Дарсликлар сифатли ва мазмунли чоп этиладими?
Республика таълим марказида умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликларни нашрга тайёрлаш мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Умаров, вазирликнинг тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, таълим маркази ходимлари, умумий ўрта таълим мактаблари учун мўлжалланган ўқув дастурлари ҳамда дарсликлар муаллифлари, нашриёт мутасаддилари, эксперт ўқитувчилар иштирок этди.
— Тадбирда Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди, — дейди РТМ директори ўринбосари Меҳринисо Пардаева. — Шунингдек, муаллиф ва экспертлар томонидан дарсликларни сифатли нашрга тайёрлаш ҳамда умумий ўрта таълимнинг 1-, 3-, 8-, 9-синфлари учун 2019-2020 йилларга мўлжалланган ўқув дастурлари муҳокама этилди. 10—11-синфлар учун яратилган ўзбек, рус, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз тилларидаги дарсликлар ДТС талабларига қай даражада жавоб бериши мутахассислар томонидан изоҳланди.
Тадбир доирасида жорий йилнинг май-июнь ойларида РТМда 300 нафардан ортиқ тажрибали мутахассис ўқитувчилар томонидан мазмуни ва иллюстрациялари қайта экспертизадан ўтказилган дарсликларни такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, дарсликларни “Техник тафсилотлар” жадвали ва санитария талаблари асосида нашрга тайёрлаш, таржима макетидаги дизайн, орфографик, пунктуацион, грамматик, стилистик хатоларни тузатиш юзасидан тавсиялар берилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА