Миллатни муаллим юксалтиради
Ўқитувчи меҳнати... Унинг обрўси... Ҳақ-ҳуқуқлари... Бу ҳақида кўп гаплар айтилди. Таълим тизимидаги муаммолар, кадрлар тайёрлашда юз бераётган камчиликларнинг илдизи айнан шу масалага бориб тақалиши англаб етилмоқда. Зиммасига миллатнинг эртасига жавобгарлик масъулияти юклатилган зотларнинг қадр-қимматини сақлаш бугун жамиятимиз олдидаги асосий вазифалардандир. Маҳоратли педагог, Миришкор туманидаги 22-мактаб директори Абдунаби АБДИЕВ билан гурунгимиз шу хусусда бўлди.
— Айрим масъулларнинг халқ таълими тизимига панжа орасидан қараши оқибатида таълим сифати ва ўқитувчи нуфузи тушиб кетди. Бу жараён бевосита сизнинг ҳам бошингиздан ўтган...
— Мен институтни тугатиб иш бошлаган кезларим (1970-йилларнинг охирида) мактабимизда 4-5 нафар хотин-қиз бор эди. Ҳозир эса 60 фоиз... Бошқа ҳудудларда бундан ҳам кўп. Президентимиз томонидан умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда пойтахтимиздаги мактабларда бор-йўғи 10 фоизгина эркак ўқитувчи фаолият олиб бораётгани таъкидланди. Бунинг сабаби кўп. Аввалроқ тирикчилик важидан кимлардир севимли касбини ташлаб, сов¬хозимиздаги турли вазифаларга ўтиб кетди. Мен туман газетасига муҳаррир бўлдим. Хуллас, анча вақт мактабдан узоқлашишга мажбур бўлдик...
Оилада онанинг ҳам, отанинг ҳам ўз ўрни бор. Аксарият ҳолларда отасиз ўсган бола эрка ва кибрли, онасиз ўсган бола хокисор бўлади. Мактабда ҳам эркак ва аёл ўқитувчилар мутаносиблигини таъминлаш керак. Чунки эркак муаллимнинг ўрни бўлакча, унинг қўлида таълим олган болаларда ўзгача мардонаворлик, қатъият, ирода шаклланади.
— Бир томондан текширув устига текширув келиб турса, бошқа ёқдан жамоат ишларига тинимсиз жалб қилинаверса, муаллим қай бирига улгуради? Мактаб хўжалик объекти эмас, маърифат даргоҳи-ку!
— Дарҳақиқат, шу пайтгача мактабларни текшириш марказлашмаган эди. Ўқитувчини ҳамма ўзича назорат қиларди. Айтайлик, туман халқ таълими бўлимидаги методист кўнгли тусаган кезда мактаб сари текширишга отланаверарди. Ёки бандлик идораси вакили... Бўш иш ўринлари бўйича текширавериб овора қилди. Аслида, бир йилда бир марта ҳисобот олса етарли. Ахир, мактабда ўқув йили бошидан охиригача бу борада вазият деярли ўзгармайди-ку... Менимча, мажбурий меҳнат деганлари ҳам мактабнинг эгасизлигидан пайдо бўлди. Шу туфайли ҳам ҳали туман ҳокими, ҳали ободонлаштириш, ҳали ички ишлар идораси раҳбари, ҳали маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳали фермер ўқитувчига иш буюраверди. Ўтган ҳам, қайтган ҳам туртиб ўтадиган даражага бориб қолдик. Бунга барҳам бериш учун халқ таълими тизимининг вертикал бошқарув тизимини яратиш керак. Мактабни ўз эгаси назорат қилсин. Яъни, Халқ таълими вазирлиги.
Мактаб директорларини фаол ота-оналар ва битирувчилардан иборат кузатув кенгаши томонидан сайлаш таклиф этилмоқда. Жуда ўринли ташаббус. Яхши раҳбар менежер бўлишга мажбур. Директорни — мактаб менежерини жамоа эмас, ота-оналар ва битирувчилар сайлаши керак. Бунда унинг ишчанлик қобилияти, ижодкорлиги, новаторлиги асосий мезон бўлиши шарт. Директорга имконият бериш учун уни мактабга алоқаси бўлмаган турли йиғинларга жалб қилишни камайтириш лозим.
— Муаллим ҳам масъулиятни ҳис қилиши керак, “қарс икки қўлдан”, дейдилар, ахир...
— Кейинги йилларда мактабдагиларнинг аксарияти асосий масъулиятини, бурчини унутганди. Уларда давлат олдидаги қарздорлик туйғуси йўқолиб бораётганди. Нега десангиз, бир пайтлар мактаб рейтинги битирувчиларидан қанчасининг олий ўқув юртига киргани билан белгиланар эди. Бу юкни академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бўй¬нига олдию, мактабнинг ҳеч қандай жавобгарлиги қолмади.
Кўп ўқитувчиларни ўзи кириб олган қолипидан чиқариш қийин. Айрим педагогларнинг миллионлаб маблағ эвазига келтирилаётган замонавий техника воситаларини бошқара олмаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Шундай қимматбаҳо техникалар мактабларимизда чанг босиб, умрини ўтаб бўлди. Ҳатто компьютерни ўчириб-ёқишни билмайдиган ўқитувчидан қандай қилиб инновация кутамиз? Шунинг учун ҳам муаллимнинг касб маҳоратига қўйиладиган мезонларни аниқ белгилаш керак. Бу борада биринчи талаб унинг янги педагогик технология ва ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маҳорати бўл¬моғи зарур. Шу билан бир қаторда таълим тизимини тасодифий кадрлардан тозалаш керак. Эрта-индин ўқитувчию ўқувчига дарсликлар керак бўлмай қолади. Мактабларга камхаражат электрон дарсликлар, адабиётлар етказиб берилади. Ўқитувчи уларнинг қаршисида бармоқ тишлаб қолмасин.
— Барча соҳада рақобат тараққиёт тегирмонини айлантиради...
— Муаллим ўзининг ўрнини эгаллашга тайёр турган яна йигирма нафар мутахассис борлигини ҳис этиб ишлаши лозим. Излансин, ўз устида ишласин. Ана шунда мактабда рақобат муҳити вужудга келади. Яна бир гап. Ўқитувчининг дарс соатини бир ставкадан асло оширмаслик зарур. Шу меъёр унинг барча моддий эҳтиёжини қондира олсин. Ўқитувчи карьераси ҳақида ҳам ўйлайдиган вақт келди. Бир пайтлар муаллимлар орасидан совхоз директорлари, қишлоқ кенгаши раислари етишиб чиқарди. Бугун педагогдан чиққан ҳокимни кўрдикми? Нима, ҳоким деганлари фақат қишлоқ хўжалиги ёки қурилиш мутахассиси бўлиши шартми? Муаллимдан чиққан ҳокимлар ҳудудларда маънавият ривожига алоҳида эътибор қаратади! Ёшлар иттифоқига карьера борасида “социал лифт” мақоми бериб қўйилди. Бундай ҳуқуқни мактабга ҳам берсак, ўқитувчининг қадди анча кўтариларди.
— Чекка ҳудудларда малакали ўқитувчилар етишмаслиги ҳам катта муаммо...
— Бир неча йил аввал Қарши давлат университетига мактабимиз учун чет тили ўқитувчиси қидириб бордим. Ишонасизми, 80 талабадан 48 нафари Қарши шаҳридан экан. Шу 48 нафарнинг ҳам 43 нафари қиз бола. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Қайси ота-она ёнида тайёр иш жойи туриб, қизини вилоят марказидан 80 километр олисдаги қишлоқ мактабига жўнатишга рози бўлади? Олий ўқув юртига қабул чоғида жойларда кадр¬ларга бўл¬ган эҳтиёж ўрганилиши керак, назаримда.
Ўқувчиларни ҳам эртароқ ўзи қизиққан соҳага йўналтириб боришимиз керак. Бунинг учун бошланғич таълимдан кейин мақсадли йўналтирилган таълимга ўтиш лозим. Аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида ўқитишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди. Айтайлик, ижтимоий-гуманитар йўналишда ўқиётган ўқувчига аниқ фанларнинг минимумини бериш зарур.
— Фарзандларимиздан “Катта бўлсам, муаллим бўламан” деган гапни эшитмай қўйдик...
— Кўпчилик ёшлар банк-молия, ҳуқуқшунослик ва ҳарбий соҳага ўзини уряпти. Сабаб — бу касб вакилларининг жамиятдаги нуфузи юқори, ижтимоий ҳимояси кафолатланган.
“Ёшларимизнинг билим олишга қизиқишлари ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт! — деб ёзди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги расмий веб саҳифасида. — Лекин ҳозир жойларда ўқитувчининг ўртача ша¬роити билан молиячининг ўртача шароитини солиштириб бўлармикан?”.
Таълимнинг юксак тараққиётига эришган японлар унинг сабабини шундай изоҳлашади: “Биз, энг аввало, ўқитувчиларга дипломат хавфсизлигини, бош вазир маошини, император ҳурматини бердик!”. Тизимда бошланган хайрли ислоҳотлар жамиятнинг юзи бўлмиш муаллим мартабасини юксалтириш, таълим-тарбиядаги муаммоларни ҳал этиш, шу орқали тараққиётимизнинг асосий таянчини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.