Барча бир мақсад йўлида бирлашди
Президентимиз томонидан халқ таълими тизимини тубдан яхшилаш бўйича бошланган ташаббус бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги ўғил-қизларнинг ўқишга мотивациясини ошириш, таълим-тарбия тизимига жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида тизимга қатор янги ғояларни татбиқ этмоқда.
Хусусан, вазирлик маъмурияти барча вазирлик ва идора раҳбарларига 5 сентябрь куни янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўзлари ўқиган мактабда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишларини сўраб мурожаат қилган эди. Кўпчилик вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда ҳокимлар томонидан бу таклиф ижобий қабул қилиниб, 5 сентябрь кунги тадбирлар мактабларда кўтаринки руҳда ўтди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов пойтахтимиздаги 22-мактабда ўтказилган тадбирда қатнашиб, ўғил-қизларнинг пухта билим олиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишида фидойи устозлар меҳнати беқиёс эканлигини таъкидлади. Замонавий таълим-тарбия тизимида ахборот-коммуникация воситаларини қўллаш ёшлар учун катта имконият яратиши, бу борадаги халқаро тажрибалар тўғрисида тўхталди.
— Юртимизда янги ўқув йили дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида учрамайдиган эзгу анъана билан бошланади, — деди шу куни 22-мактабдаги тадбирда иштирок этган Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Қаҳрамон Орипов. — Мактаб остонасига илк қадам қўйган ҳар бир ўғил-қизга Президентимизнинг махсус совғаси топширилади. Бундай эътибор ва ғамхўрлик беғубор болажонлар қувончига қувонч ва бир олам шодлик улашади, билим олишга иштиёқи ва меҳру муҳаббатини оширади.
Янги мактабда илк сабоқ
Янги ўқув йили арафасида Олмазор туманидаги 133-мактаб Инвестиция дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилгани ўқувчи ва ўқитувчилар учун чинакам совға бўлди. Замонавий жиҳозланган ўқув хоналарига кириб келган болаларнинг кўзлари чақнаб, пухта билим олишга рағбати янада кучайди.
— Ўқувчилар ва ўқитувчилар мактабни соғинишгани яққол сезилди, — дейди байрам тадбирига меҳмон бўлиб келган шоира ва журналист Умида Абдуазимова. — Айниқса, эндигина 1-синфга қадам қўйган болажонлардан ижодимга доир шеърларни эшитиш ҳамда мактабнинг фахрий ўқитувчиси Абдумалик Азимов бошлаб берган “Maqom challange” ўқувчи ва ўқитувчилар жўрлигида моҳирона ижро этилгани завқли бўлди. Ўйлайманки, шундай гўзал ва шинам мактабдан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшувчи етук мутахассислар етишиб чиқади.
“Олтин медал оламан!”
1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби Зоминдаги кўҳна билим масканларидан бири. Мактабда 1050 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Ўтган йили 630 ўринли барча қулайликларга эга янги мактаб биноси қурилган эди. 2018-2019 ўқув йили ҳам педагогик жамоа учун қувонч¬ли бўлди. Бошланғич синфлар ўқийдиган 320 ўринли бино қайтадан таъмирланиб, ўзгача чирой очди. 110 нафар 1-синф ўқувчилари илк бор янги жиҳозланган синфларга қадам қўйди. Уларга дарслик ва ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” топширилди.
Янги ўқув йили мустақиллик дарси ва мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини хотирлаш билан бошланди. Тадбирда туман ҳокими Алишер Абдуғаниев иштирок этди.
— Биз бу йил 11-синфга қадам қўйдик, — дейди Шоҳжаҳон Шукруллаев. — Мактаб битирувчиларига аъло баҳолари, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллар берилишидан хурсандмиз. Энди бу медалларга муносиб бўлиш учун янада чуқур билим олишга интиламан. Мактабимизда бунинг учун шароит ва имконият етарли.
Ҳоким мактабда
Уйчи туманидаги 18-мактабда янги ўқув йилининг илк кунига бағишлаб ўтказилган кечада ота-оналар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрий устозлар, мактабнинг собиқ битирувчилари, турли соҳа мутахассислари иштирок этди. Ўзига хос тарзда ташкил этилган билимлар кунида мактабнинг собиқ ўқувчиси — Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров ёшларга ўқувчилик йиллари, илм-фан сирларини ўргатган устозлари, аъло ўқиш ва фаол ўқувчи бўлиш учун нималар қилиш зарурлиги тўғрисида сўзлаб берди. У ҳаёти ва меҳнат фаолияти мобайнида эришган барча ютуқлари замирида яхши ўқишга интилгани, устозларининг кўмаги ётишини эътироф этиб, улар кўрсатган йўлдан боргани учун жамиятда муносиб ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир меҳмонлари бу йил 1-синфга қабул қилинган жажжи ўқувчиларга “Президент совғалари”ни топширди.
ХТБ мудири мустақиллик дарсини ўтди
Қашқадарё вилоятидаги 1113 та умумтаълим мактабида 607141 ўқувчи янги ўқув йилини бошлади. Уларнинг 64541 нафари мактабга илк қадам қўйган 1-синф ўқувчиларидир.
Шаҳрисабз туманидаги 16-мактабда ўтказилган хотира ва мустақиллик дарсларида туман халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Рўзиев иштирок этди.
— Бу мактабни 1989 йилда тамомлаганман, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири. — Бугунги тадбирда иштирок этиб, хотира ва мустақиллик дарсларини ўтдим. Маърузам давомида кўҳна ва навқирон Шаҳрисабзда бошланажак “Мақом” халқаро фестивали ва унинг аҳамияти ҳақида ҳам болаларга сўзлаб бердим.
Халқ артисти билан учрашув
Нукус шаҳридаги 1-ИДУМда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, халқимиз севган санъаткор Райҳон Сапарова ва ишнинг кўзини биладиган ёш тадбиркор, Нукус шаҳридаги “Строй вектор” МЧЖ таъсисчиси, “Panamilk” савдо белгиси остида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ислам Панаев меҳмон бўлди.
— 1966 йили шу мактабни битиргандим, — дейди Райҳон Сапарова. — Шундан бери эллик икки йил ўтибди. Гўзал хотиралар бир-бир кўз ўнгимдан ўтмоқда. Опам Қорақалпоғистон Республикаси “Олтин мерос” жамғармаси раиси, бастакор Абадан Сапарова ҳам шу мактабда таҳсил олди. Шунингдек, бу даргоҳдан кўплаб юртимизга таниқли инсонлар етишиб чиққан. Ҳозир қизим Раъно Ҳалимова шу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.
Учрашувда меҳмонлар болалик йиллари, устозлари ҳақида гапириб беришди. Шу қатори санъат ва тадбиркорлик бўйича ўқитувчи ва ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар бериб, ёшларнинг ўқишларига катта муваффақиятлар тилади.
Эркин Воҳидов номидаги мактаб иш бошлади
Ўқув йилининг илк кунида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт ҳамда хорижий тиллар чуқур ўргатиладиган мактаб-интернатда бўлди.
Ижодкорлар боғида қад ростлаган мазкур мактаб-интернатда 5-, 6-, 7-, 8-, 9-синфга 150 ўқувчи қабул қилинди. Ижодий имтиҳон ва саралаш тестларидан муваффақиятли ўтган, ижодкор, иқтидорли ўқувчилар томонидан тайёрланган байрам дастурида иштирок этган Ш.Ғаниев ўқувчиларга пухта таълим олишни, юксак марраларни кўзлашни айтиб ўтди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекис¬тон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Энахон Сиддиқова, Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев иштирок этди.
Янада юқори марраларни кўзлаганмиз
Мактаб остонасини ҳатлаган бола борки, бари беғубор, покиза, ёруғ орзулар қучоғида бўлади. Гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларида катталарга тақлид қила бошлайди. Ақлли фикрлари, тўғри қарорлари билан ота-онаси, устозларини севинтиради. Шундай болажонлардан 200 нафари Бектемир туманидаги 293-мактабга қадам қўйди.
Янги ўқув йилининг илк кунида уларга “Президент совғалари” топширилди. Бектемир туман халқ таълими бўлими мудири Робия Мамбетова, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фахрий муаллимлар, ота-оналар ва собиқ битирувчилар уларни биринчи қўнғироқ садолари остида синфларига кузатдилар.
Айниқса, биринчи қўнғироқ тадбирига келган Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актрисаси Зилола Аҳматбекованинг ўқувчилик йилларидаги хотиралари, қўнғироқдан кейинги илк дарс соатидаги мулоқотлари ўқувчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди.
— Президентимизнинг “Обод маҳалла” Давлат дастури тўғрисидаги фармони асосида 1 миллиард 350 миллион сўм ажратилиб, мактабимиз қайта таъмирланмоқда. Эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб сифатида янги ўқув йилида фан олимпиадалари, билимлар беллашувидаги кўрсаткичларимизни олдинги йиллардагидан ҳам юқорироқ натижаларга олиб чиқишни ният қилганмиз, — дейди мактаб директори Лола Исмоилова.
Мухбирларимиз