Ягона мактаб формаси: бир хил либос нима учун зарур?
2018-2019 ўқув йили ўзига хос янгиликлар билан кутиб олинмоқда. Яқинда Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бир қатор имтиёзлар қатори педагогларнинг ойлик маоши оширилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унга асосан, “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасининг шакллари ҳамда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.
Мактаб формаси шунчаки ўқувчилар либоси эмас, у миллатнинг ўзига хос характери ва анъаналарини намоён этади. Шу боис, давлатларнинг мактаб формалари турличадир.
— Мамлакатимизда ягона мактаб формасини жорий этишдан мақсад ўқувчилар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик ва тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишдан иборат, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Акбар Тоғаев. — Бир хил форма ўқувчиларнинг кўча-кўйда, жамоат жойларида бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди. Энг муҳими, синфда психологик жиҳатдан мўътадил, соғлом муҳит қарор топади. Кейинги йилларда ўқувчиларнинг дарс вақтида бошқа жойларда юриши, безорилик қилиши кўп кузатилмоқда. Мактаб формаси жорий этилиши шу каби ҳолатларнинг ҳам камайишига ёрдам беради. Мактаб либоси икки кўринишда — 1—6 ва 7—11-синфлар учун алоҳида ишлаб чиқилган. Кийимидан боланинг бошланғич ёки юқори синф¬да ўқишини ажратиб олиш мумкин. Бу эса жамоатчилик назоратининг ошишига туртки бўлиб, “Сен бу пайтда мактабда бўлишинг керак эди-ку, нима қилиб юрибсан?”, “Нега дарсга кирмадинг?” каби саволлар орқали боланинг дарс вақти бошқа юмушлар билан банд бўлишининг олди олиниши мумкин.
Ягона мактаб формасини жорий этиш борасидаги изланишлар ўтган йили бошланган эди. Халқ таълими вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан соҳа мутахассислари ва республикамизнинг етакчи дизайнерлари иштирокида бир йил давомида мактаб формасининг юздан ортиқ моделлари яратилди, ота-оналар, умумтаълим мактаблари раҳбарлари ҳамда педагоглар иштирокида бир неча бор муҳокамадан ўтказилди. Ўқувчилар мактаб формасини ишлаб чиқишда танланган мато турининг таркибида табиий толаларнинг етарлилиги, сифатининг давлат стандартлари талабига жавоб бериши, чидамлилиги, рангининг бола психологиясига мос келиши, матонинг гигиеник хусусиятлари инобатга олинди.
Ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилган муҳокамалардан сўнг мактаб формаларининг 10 та модели танлаб олиниб, республикамизнинг шаҳар ва қишлоқ ҳудудларидаги мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. Унда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари мактаб формасининг ювилган, дазмол қилинган, кийилгандан кейинги ҳар бир ўзгаришни қайд этиб борди. Якуний босқичда ота-оналар томонидан энг кўп ижобий овоз олган мактаб формаларининг сифати такомиллаштирилди ва ҳукумат қарорига киритилди.