Ягона мактаб формаси: талаб ва тақиқлар
“Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 7-бандига кўра, ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юриши лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.
Ўзбекистон аҳолиси турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишига йўл қўйилмайди.
Мактабга ўқувчиларнинг танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, ўғил болаларнинг соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда ҳамда қизларнинг сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишига йўл қўйилмайди. Мактаб формаси жамланмасидан оёқ кийими ўрин олмаган. Низомда мактаб ўқувчилари тўқ ранглардаги, пошнаси 3 сантиметрдан баланд бўлмаган оёқ кийимларни кийишлари белгилаб қўйилган.
Ота-оналарнинг таклиф-истаклари ўрганилганда мактаб формасига қишнинг совуқ кунлари кийиш учун шим киритилиши юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Уларнинг фикри инобатга олинган ҳолда, ўқувчи қизларнинг қиш кунларида ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаган, форма рангига мос шим кийишига рухсат берилди.
Ягона мактаб формасининг шакллари хусусий ёки ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаблари ва мактаб-интернатлари учун татбиқ этилмайди.
Ўқувчилар томонидан мактаб формасини кийишда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:
— кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;
— қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5—15 сантиметр пастда бўлиши;
— ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;
— оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;
— кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;
— кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.
Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактаб формасининг нимчаси ёки костюмини, кўйлакнинг енги узун ёки калта шаклини ихтиёрий равишда таъминлайди.