“Устоз овози” виртуал инспектори ўқитувчиларни ҳимоя қилмоқда
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида вазирлик томонидан “Устоз овози” — ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспектор, ustozovozi.uzedu.uz сайти ҳамда телеграм боти ишга туширилди. Янги лойиҳа педагогларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларга ечим топишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда тест режимида ишлаётган “Устоз овози” сайтига бугунга қадар 1048 та хабар жўнатилган бўлиб, улардан 986 таси мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда. 62 таси эса ижобий ҳал этилган.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилган эди, — дейди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров. — Ушбу вазифани амалга ошириш ҳамда халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларга ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида вазирлик томонидан “Устоз овози” виртуал инспектори ишга туширилди. Лойиҳа оз фурсат ичида ўзининг самарали натижасини бера бошлади. Эътиборлиси, ўқитувчиларнинг “Устоз овози”га йўллаётган мурожаатлари кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу орқали тизимда фаолият юритаётган педагогларни қийнаётган муаммолар янада равшанлашяпти. Энг асосийси, педагогларга нисбатан бўлаётган турли ноҳақлик ва адолатсизликларга барҳам берилмоқда.
Август ойида ишга туширилган “Устоз овози” виртуал инспектори ва унинг телеграм ботига келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳар бири мутахассислар томонидан қатъий назоратга олинган. Эътиборлиси, телеграм ботга нафақат юртимиз фуқаролари, балки чет элда ишлаб, яшаётганлар ҳам мурожаат этмоқда. Мана шундай мурожаатлар пойтахтимиздаги 31-мактабнинг битирувчилари — ҳозир Россия ва Жанубий Кореяда истиқомат қилувчи Гусейн Нажафов ва Оксана Кимга тегишли.
Гап шундаки 2018 йилнинг август ойида “Устоз овози” телеграм боти орқа¬ли жўнатилган хабарда тажрибали, ўз ишининг моҳир устаси ва маҳоратли педагог, 31-мактаб директори Нурия Семмари эгаллаб турган лавозимидан ноҳақ бўшатилгани айтилиб, Халқ таълими вазирлигидан бу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиш сўралган. Вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари мурожаатни ўрганиб чиққанидан сўнг мактаб раҳбари лавозимидан ноҳақ бўшатилгани аниқланди. Педагогик фаолияти давомида самарали ишлагани ва юқори натижаларга эришгани инобатга олинган ҳолда, Миробод туманидаги 31-мактаб директори лавозимига қайта тикланди.
— 2017-2018 ўқув йилининг май ойида 4-синф ўқувчилари танаффусда ўзаро тортишиб қолишган, — дейди 31-мактаб директори Нурия Семмари. — ¡ғил-қизлар ўртасидаги арзимаган жанжал оз фурсатда оила аъзоларига етиб борган. Болалар ҳеч қандай жиддий тан жароҳати олмаган бўлса-да, мазкур ҳолат юзасидан ота-оналар Халқ таълими вазирлигига шикоят билан мурожаат этган. Бу шикоят хати тўлиқ ўрганилмай, вазият аниқ баҳоланмай, мактаб раҳбарига, яъни менга мактабдан бўшаш ёки
бошқа мактабга директорлик вазифасига ўтиш чораси қўлланди. Ўзим учун қадрдон бўлган маскандан кетиш ҳар қанча оғир бўлса-да, бошқа мактабда раҳбарлик қилишга розилик бермадим. Боиси, педагогга бундай адолатсизлик қилинган бир пайтда бошқа таълим муассасасида фаолиятимни давом эттириш мен учун жудаям оғир эди. Оз муддат Миробод туман халқ таълими бўлимида ишладим. Шу орада мактабимизда таҳсил олаётган ўқувчиларимнинг ота-оналари “Директоримизни ишга қайтаринг”, дея юқори ташкилотларга мурожаат этганидан хабар топдим.
Август ойида менга халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари “Устоз овози” телеграм ботига мурожаат келиб тушганини маълум қилишди. Май ойидаги низоли ҳолат қайта ўрганилиб, лавозимимга тикландим.
Ҳақиқат қарор топиб, кўп йиллик педагогик фаолиятим, жонажон мактабимга сингган меҳнатларим инобатга олинганидан қувончим чексиз. “Устоз овози” телеграм боти чет элдаги ўқувчиларимнинг ҳам дилидаги гапларини “тинглаши”дан таълим тизимидаги муаммо, ноҳақлик, адолатсизликка барҳам берувчи энг яхши лойиҳа эканлигини севимли масканимга қайтганимда чуқур ҳис этдим.
Нурия опанинг ишдан ноҳақ олиниши ота-оналарда ҳам норозилик уйғотган эди. Шундай оналардан бири Ольга Ким.
— Ўқувчилик чоғимда меҳрибон ва оқкўнгил синф раҳбарим Нурия Семмарига ҳавас билан улғайдим, — дейди 31-мактабнинг собиқ ўқувчиси Ольга Ким. — Йиллар ўтиб фарзандимни ҳам ўзим ўқиган таълим масканига, қадрдон устозим қўлига топширдим. Мазкур билим даргоҳида 2000 дан зиёд ўқувчи таълим олса-да, педагоглар ҳар бир ўғил-қизга алоҳида эътибор берарди. Шунга қарамай, болалар орасида бўлиб ўтган арзимаган тортишув сабаб ўтган ўқув йили охирида мактаб директори ишдан олинди. Август ойи сўнгида ўтказилган мажлисда бу ҳақда эшитиб, таажжубландик ва ота-оналар билан маслаҳатлашган ҳолда, Халқ таълими вазирлигига мурожаат этишга қарор қилдик. Бу пайтда вазирликда ҳам катта ўзгаришлар бўлиб, янги лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабар топдим. Халқ таълими вазирлиги сайтини топиб, “Устоз овози” лойиҳаси ва ботига хат ёздик. Лойиҳа янги ишга туширилган бўлса-да, биз, ота-оналарнинг мурожаати оз муддатда кўриб чиқилди. Жамоатчилик фикри, назорати орқали фидойи, ўз касбининг моҳир устаси, тажрибали ва маҳоратли педагог ўз лавозимига қайтарилганидан хурсандмиз.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири