Мактаблар қурилишида ҳокимликлар рейтинги ҳамда жамоатчилик назорати бўйича тизим яратилди
Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг асосий тамойилларидан бири шаффофлик эканини инобатга олиб, мактаблар қурилиш жараёнига шаффофликни татбиқ этиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.
Мактаблар қурилиш жараёни, яъни пудратчини аниқлаш, уни молиялаштириш ҳамда қурилиш ишларининг сифатли якунланишини таъминлаш тўлиқ маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилади. Халқ таълими вазирлиги тизимдаги умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишидан манфаатдор ва шу сабабли, мазкур йўналишда доимий мониторинг ўтказади.
Жорий йил Инвестиция дастурига кўра, маҳаллий ҳокимликлар томонидан 356 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, улар томонидан “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастури доирасида 371 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан Инвестиция дастури ва “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”) Давлат дастури доирасида умумий ўрта таълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини онлайн мониторинг қилиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлигини ва сифатини таъминлашга қаратилган ахборот тизими амалиётга жорий этилди. Ушбу тизимга stat.uzedu.uz сайти орқали кириш мумкин.
Биринчидан, ушбу тизим маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига у ёки бу вилоят ва туманда амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш имконини бериб, ўзига хос онлайн рейтингни кўрсатиб туради. Шунингдек, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни туманлар ва мактаблар кесимида ўрганиш имкониятини юзага келтиради. Вилоят ва туманлар қурилиш-таъмирлаш ишларининг бажарилиш салмоғи бўйича жойлаштирилган бўлиб, яхшилар энг юқори қатордан ўрин олади.
Иккинчидан, эндиликда ҳар бир шахс амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириши мумкин. Айниқса, мактаб фойдаланишга топширилиши арафасида, яъни ишлар тўлиқ 100 фоиз бажарилган вақтда жамоатчилик назорати жуда муҳим. Авваллари мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ тугалланмаган бўлса-да, мактаб директорларига таълим муассасасини қабул қилиш учун мажбуран имзо қўйдириш ҳолатлари кузатилган.
Мазкур тизим кузатув кенгашлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа фаол жамоатчилик вакилларининг мактаблардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини ўрганишида қулай восита бўлиб хизмат қилади. Камчиликлар аниқланган ҳолатларда тизим орқали мактабнинг суратларини изоҳлар билан қолдириш имконияти мавжуд. Натижада маҳаллий ҳокимликлар(буюртмачилар)да пудратчига тақдим этиш учун мавжуд камчиликларнинг ҳаққоний суратлари ва барча камчиликлар бартараф этилмагунга қадар объектларни қабул қилмасликка асос бўлади. Пудратчи йўл қўйган хатолари учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Мазкур тизим мактабларимиздаги аҳволнинг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади, деган умиддамиз.
Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати