Мактаб формаси – ўқувчининг юзи
Кийимларни тоза сақлаш ва асраб-авайлашнинг ҳам ўзига яраша қоидаси бор. Шу қоидага амал қилинса, либос инсонга кўп йиллар хизмат қилади. Янги ўқув йили арафасида мактаб ўқувчилари учун ягона мактаб формаси яратилгани кўпчилик ота-оналар кутган воқеалардан бири бўлди. Энди ўқитувчи, ўқувчи, ота-оналар ҳам мактаб формасини озода тутиш ҳақида бош қотириши табиий. Аввало, бу борада омма орасида мактаб формасидан ораста фойдаланиш маданиятини шакллантириш жуда муҳим.
— Ҳар қандай либос эгасининг эгнида тоза, дазмолланган ҳолда турса, ярашади. Шу маънода ўқувчилардан мактаб формасини авайлаш, озода сақлаш талаб этилади, — дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 112-мактабнинг бошлан¬ғич таълим ўқитувчиси Муҳаббат Умарова. — Ўқувчилар ўртасида мактаб формасидан ораста фойдаланиш маданиятини шакл¬лантириш ўқитувчининг вазифаси. Аксарият болалар мактаб формасини ўқув қуроллари, сумкаси ёки дарсликларини эҳтиётлагандек авайламайди. Дарс давомида ўқувчиларга, мажлисларда эса ота-оналарга бу ҳақда уқтириб боришга ҳаракат қиламан. Бир гал икки ўқувчимнинг урушаётгани устидан чиқиб қолдим. Жанжал сабабларини билсам, болалардан бири иккинчисининг шими йиртилиб қолганидан кулган экан. Шунда болаларни тартибга чақириб, жанжал қилиш ўрнига бир-бирининг хатоларини тўғрилаш кераклигини айтдим. “Яхшилик ва ёмонлик” мавзусида сўзлаб берган ҳикоям болаларда яхши таассурот қолдирди. Кийиниш ҳақида гапирганимда доим шу воқеани эслайман. Ўқувчиларни эътиборли бўлишга, агар уст-бошида бирор камчилик сезса, секин уни ўзига айтишга ундайман. Ҳозир 3-синф раҳбариман. Улар орасида бетартиб кийинадиганлари кам. Болалар ақли киргани сари бир-бирига қараб, ораста кийинишга ҳаракат қила бошлаяпти.
Наманган шаҳридаги 51-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Раъно Холматованинг фикрича, бола мактабга келган куниданоқ унда кийиниш маданиятини шакллантириш керак.
— Бошланғич синфда бола нимани ўрганса, ҳаёти давомида шунга амал қилади. Мактаб формасига шунчаки кийим сифатида қараб бўлмайди. Унинг тоза ва озодалиги нафақат ўқувчи, балки, ўқитувчи ва оналарнинг ҳам юзи ҳисобланади. Шу боис, ўқувчиларга ҳар бир дарсни бошлашдан олдин озодалик, кийимни тоза, дазмолланган ҳолда кийиш ҳақида тушунча бераман. Ўқимишли инсонларни намуна қилиб кўрсатаман. Биринчи синфда бироз пала-партиш, тартибсиз ўқувчиларим ҳам кейинчалик ёнидаги дўстларига қараб ўзгаради. Бу борада синфда “Ҳафта юлдузи” танловини ташкил этганман. Унда турли номинациялар жорий қилганман. “Энг ораста ўқувчи” номинациясида қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам тақдирланади. Бу кичик танлов уларни фаолликка ундайди. ўолибларнинг ота-онасига раҳматнома юбораман. Мамлакатимизда ягона мактаб формаси жорий этилгани барчани хурсанд қилди. Ўқишнинг даст¬лабки куниёқ ота-оналарга янги форманинг афзалликлари, ундан фойдаланиш йўриқномаси ҳақида тушунчалар берилди.
— Ҳозир икки фарзандим бошланғич синфда ўқийди, — дейди тошкентлик Малика Тошева. — 3-синфда ўқийдиган ўғлим мактаб кийимларига жуда эътиборли. Ҳар гал кийимларини дазмоллаётсам “Ойи, шимимнинг чизиғи билиниб турсин, чўнтагимга иккита тоза рўмолча солиб қўйинг”, дейди. Фарзандимнинг саранжом-саришталигидан қувонаман. Албатта, бунда ўқитувчисининг роли жуда катта. Кичик фарзандим ҳам акасига қараб кийинишга интилади. Мактабдан келгач, ки¬йимларини тахлаб қўйишга одатланган. Мактаб формасининг озодалиги, албатта, кўп жиҳатдан оналарга боғлиқ.
Нигинабону ШУКУРОВА