларда эшик ва дераза ромларининг 1300 квадрат метр синган ойнаси алмаштирилди. Жами мактабларнинг 95 фоизида электр ва ичимлик суви тармоқларидаги носозлик бартараф этилди. Туман ҳокимлиги ёрдамида 6-, 7-, 18- ва 29-мактабларга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Ичимлик суви тармоғи бормаган 21 та таълим муассасасига сиғими 1 тонналик сув идишлари олиб берилди.
14-, 21-, 26- ва 43-мактабларда эски иситиш тизими ўрнига универсал иситиш қозонлари ўрнатилди. Улар қишнинг аёзли кунида иситиш тизимини юқори ҳарорат билан таъминлабгина қолмай, қаттиқ ёқилғини тежаш имконини беради. Режага қўшимча 10-, 29-, 32-, 35-мактаблар қозонхоналарини янгилаш киритилган. Бунинг учун 650 миллион сўм маблағ сарфланади. Мазкур мақсадлар учун маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 970 миллион сўм ажратилиши белгиланган.
— Янги ўқув йилида спорт иншоотлари ва таълим муассасаларидаги махсус фан лабораториялари ҳамда информатика хоналаридан самарали фойдаланиш мақсадида уларни таъмирлаш ва жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди мудир. — Ҳозиргача 35 та мактаб компьютер синфлари, физика, кимё-биология лабораторияларидаги камчилик бартараф этилди. Хоналар реактивлар, кўргазмали воситалар ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминлан¬япти. Бу ишлар 10 августгача тугатилади.
Яшиқобод қишлоғидаги 12-мактабдамиз. Кўркам ва обод таълим муассасасига кирганингиз заҳоти, бу ерда янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тараддуд пухта ва сифатли бажарилганига шоҳид бўласиз. Мактабнинг 30 та синфхонаси шу кун талаби даражасида таъмирланган. Хона ва ички йўлаклар, ўқув биносига кираверишдаги жиҳозлар ортиқча ҳашамсиз ва керакли шиорлар билан безатилган.
— Янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда ўқитувчи ва ўқувчилар учун қулайлик яратишга интилдик, — деди мактаб директори Адҳамжон Холиқов. — Чунки таълим-тарбия самарадорлигида шарт-шароитнинг алоҳида ўрни бор. Биз, аввало, Норин туманидаги 40-мактабда янги ўқув йили ва умумтаълим мактабларини жиҳозлаш масалаларига бағишланган амалий семинарда ўрганган тажрибаларга таяндик. Шунингдек, Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим мактабларини намунавий жиҳозлаш бўйича дастури талабига риоя этган ҳолда жиҳозлаш ишларини бажардик.
Ўрнатилган тарғибот стендлари, кўргазмали воситалар ҳамда янгича шаклдаги паннолар маълум мавзуга йўналтирилган, улар ўқувчини чалғитмайди. Аксинча, қўшимча маълумот беради, аввал ўқиганларини ёдга солиб туради. Синфхоналардаги ўқув-кўргазмали воситалар ҳам муайян фанни ўргатишга қўйилган вазифаларга мос тайёрланган.
Директорнинг таъкидлашича, спорт зали, 15 комплектли компьютер синфи, кутубхона ва иккита ўқув биносини жорий таъмирлаш учун 15 миллион сўм сарфланган. Салкам 700 нафар ўқувчи таълим олаётган мактаб учун бу катта маблағ. Хаёлимизга келган гапни айтиб улгурмай, Адҳамжон Холиқов изоҳ берди.
— Йўқ! Ота-оналардан ҳам, ҳомийлардан ҳам пул сўрамадик. Мана, бир неча йилдирки, мактаб бюджетдан ташқари топилган сармоя эвазига таъмирланади. Боғ ва иссиқхона ташкил этилган, терак етиштирамиз. Қуёнчилик билан шуғулланяпмиз. Олинган даромад ўз эҳтиёжларимизни бемалол қоплаяпти.
Туман халқ таълими бўлими вакиллари таълим муассасаларидаги педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш асносида 27 нафар ўқитувчига талаб борлигини аниқлаган эди. Мазкур масала бу йил олий ўқув юртларини битирган ва оптималлаштириш туфайли ўрта махсус таълим муассасаларидан озод этиладиган ўқитувчилар ҳисобига тўлдириладиган бўлди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг АКТ саводхонлигини ошириш, мактаб кутубхоналари фаолиятини кучайтириш каби долзарб вазифалар эътиборга олинди.
Ғанишер АКБАРОВ